Инсон манфаатларига йўғрилган мурожаатнома

23 Декабрь, 11:06 • Депутат минбари, Муносабат, Янгиликлар • 156 марта кўрилди • Комментариев к записи Инсон манфаатларига йўғрилган мурожаатнома нет

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 93-моддаси 7-бандида Президент Олий Мажлисга мурожаатнома билан чиқиш ҳуқуқига эга эканлиги белгиланган. Шу муносабат билан Ўзбекистон Республикаси Президенти 22 декабрь куни Олий Мажлисга мурожаат қилди.

Муҳтарам Юртбошимизнинг Олий Мажлисга мурожаатномасида аввало мамлакатимизда олиб борилаётган қатъий ислоҳотлардан кўзланган мақсад – «Инсон манфаатлари ҳамма нарсадан устун» деган оддий ва аниқ-равшан тамойилни амалга ошириш устувор аҳамиятга эга бўлган демократик давлат ва адолатли жамият барпо этишдан иборатлиги айтиб ўтилди.

Шунингдек, 2017 йил мамлакатимизда Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йилида амалга оширилган ишлар, эришилган ютуқлар, мамлакат ички салоҳияти ва имкониятидан етарлича фойдаланилмаётгани, мавжуд камчилликлар, уларни бартараф этишда сусткашликка йўл қўйлаётгани чуқур танқидий таҳлиллар асосида айтилди.

Муаммоларни ечиш учун халқ билан кўпроқ мулоқот қилиш, уларнинг фикрини тинглаш, шу асосда тегишли қарор қабул қилиш тўғри йўл эканлиги таъкидланди.

Маърузада Президентимиз 2018 йилда олдимизда турган энг устувор йўналишлар тўғрисида гапириб, аввало халқ ишончини қозониш, қабул қилинаётган қонунларимиз, чиқарилаётган қарорларимизни халқ фикрини, таклифларини ҳисобга олиб қабул қилишимиз кераклиги айтилди.

2018 йилда ҳам аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш давом эттирилиши, фарзандларимиз тарбиясига катта эътибор қаратилиши, 2-6 ёшли болаларимизни биринчи босқичда албатта боғчада тарбиялаб, мактабга тайёр қилишимиз, бу борада давлат шерикчилиги асосида хусусий боғчаларни ташкил қилиш ва улар томонидан истеъмол қилинган электр энергияси ҳамда табиий газ тўловларининг 50 фоизини бюджетдан қопланиши айтилди.

Шунингдек, маърузада ёшларимизни ўйлантираётган яна бир муҳим муаммо ишсизлик, ишга жойлашиш эканлиги таъкидланиб, 2018 йилда ҳам янги иш ўринлари яратишга катта эътибор қаратилиши ва тадбиркорлик соҳаси, улар томонидан ишлаб чиқаришни ташкил қилиш орқали янги иш ўринлари яратиш ташаббуслари ҳар томонлама қўллаб-қувватланиши таъкидланди.

Шундан келиб чиқиб Президентимиз томонидан 2018 йилни мамлакатимизда “Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили” деб эълон қилинди.

Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йилида олдимизда турган вазифаларни амалга ошириш юзасидан давлат дастури ишлаб чиқилади ва дастурдаги вазифаларни амалга ошириш мақсадида 2018 йилда ҳам солиқ юкини енгиллаштириш, солиқ солишни соддалаштириш, алоҳида фаолият турлари учун рухсат берувчи тартиб таомилларни босқичма-босқич ягона дарча марказларида амалга оширишга ўтиш орқали тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш ишлари давом эттирилади.

Маърузада олдимизда турган бу муҳим вазифаларни амалга оширишда барча даражадаги депутатлар фаол бўлишлари, халқ билан мулоқотлар давомида билдирилган фикрлар, таклифларни қонунчиликни такомиллаштиришда, албатта, эътиборга олиш кераклиги айтилди.

Шу сабабли маърузада “Қонунчиликнинг бирдан-бир манбаи халқ фикридир” дея таъкидланди.

Хулоса шуки, биз – депутатлар қабул қилинажак “Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш” йили Давлат дастурида белгиланадиган вазифаларни амалга оширишда халқ фикрини доимо тинглаб, эътиборга олиб, бор билимимиз, куч-ғайратимизни ишга солишимиз зарур.

Абдуғани УМИРОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги

Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси аъзоси

Инсон манфаатларига йўғрилган мурожаатнома was last modified: Декабрь 23rd, 2017 by matbuot

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »