Хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш – давр талаби

12 Декабрь, 18:56 • Аёллар қаноти, Тадбир, Янгиликлар • 220 марта кўрилди • Комментариев к записи Хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш – давр талаби нет

Бугун Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши томонидан Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси билан ҳамкорликда “Хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш – давр талаби” мавзусида онлайн ўқув-семинари ташкил этилди.

Халқ таълими вазирлиги қошидаги Мультимедиа умумтаълим дастурларини ривожлантириш марказида бўлиб ўтган семинарда Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши аъзолари, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси ва Республика “Оила” илмий-амалий маркази ходимлари, партиянинг “Аёллар қаноти” фаоллари ҳамда бошқа ҳамкор ташкилотлар вакиллари иштирок этди. Ҳудудларда ташкил этилган студиялар орқали жойлардаги иштирокчилар семинарда онлайн режимида мулоқотга киришдилар.

Семинарда сўзга чиққанлар истиқлол йилларида хотин-қизларнинг жамият ҳаётидаги мавқеини янада юксалтириш, уларнинг ижтимоий-сиёсий ислоҳотлардаги иштирокини фаоллаштириш, оила, оналик ва болалик манфаатларини ҳимоялашга устувор аҳамият қаратилаётганини таъкидлади.

Жамиятнинг ижтимоий тузуми қандай бўлишидан қатъий назар, ўша жамият аҳолиси турмушининг фаровонлик даражаси, оилалар барқарорлиги, келажак авлод, фарзандлар тарбияси, иқтидори, жамиятдаги интеллектуал салоҳияти, маънавият ва маърифат, қўйингки, барча жабҳаларда эришилган ютуқлар шу жамият тараққиётига хотин-қизларнинг қўшадиган ҳиссаси ва жамиятнинг аёлларга бўлган муносабати билан белгиланади.

Шу боисдан ҳам юртимиз аёлларининг жамиятдаги нуфузи ва мавқеини ошириш, уларнинг давлат бошқарувидаги, муҳим ҳукумат қарорларини қабул қилишдаги ҳамда жамият тараққиётидаги фаол иштирокини таъминлаш, хотин-қизларнинг интеллектуал салоҳиятини ошириш, уларнинг ўз иқтидорини турли жабҳаларда намоён этишлари учун кенг имкониятлар яратиб бериш, ҳаттоки, уй бекаси вазифасинигина адо этиб юрган ҳокисор аёлларнинг бирортаси ҳам беэътибор қолмаслиги учун жамиятимизда тегишли шарт-шароит яратиш давлат сиёсати даражасига айланган.

Айниқса, давлат ва жамиятни бошқаришда хотин-қизларнинг иштирокини кенгайтириш мақсадида миллий сайлов қонунчилигимизда сиёсий партиялар томонидан ҳокимият вакиллик органларига сайловларда депутатликка номзодларни кўрсатишда хотин-қизлар учун 30 фоизлик квота белгиланиши бошқа сиёсий партиялар сингари Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси учун ҳам кенг имкониятларни тақдим этяпти.

Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси ҳам хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратиб келмоқда. Аёллар, ёшлар ва электорат манфаатларини ифода этишга қаратилган лойиҳалар партиянинг жамоатчилик орасидаги обрў-эътибори ва нуфузини оширишга хизмат қилаётир. Мисол учун, “Аёллар қаноти” кенгаши ташаббуси билан анъанавий равишда ўтказиб келинаётган “Йилнинг энг фаол адолатчи аёли” республика кўрик-танлови хотин-қизларнинг мамлакатимиз ҳаётининг барча жабҳаларини модернизация қилиш ва янгилашга йўналтирилган кенг кўламли ислоҳотлардаги иштирокини кучайтиришга хизмат қилмоқда. Бугунги кунда партия аъзоларнинг 50 фоизга яқинини хотин-қизлар ташкил этмоқда.

Семинар давомида Президент Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлис палаталари, сиёсий партиялар ҳамда Ўзбекистон Экологик ҳаракати вакиллари билан видеоселектор йиғилишидаги маърузасида қайд этилган хотин-қизлар ўртасида олиб борилаётган ишлар самарадорлигини ошириш, жумладан, энг оғир масала бўлган ўз жонига қасд қилиш, жиноятчилик ва оилавий ажримларнинг олдини олишда Олий Мажлис палаталарининг ролини ошириш борасидаги танқидий фикрлардан тегишли хулоса чиқариш зарурлиги, бу борада давлат ва жамоат ташкилотларининг ҳамкорлигини кучайтириш лозимлиги таъкидланди.

Бу борада Олий Мажлис Қонунчилик палатасида тузилган Оила ва аёллар масалалари бўйича комиссия фаолиятини кучайтириш юзасидан ўзаро фикр алмашилди.

Ўқув-семинарида мутахассис ва экспертларнинг “Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ва уларга кенг имконият яратилиши борасида Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитасининг тутган ўрни”, “Фаол ва ташаббускор аёлларнинг жамият ва оиладаги ўрни”, “Никоҳ шартномаси – оила мустаҳкамлигининг гарови”, “Глобаллашув жараёнида хотин-қизларнинг сиёсий фаоллигини янада ошириш борасида халқаро тажриба” мавзуларидаги маърузалари тингланди.

Шу билан бирга, тадбир доирасида Ўзбекистон “Адолат” СДП ва Ўзбекистон хотин-қизлар қўмитаси ўртасида ўзаро ҳамкорлик Меморандуми имзоланди ҳамда ҳамкорликда амалга ошириладиган ишлар белгиланди.

Жумладан, жамият ҳаётининг барча жабҳаларида ижтимоий адолат ғояларини қарор топтириш, эркак ва аёлларнинг тенг ҳуқуқлигини, уларнинг меҳнати учун бир хил ҳақ тўланишини қўллаб-қувватлаш, хотин-қизларнинг таълим олиши, касбий тайёргарлик ва мослашувини таъминлайдиган дастурларни илгари суриш, оилани режалаштириш масаласида амалий кўмак кўрсатиш, мамлакатимизнинг ижтимоий ва сиёсий ҳаётида хотин-қизларнинг тўлиқ ва тенг иштирокини таъминлаш, хотин-қизларнинг давлат органлари барча бўғинларида қарор қабул қилиш жараёнидаги иштирокини янада кенгайтириш, хотин-қизларнинг ташаббус ва изланишларини рағбатлантириш ўзаро ҳамкорликнинг энг муҳим йўналишлари сифатида қайд этилди.

Шунингдек, семинар доирасида “Инновацион фаолият тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни лойиҳаси ҳам муҳокама этилиб, уни такомиллаштириш юзасидан олима аёлларнинг таклифлари тингланди.

Ўқув-семинар якунида муҳокама этилган масалалар юзасидан тегишли таклиф-тавсиялар ишлиб чиқилди.

Ўзбекистон “Адолат” СДП Матбуот хизмати

Хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш – давр талаби was last modified: Декабрь 12th, 2017 by matbuot

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »