Хоразмда янги истеъдодлар кашф қилинмоқда

20 Декабрь, 18:53 • Ёш адолатчилар, Хоразм вилояти, Янгиликлар • 333 марта кўрилди • Комментариев к записи Хоразмда янги истеъдодлар кашф қилинмоқда нет

Маълумки, Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси томонидан мамлакатимиз бўйлаб иқтидорли ёшларни излаб топиш ва уларни қўллаб-қувватлаш ҳамда қобилияти ҳамда янги ижод қирраларини кашф этишга қаратилган ишлар амалга оширилмоқда.

Хусусан, партиянинг Хоразм вилоят Кенгаши қошида ташкил этилган “Адолат жилғалари” ижодкорлар клуби ҳам ўнлаб истеъдодли ёшларни кашф этмоқда.

Хоразм вилояти Ёшлар иттифоқининг Ёшлар маркази биносида мазкур клубнинг навбатдаги машғулоти ташкил этилди. Тадбирда Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси аъзоси, драматург, шоир Қурбон Муҳаммадризо, шоир Худайберган Шомуротов, шоира Мариям Бегимова ҳамда клуб аъзолари, ёш қаламкашларнинг ота-оналари ҳамда партия фаоллари иштирок этишди.

Машғулот давомида меҳмонлар томонидан шеърият тўғрисида маълумот, қофия, шеърий шаклланиш ва бошқа шеърий атамалар тўғрисида тушунча берилди.

Шунингдек, клубнинг фаол аъзоларидан Муҳаммадали Алланазаровнинг шеърлар, эртаклар, ҳикоялардан иборат “Сени соғиндим” номли, Аллаберган Раҳимовнинг “Илк парвоз” номли янги чоп этилган шеърий тўпламлари тўғрисида фикр ва мулоҳазалар билдирилди.

Дилмурод Машарипов, клуб аъзоси:

– Уч йил бўлди клуб машғулотларига мунтазам қатнашиб келмоқдаман. Бизга сабоқ бераётган устозларимизнинг самимий ва янги марралар сари етакловчи маслаҳатлари ҳаётим, ижодим ва фаолиятимда жуда аҳамиятли бўлди. Клубдан олган сабоқларим орқали хивалик тенгдошларим орасида “шоир” деган номга мушарраф бўлдим. Янгидан-янги шеърларим ихлосмандлар қалбидан муносиб ўрин олаётганидан мамнунман. Болаликдаги орзуларимни амалга ошишига сабаб бўлган партиядошларимга раҳмат.

Фарохат Худайберганова, тадбир иштирокчиси:

– Бугун қувончларим чексиз. Қизим Шохистахон бир неча йилдан буён шеъриятга қизиқади. Шеърлар машқ қилади. Ундаги қобилиятни кўриб, қаерга олиб боришни, кимдан маслаҳат сўрашни билмас эдим. “Адолат жилғалари” клуби ёш иқтидорларни ўқитаётганини эшитиб, бугун машғулотга олиб келдим ва мени қийнаётган ташвишлардан халос бўлдим. Машғулотда қатнашиб бир нарсага амин бўлдим. Шундай фидойи инсонлар бор экан, фарзандларимиз, албатта, юртимиз келажаги учун ёниб яшайдиган инсонлар бўлиб етишади. Биз оналарнинг умидлари рўёбга чиқади. Ташкилотчилардан миннатдорман. Хайрли ишларига омад тилайман!

Машғулот сўнгида клубнинг ҳар бир аъзоси ўз қаламига мансуб бўлган янги шеърларидан намуналар ўқишди.

Замира АБДУЛЛАЕВА,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Хоразм вилоят Кенгаши матбуот котиби

Хоразмда янги истеъдодлар кашф қилинмоқда was last modified: Декабрь 20th, 2017 by matbuot

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »