Илм-фан, таълим-тарбия ва соғлиқни сақлашда ижтимоий адолат учун курашамиз

14 Декабрь, 12:24 • Сайлов — 2017, Тошкент шаҳри, Янгиликлар • 283 марта кўрилди • Комментариев к записи Илм-фан, таълим-тарбия ва соғлиқни сақлашда ижтимоий адолат учун курашамиз нет

Жорий йилнинг 24 декабрь куни бўлиб ўтадиган Тошкент шаҳар халқ депутатлари туман кенгашлари сайлови кампанияси тобора қизғин паллага кириб бормоқда.

Ушбу муҳим сиёсий тадбирда муносиб иштирок этиш ҳамда вакиллик органларида кўпчилик ўринни эгаллаш мақсадида Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси Тошкент шаҳар халқ депутатлари туман Кенгашлари депутатлигига сайловда муносиб иштирок этиш сайлов кампаниясида фаол қатнашаяпти.

Маълумки, пойтахтимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётида муҳим аҳамият касб этадиган ушбу сайловда аҳоли томонидан ҳар жиҳатдан етук, фидойи, жонкуяр номзодларга ишонч билдирилади. Бу боис партиядан кўрсатилган номзодлар маҳаллаларда, меҳнат жамоаларида ҳамда таълим муассасаларида ўтказилаётган бевосита учрашувларда сайловчиларга ўз дастурлари, илгари сураётган таклиф, ташаббуслари тўғрисида батафсил ахборот бериб, улар билан яқиндан мулоқотга киришмоқдалар. Жумладан, Тошкент шаҳрининг ижтимоий-иқтисодий ривожланиши, пойтахт аҳолиси фаровонлигини оширишга қаратилган муҳим масалаларни ўзида акс эттирган дастурлари тарғиботини олиб бормоқдалар.

Учрашувлар давомида партия номзодлари дастурида илгари сурилган ижтимоий йўналишдаги таклифлари сайловчилар эътиборини тортмоқда.

Мохира ХАЛИКОВА, Тошкент шаҳар педагог кадрларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш институти доценти, 1-Буюк Турон сайлов округидан кўрсатилган номзод:

— Биз партиямизнинг устувор ғояларига таянган ҳолда кучли ижтимоий сиёсат тамойилини ёқлаймиз. Яъни, пойтахтимизнинг ҳар бир фуқароси таълим олиш, тиббий хизматдан фойдаланиш, муносиб иш топиш ва меҳнатига яраша ҳақ олишида ижтимоий тенглик ва адолат тарафдоримиз.

Жумладан, бизнинг фикримизча мамлакатнинг ҳар бир фуқароси ўз фарзандининг таълим-тарбияси учун маъсул. Шунинг баробарида, биз мактабгача таълим муассасалари тармоғининг кенгайтирилиши, уларга болаларнинг янада кенг қамраб олиниши, мутахассис ва тарбиячиларнинг салоҳиятини оширишга қаратилган чораларни қўллаб-қувватлаймиз.

Биз депутатлик ва жамоатчилик назоратини ўрнатган ҳолда замонавий мактабгача таълим муассасаларини қуриш, мавжудларини қайта таъмирлаш ҳамда уларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлашга эътибор қаратамиз.

Мактабларда таълим сифатини янада яхшилаш, айниқса, чет тилларини ва информатика, математика, физика, кимё, биология каби фанларни ўқитишни чуқурлаштириш ҳамда таълим соҳаси вакилларининг меҳнатига ҳақ тўлаш масалалари бизнинг доимий эътиборимиз марказида бўлади.

Шунингдек, замонавий таълим дастурларини ишлаб чиқиш, ўқитувчиларни ортиқча ҳисоботлардан озод қилиш, педагогларнинг ижтимоий ҳимоясига масъул сифатида касаба уюшмаси фаолияти сифатини ошириш, мактабларга кўпроқ мустақиллик бериш тарафдоримиз.

Бундан ташқари, биз таълим муассасалари ва иш берувчилар ўртасида алоқаларни кучайтириш мақсадида йирик иш берувчилар, лицей, коллеж ва олий ўқув юртларини бирлаштирувчи тармоқли кластерларни тузишни таклиф этамиз.

Келажакда биз шаҳарнинг рақобатбардошлигини таъминлашнинг асосий омили сифатида, унинг илмий салоҳиятини кучайтиришни, ижтомоий-иқтисодий тараққиётда илм-фаннинг аҳамиятини кучайтириш, инновацион иқтисодга ўтиш, илм-фан ва ишлаб чиқаришнинг ўзаро интеграциясини кучайтириш, олимларни ҳар томонлама қўллаб-қуватлаш зарур, деб ҳисоблаймиз.

Шу билан бирга, иқтисодиёт йўналишлари ва тармоқларини Олий таълим соҳасида кадрлар тайёрлаш жараёнига кенг жалб қилиш, уларнинг самарали ҳамкорлигини таъминлаш, ёш олимларга, изланувчилар ва докторантларга зарур шароитлар яратиб бериш, шунингдек, рационализатор ва кашфиётчиларни моддий рағбатлантириш таклифини илгари сурамиз.

Дилбар СИДДИҚОВА, Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаштириш муҳандислари институти бўлим бошлиғи, 8-Дунё сайлов округидан кўрсатилган номзод:

Тошкент шаҳри йилдан йилга ривожланиб, транспорт воситалари сони ортиб бораётганини инобатга оладиган бўлсак, пойтахтимиз экологиясининг софлигини сақлаш ва атроф-муҳит муҳофазасини таъминлаш биз учун долзарб ҳисобланади. Шу сабабли биз дастуримизда бу масалага алоҳида эътибор қаратганмиз.

Биз экология соҳасидаги масалаларни ҳал этиш учун атроф-муҳитни кўкаламзорлаштириш, зарарли атмосфера таъсирини камайтириш учун сувли объектларни кўпайтириш, шаҳар аҳолисининг экологик маданиятини юксалтиришни мақсад қилганмиз. Бунда атроф-муҳит ва аҳоли саломатлигига лоқайд бўлган хўжалик субъектларининг масъулиятини ошириш муҳим аҳамият касб этади. Бунинг таъсирчан механизми сифатида эса биз “Ифлослантирувчи тўлаши ва кўп тўлаши лозим” тамойилини илгари суриб, атроф-муҳитни зарарлантиришга қарши курашиш, оқава сувлар ва уларнинг атрофини тоза сақлаш, сув ҳавзалари атрофига маиший чиқиндилар ташланишини чеклаш, бундай салбий ҳатти-ҳаракатларни содир этган шахслар ёки хўжалик субъектларининг жавобгарлигини ошириш тарафдоримиз. Биз “экология иши”га жазо муқаррар экани, керак бўлса, ушбу масала судгача олиб чиқилиши лозим, деб ҳисоблаймиз.

Шунингдек, биз замонавий фан ва технологиялар ютуқларидан самарали фойдаланиб, чиқиндиларни қайта ишлашни қўллаб-қувватлаймиз.

Биз экологик-маърифий дастурларни амалга оширишда аҳолининг барча қатлами — мактабгача таълим муассасалари тарбияланувчиларидан тортиб — кекса ёшдаги фуқароларгача, имконияти чекланган кишилар, серфарзанд оилалар ҳамда аҳолининг бошқа қатламлари қамраб олиниши тарафдоримиз. Бунда экологик экскурсиялар, экологик-маънавий тадбирлар, ижтимоий акциялар, ижодий танловлар, фестиваллар, экологик тадқиқотлар ҳамда экологик оромгоҳларга саёҳатлар ташкил этилишини қўллаб-қувватлаймиз.

Азамат МУХТАРОВ, Тошкент давлат иқтисодиёт университети ижтимоий фанлар кафедраси мудири, 8-Эски чилонзор сайлов округидан кўрсатилган номзод:

— Бизнинг устувор мақсадимиз — “яшил иқтисодиёт”га эришиш. Биз учун “яшил иқтисодиёт” бу — табиий ресурслардан самарали фойдаланиш, фойдали маҳсулотларни ишлаб чиқаришга жалб қилиш орқали жамият фаровонлигини таъминлашга қаратилган иқтисодиётдир. “Яшил иқтисодиёт” — халқ фаровонлигига хизмат қилувчи, экологик ресурслар етишмовчилигини бартараф этадиган ва атроф-муҳит учун хавф-хатарни камайтирадиган иқтисодиётдир.

Биз Тошкент шаҳри миқёсида чекланган табиий ресурслардан самарали фойдаланиш, энергия тежаш ва энергия самарадорлигига эришиш, электр энергияси ишлаб чиқариш, чиқиндилардан самарали фойдаланиш, атмосфера ифлосланишини камайтириш, экотизимларни сақлаш ва бошқаришни назарда тутувчи, иқтисодиётни “яшил рельслар”га ўтказувчи узоқ муддатли стратегия ишлаб чиқиш ҳамда амалга ошириш тарафдоримиз.

Энергияни тежовчи технологиялар, қайта тикланадиган энергия манбалари — “яшил иқтисодиёт”нинг муҳим калитидир. Ресурстежамкор иқтисодиётга ўтиш, қайта тикланадиган энергия манбаларидан фаол фойдаланиш, энергия тежаш имконини беради. У углеводородлар ўрнини босади ва уларни полимерлар, синтетик ёғилғи ишлаб чиқариш, айниқса, юқори ликвидли маҳсулотлар ишлаб чиқаришга йўналтиради. Бизнинг мақсадимиз — энергия самарадор технологияларни тезроқ жорий этиш орқали келажак авлод дуч келиши мумкин бўлган экологик хавф-хатарлар ва ресурслар тақчиллигининг олдини олиш ҳамда ривожланишнинг белгиланган даражаларига эришишни таъминлашдир.

Умуман, биз иқтисодиётни ривожлантиришнинг яшил йўлидан боришни ёқлаймиз. Бу борада биз, Япония, Корея, Сингапур каби ривожланган давлатларнинг шаҳарсозлик тажрибаларини пойтахтимизда қўллашни таклиф этамиз.

Мирлазиз САИДОВ, “Тошкент рангли металл парчалари ва резги-чиқитларини тайёрлаш ва қайта ишлаш заводи” акциядорлик жамияти бўлими бошлиғи вазифасини бажарувчи, 29-Чортоқ сайлов округидан кўрсатилган номзод:

— Барчамизга маълумки, ҳар қандай ижтимоий ислоҳотларни амалга оширишда иқтисодий барқарорлик муҳим аҳамият касб этади. Бизнинг фикримизча, янги технологиялар ва билимларга асосланган иқтисодиёт шаҳримизнинг рақобатбардошлигини оширишга ёрдам беради. Биз изчил ва босқичма-босқич “ахборот иқтисодиёти”га ўтиш учун шаҳримиз иқтисодиёти кўпроқ илм-фанга асосланишини истаймиз.

Мақсадимиз — Тошкентнинг интеллектуал етакчилигини таъминлаш, юксак ахборот технологияларини жорий этиш, фундаментал фан ва иқтисодиётнинг илғор тармоқлари билан чамбарчас боғлиқ бўлган таълим тизимини ривожлантириш орқали юксак даражада ривожланган шаҳарлар қаторига кириш. Бунинг учун эса иқтисодиёт тармоқларида хусусий сектор иштирокидаги тезкор инновацион лойиҳаларни амалга ошириш, кичик инновацион корхоналар ташкил этишни рағбатлантириш ва улар асосида тажриба ва экспериментал маҳсулотларни ишлаб чиқаришни ривожлантириш, инновацион технологиялар, юқори технологияли ишлаб чиқариш соҳаларида фаолият кўрсатаётган хўжалик субъектларига узоқ муддатли, имтиёзли кредитлар беришни таклиф этамиз. Бунда банк кредитлари ва давлат субсидияларини янги технологияларни ишлаб чиқариш ҳамда жорий этишга йўналтирилади.

Баргамбай САМАНДАРОВ, “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти марказий клиник шифохонаси бош шифокори ўринбосари, 28-Янги Қўйлиқ сайлов округидан кўрсатилган номзод:

— Биз учун аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш масаласи ҳамиша устувор аҳамият касб этади.

Ўз навбатида биз соғлиқни сақлаш тизимининг муҳим тармоғи сифатида аҳолини ижтимоий аҳамиятга эга бўлган юқори сифатли, хавфсиз дори-дармон билан таъминлаш бўйича кенг қамровли чора-тадбирларни давом эттириш, соғлиқни сақлаш ва таълим муассасаларини зарур тиббиёт анжомлари билан таъминлаш, фармацевтика маҳсулотларининг қалбакилаштирилиши, ноқонуний айланиши ва сифатсиз дорилар сотилишининг олдини олиш масаласига алоҳида эътибор қаратамиз.

Бунинг учун биз соҳада соғлом рақобат муҳитини яратиш орқали дори-дармонларнинг нархини тушириш, шунингдек, мавжуд эҳтиёждан келиб чиқиб аҳолини дори воситалари билан узлуксиз таъминлаш мақсадида давлат ижтимоий дорихона муассасалари тармоғи кенгайишни қўллаб-қувватлаш лозим, деб биламиз. Бу борада, дорихоналарда сотилаётган нафақат ижтимоий аҳамиятга эга дори воситалари балки, аҳолининг кундалик талаби юқори бўлган бошқа дори воситаларининг турли нархларда сотилиши устидан жамоатчилик назоратини ўрнатишни таклиф этамиз.

Мухтасар айтганда, партиядан кўрсатилган номзодлар томонидан ўтказилаётган учрашувлар сайлов тамойилларига хос равишда барча учун очиқ ошкора тарзда ўтказилмоқда.

Албатта, ҳар қандай сайловда аҳолининг манфаатларига ҳамда ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга доир аниқ мақсад ва ташаббусларни илгари суриш депутатликка номзоднинг муваффақиятини таъминловчи энг муҳим омилларидан бири саналади.

Шу нуқтаи назардан, Ўзбекистон “Адолат” СДПдан кўрсатилган ҳар бир номзод ўз сайловолди дастурида пойтахт аҳолиси турмушига доир долзарб масалалар, жумладан, шаҳар инфратузилмасини замонавийлаштириш, коммунал соҳани ислоҳ қилиш, иқтисодий-ижтимоий ва бошқа масалаларга оид давлат дастурларининг ижроси юзасидан депутатлик ва жамоатчилик назоратини ташкил этиш, сайловчиларга ҳуқуқий маслаҳатлар бериш ва депутатлик ёрдамини кўрсатиш, сайловчилар билан юзма-юз мулоқотлар олиб бориш, уларнинг хоҳиш-истакларини туман Кенгашлари муҳокамаларига олиб чиқиш, туман аҳолисининг иқтисодий ва ижтимоий аҳволини яхшилаш бўйича таклифлар киритиш, сайловчиларни ташвишга соладиган ҳар қандай муаммони жойида ўрганиш ва маҳаллий давлат органлари ва масъул мансабдор шахслар билан ҳамкорликда ечимини топишнинг барча зарурий чораларини кўриш ҳамда миллатлараро дўстлик ва бағрикенгликни, ҳамжиҳатлик, инсонийлик, эзгулик ва меҳр-мурувватни кенг тарғиб қилиш каби мақсадларни илгари сурмоқда.

Ушбу масалаларни юзасидан ўзининг аниқ позицияси ва қарашларига эга бўлган Тошкент шаҳар халқ депутатлари туман Кенгашларига Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партиясидан кўрсатилган номзодлар сизнинг ишончингизга муносибдир.

КУЧ – АДОЛАТДА!

Азиз ҳамшаҳарлар — ҳурматли сайловчилар!

24 декабрь куни бўлиб ўтадиган сайловда ўз сиёсий ҳуқуқларингиздан тўлақонли фойдаланган ҳолда Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партиясидан кўрсатилган номзодларга овоз беринг!

Ўзбекистон “Адолат” СДП Тошкент шаҳар Кенгаши

Илм-фан, таълим-тарбия ва соғлиқни сақлашда ижтимоий адолат учун курашамиз was last modified: Декабрь 14th, 2017 by matbuot

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »