Ислоҳотлар элимиз манфаатларига хизмат қилади

10 Декабрь, 10:51 • Муносабат, Муҳим хабарлар, Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг 25 йиллигига, Янгиликлар • 314 марта кўрилди • Комментариев к записи Ислоҳотлар элимиз манфаатларига хизмат қилади нет

Шу кунларда халқимиз мамлакатимиз мустақиллигининг ҳуқуқий рамзи, халқимиз хоҳиш-иродаси, орзу-умидларининг олий ифодаси, ҳаётимизнинг Асосий қонуни бўлмиш Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинган куннинг 25 йиллигини кенг нишонламоқда. Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг ушбу қутлуғ санага бағишлаб ўтказилган тантанали маросимда сўзлаган нутқида ўтган йиллар ичида Бош қомусимиз янги демократик ҳуқуқий давлатчилик ҳамда эркин фуқаролик жамияти қарор топишининг мустаҳкам кафолати, мамлакат ижтимоий-сиёсий, маданий-маърифий ҳаётини янгилаш, ижтимоий адолатни қарор топтириш ва қонун устиворлигини таъминлашда муҳим ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилаётгани, шу билан бирга, 2017-2021 йилларда мамлакатимизни ривожлантириш бўйича қабул қилинган Ҳаракатлар стратегиясида кўзда тутилган вазифалар ўз ифодасини топди.

Халқимиз ўтган йиллар давомида, айниқса, кейинги бир йил ичида қандай ютуқларга эришган бўлса, одамларнинг дунёқараши, тафаккури ва турмуш тарзида қандай ўзгаришлар юз берган бўлса, буларнинг барчаси, шунингдек, Ўзбекистоннинг дунё ҳамжамиятидаги бугунги мустаҳкам ўрни, обрў-эътибори, дунё давлатчилиги тараққиётига қўшаётган ҳиссаси, шубҳасиз, Конституция ва унга нисбатан ҳурмат-эҳтиром, халқимизнинг ўз келажагига бўлган қатъий ишончи натижасидир. Конституция асосида мамлакатимизда миллий қонунчилик тизими, давлат органлари, фуқаролик жамияти институтлари шаклланди. Бугунги кунда барча жабҳаларда янги ислоҳотлар амалга оширилмоқда, Ўзбекистон дунё кўз ўнгида янгича мақомда — жаҳоннинг изчил ривожланаётган 20 та давлати сафига интилаётган ва бунинг учун барча асосларга эга бўлган истиқболли мамлакат сифатида намоён бўлмоқда. Лекин олдинда жуда катта вазифалар турибди. Маърузада айтилганидек, халқимиз ҳаёт даражаси ва сифатини янада яхшилаш, инсон ҳуқуқ ва манфаатларини амалда таъминлаш бўйича ҳали кўп иш қилиш зарур. Бунда энг муҳими — одамлар ислоҳотлар самарасини олис келажакда эмас, балки бугун ҳис этишлари, шахсий ҳаётлари, турмуш даражаларидан мамнун бўлиб яшашлари зарур. Бу борада аниқ режали, пухта ўйланган ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, Ҳаракатлар стратегиясида кўзда тутилган вазифалар ижросини таъминлаш юзасидан шу йилнинг ўзида 20 дан ортиқ қонун ва 700 дан зиёд қонуности ҳужжатлари қабул қилингани, “Инсон манфаатлари ҳамма нарсадан улуғ” деган инсонпарвар ғоя асосида уюшқоқлик ва изчиллик билан ҳаракат қилинаётгани, давлат ҳокимияти тизимида давлатчилик тарихимизда тамомила янги институт – Ўзбекистон Республикаси Президентининг Виртуал қабулхонаси, жойларда эса Халқ қабулхоналари ташкил этилгани ва бу тузилма қисқа вақт ичида барча даражадаги давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг фуқаролар билан ҳамкорлик қилиш, уларни тинглаш, талаб ва эҳтиёжлари-ю, қайси бир муаммо юзасидан шикоятлари борлигини аниқлашнинг самарали тизимига айлангани, ҳокимиятнинг халқ сайлаган вакиллик органлари – парламент, халқ депутатлари маҳаллий кенгашларининг мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётидаги роли ва аҳамияти ижобий томонга ўзгаргани, сиёсий партияларнинг ваколатлари босқичма-босқич кенгайтирилгани ва парламент ҳамда жамоатчилик назорати институтлари мустаҳкамлангани, шубҳасиз, жамиятимизнинг бугунги замонавий қиёфасини кўрсатиб турибди. Шаҳар ва туманларда халқ депутатлари кенгашлари таъсис этилгани, жорий йил 24 декабрь куни Тошкент шаҳрида ҳам халқ депутатлари туман кенгашларига сайлов ўтказилаётгани Конституциямизда белгилаб қўйилган «халқ давлат ҳокимиятининг бирдан-бир манбаидир» деган ғоянинг амалдаги ифодасидир.

Ижтимоий адолат принциплари қарор топган, қонунларнинг барчага баробарлиги таъминланган, фуқароларнинг ҳақ-ҳуқуқлари қонун ҳимоясига олинган жамият, сўзсиз, ривожланади. Шу маънода ягона суд амалиётини таъминлаш учун Ўзбекистон Республикаси Олий суди ва Олий хўжалик суди бирлаштирилгани, судьяларни танлаш ва лавозимларга тайинлашда ноқонуний аралашувларнинг олдини олиш, очиқ, ошкора ва муқобил танлов тизимини яратиш мақсадида Судьялар олий кенгаши таъсис этилгани, судья лавозимига муддатсиз тайинлаш амалиёти жорий қилингани, айни чоғда судьяларнинг фуқаролар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича мустақиллиги кафолатлари кучайтирилгани муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида амалга оширилаётган янги ислоҳотларнинг чинакам халқчиллиги ва ижтимоий адолат тамойилларига мослигини кўрсатади.

Маърузада таъкидлаб ўтилганидек, судларнинг халқ ва жамоатчилик олдидаги масъулиятини ошириш мақсадида янги тайинланаётган судьялар тегишли ҳудуд жамоатчилиги, маҳалла фаоллари муҳокамасидан ўтказилмоқда, уларни лавозимга тайинлашда жамоатчилик ва фуқароларнинг эътиборга молик фикр-мулоҳазалари инобатга олинмоқда. Суд ишларини сайёр тартибда жойларда, жамоатчилик, маҳалла вакиллари иштирокида, жами кўриб чиқилган ишларнинг салкам ярми очиқ, эл-юрт кўз ўнгида муҳокама қилингани айни муддаодир. Ишларни назорат тартибида кўриш муддати бир йил қилиб белгилангани, апелляция ва кассация инстанциялари босқичида иш юзасидан якуний қарор чиқариш кафолатлари мустаҳкамлангани, судлар томонидан жиноят ишларини қўшимча терговга қайтариш тартиби бекор қилингани иши судга бевосита ёки билвосита тушган фуқаролар учун катта қулайлик бўлди, деб айтиш мумкин. Қонунчилигимиздаги бу ўзгаришлар суд ва тергов органларининг ҳақиқатни тўла аниқлаш, ҳар бир ишни холис ва ҳаққоний кўриб чиқиш ва ҳар жиҳатдан асосли, адолатли қарор қабул қилиш борасидаги масъулиятини оширади. Бунда авваллари тажрибада бўлмаган амалиёт қўлланилади, яъни қабул қилинаётган ҳукмнинг қонуний ва адолатли бўлишини таъминлаш мақсадида жамоатчилик фикри ҳам инобатга олинади. Бу ҳолат ва маҳалла фуқаролари йиғинлари, Ёшлар иттифоқи туман ва шаҳар кенгашлари, хотин-қизлар қўмиталари кафиллиги асосида судланувчи ёшларга озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазо турлари тайинланиши содир этилган жиноят учун жазонинг муқаррарлигини урғулаш билан бирга, тўғри йўлдан адашган, хато қилганлар тўғри йўлга қайтишлари учун ғоят муҳим имкониятдир. Бунинг яна бир асоси шуки, бугун мамлакатимизда ёшларни тарбиялаш, улар орасида жиноятчиликнинг олдини олиш, қонун бузилишининг сабаб ва омилларини бартараф этиш, бу ишга кенг жамоатчиликни жалб этиш, улар билан ҳамкорликда, бамаслаҳат иш тутиш таълим-тарбия ишининг муҳим вазифаларидан бири деб белгиланган. Шу вазифадан келиб чиқиб, давлатимиз раҳбарининг “Суд-тергов фаолиятида фуқароларнинг ҳуқуқлари ва эркинликлари кафолатларини кучайтириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони қабул қилинди. Ушбу фармонга биноан бундан буён Ўзбекистонда қийноққа солиш, руҳий, жисмоний босим ўтказиш ва бошқа шафқатсиз зўравонлик ҳолатларига мутлақо йўл қўйилмайди. Жиноят ишлари доирасида ноқонуний усуллар билан олинган ҳар қандай маълумотлардан, жумладан, аудио ва видео материаллардан, ашёвий далиллардан фойдаланиш қатъиян тақиқланади. Далилларни сохталаштириш учун алоҳида жиноий жавобгарлик жорий қилинади. Суд-ҳуқуқ соҳасининг бундай ислоҳ қилиниши мамлакат Конституциясида мустаҳкамланган инсон ҳуқуқларини тўла таъминлаш вазифаси билан бевосита боғлиқ.

Бугун ўтган йилларда эришган салмоқли ютуқларимизни сарҳисоб қилар эканмиз, Конституциямизда инсонни улуғлаш, унинг манфаатларини, ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш, тинч-тотув ҳаёти, фаровон турмуш тарзи учун зарур бўлган барча шарт-шароитларни яратиб беришдек муҳим вазифалар ўз аксини топганига яна бир бор ишонч ҳосил қиламиз. Бу муҳим ҳужжат бунёд этилаётган эркин, очиқ жамиятимизда миллий ва умуминсоний қадриятлар, мамлакатимизда истиқомат қилаётган барча миллат вакилларининг тенг ҳуқуқини кафолатлайди. Бош қомусимиз “Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон Декларацияси”нинг барча қоидалари ва нормаларига тўла мос келади. Унда жамики дунёвий неъматлар орасида энг улуғи — инсон деган фикр илгари сурилади. Шу боисдан ҳам Конституция мамлакатда кенг қамровли иқтисодий, сиёсий ҳамда ҳуқуқий ислоҳотларни амалга оширишнинг, янги қонунчилик тизимини юзага келтиришнинг, жамият ҳаётида демократик тамойиллар барқарор бўлишини таъминлашнинг мустаҳкам пойдевори бўлиб келмоқда.

Абдукамол РАХМОНОВ,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Сиёсий Кенгаши раиси ўринбосари

Ислоҳотлар элимиз манфаатларига хизмат қилади was last modified: Декабрь 15th, 2017 by matbuot

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »