Халқ фаровонлиги йўлида

12 Декабрь, 09:54 • Депутатлик гуруҳи, Тошкент вилояти, Янгиликлар • 225 марта кўрилди • Комментариев к записи Халқ фаровонлиги йўлида нет

Бугунги кунда жамиятимизнинг барча бўғинларида олиб борилаётган янгидан-янги ислоҳотларнинг барчаси халқ манафаатлари учунлиги барчамизга маълум. Президентимиз Шавкат Мирзиёев  “Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак”, дея қатъий таъкидлаганида юртдошларимизнинг кўнгли бирдек руҳланиб, жамиятда рўй бераётган ўсгаришларга ҳаётга бошқача қарай бошлади.

Айни кунларда “Адолат” СДП Ангрен шаҳар Кенгашида мавжуд депутатлик гуруҳи аъзолари ҳам ўз олдига улкан мақсадларни қўйган ҳолда, жойларда аҳоли билан самимий мулоқотлар ўтказишмоқда. Оддий халқ ҳаётини ўрганишга, одамлар ичига кириб, дардини тинглаб, уларнинг ечимини топишга ҳаракат қилишмоқда. Бу эса, жорий йилнинг 12 июль куни давлатимиз раҳбарининг парламент вакиллари, сиёсий партиялар, Ўзбекистон Экологик ҳаракати билан бўлган видеоселектор йиғилишида депутатларнинг олдига қўйилган вазифаларнинг яна бир амалий ижроси сифатида намоён бўлмоқда.

Партиянинг Халқ депутатлари Ангрен шаҳар депутатлик гуруҳи ҳам ўз фаолиятларини  мазкур учрашувдан сўнг, янги режалар асосида шижоат билан бажаришга киришдилар. Хусусан, депутатлик гуруҳи раҳбари Зарифа Эралиева шаҳардаги мавжуд ижтимоий объектларни ўрганиш мобайнида   Руҳий касалликлар шифохонасининг бугунги кундаги аянчли аҳволи алоҳида эътиборини тортди. Мазкур шифохонани кўчириш лозимлиги юзасидан Республика Соғлиқни сақлаш вазирлигига юборилган депутатлик сўрови тез фурсатларда ўзининг ижобий ечимига эга бўлди. Тегишли вазирлик томонидан ишчи гуруҳи тузилиб, белгиланган муддатда мазкур шифохонанинг бугунги кундаги холати ўрганилди. Ишчи гуруҳнинг хулосасига кўра, шифохона биносини тўлиқ таъмирдан чиқариш учун давлат томонидан 3млрд. сўм маблағ ажратилиши режалаштирилди.

Депутат Шокир Уришов ҳам бир қатор самарали ишларни амалга оширди. Маҳаллаларда аҳоли билан юзма-юз мулоқотлар чоғида “Озодлик” МФЙ Флешмахер кўчасининг йўлларини таъмирлаш тўғрисидаги эътирозлар тингланди. Мазкур кўчанинг холатини яхшилаш юзасидан Ангрен шаҳар ҳокимлигига депутатлик сўрови юборилди. Депутатнинг мурожаати ҳокимият томонидан қувватланиб, тез фурсат ичида белгиланган манзилда ички йўлнинг 1,5 км қисми таъмирдан чиқарилди. Ўз ўрнида маҳалла аҳли ҳам бундан мамнунлигини билдиришди. “Чотқол” маҳалласининг Мустақиллик кўчасида сув қувурларининг ёрилиши натижасида тўпланаётган кўлмаклар фуқароларнинг ҳамда транспорт воситаларининг ҳаракатланишида қийинчиликни юзага келтираётган эди. Депутат Ш.Уришовнинг чиқарилган депутатлик сўрови асосида шаҳар “Сувоақава” бўлими томонидан янги сув қувурлари ўрнатилиб, муаммо бартараф этилди.

Шунингдек, депутатларнинг депутутлик сўровлари натижасида шаҳар Ободонлаштириш бўлими томонидан мазкур маҳалланинг кўп қаватли уйлар орасида юзага келган ташландиқ муҳит чиқиндилардан тозаланиб, обод масканга айлантирилди. Алоҳида жой ажратилиб, чиқинди қутилари ўрнатилди. “Обод” маҳалласида эса аҳолига янада қулайлик яратиш мақсадида шаҳар Ободонлаштириш бўлими ҳамда “ШСМУ ўзбеккўмир” қурилиш корхонасига юборган депутатлик сўровлари ҳам эътибордан четда қолмади. Ушбу маҳалланинг Муқумий, А.Навоий кўчаларига 25 та ёритгичлар, электр ҳисоблагич ўрнатилди. Шу билан бирга, мазкур кўчаларнинг 500 метр қисмига асфальт қопламаси ётқизилди.

Халқ депутатлари Ангрен шаҳар Кенгаши депутати Анвар Нурматов ҳам сайловчилар ичига кенгроқ кириб бориб, уларнинг ишончини оқлашга ҳаракат қилмоқда. “Оппартак” МФЙ ёшларидан бири депутатнинг шаҳар Бандликка кўмаклашиш марказига юборилган депутатлик сўрови орқали ишга жойлаштирилди. – Бир неча йил аввал Ангрен Кимё саноат касб-ҳунар коллежини тамомлаган эдим, — деди фуқаро Султон Ҳамзалиев. — Бугунгача бандлигимни таъминланиши борасидаги муаммога ечим топа олмаётгандим. Депутат А.Нурматовнинг кўмаги билан шаҳар “Ўзбеккўмир” АЖ бўлимига ишга қабул қилиндим. Ҳозирда мана шу бўлимида фаолият олиб бораётганимдан хурсандман.

Кўриб турганимиздек, Халқ депутатлари Ангрен шаҳар Кенгаши депутатлик гуруҳи аъзолари одамларга яқин бўлиб, уларнинг дарди ташвиши билан яшашга, оғирини енгил қилиш орқали халқнинг ишончига эришишга сазовор бўлишмоқда. Бугунги тезкор давр депутатларни сайловчилар билан шунчаки мулоқот ўтказмасдан, аксинча учрашувдан кейин фуқароларнинг муаммолари устида ишлаш, аниқ натижаларга эришиш талабини қўймоқда.

Зулайҳо ЧЎЛПОНОВА,

Ўзбекистон “Адолат” СДП Тошкент

вилояти Кенгаши матбуот котиби.

 

 

Халқ фаровонлиги йўлида was last modified: Декабрь 12th, 2017 by matbuot

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »