Ислом Каримов хотира мажмуаси

7 Декабрь, 11:35 • Андижон вилояти, Янгиликлар • 13 марта кўрилди • Комментариев к записи Ислом Каримов хотира мажмуаси нет

1996 йил. Бу сана Андижон тарихига зарҳал ҳарфлар билан битилган. Чунки ана шу йили ишга  тушган Асака автомобилъ заводи йиллар давомида Ўзбекистонда саноатнинг ривожланиши ва иқтисодиётимизнинг  юксалишга хизмат қилмоқда.

Конституциямиз қабул қилинганлигининг 25 йиллиги байрами арафасида мазкур корхонада унинг асосчиси — мамлакатимизнинг Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг ёрқин хотирасига бағишланган тадбир бўлиб ўтди.

Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг “Ўзбекистон Республикаси Биринчи Президенти Ислом Абдуғаниевич Каримовнинг хотирасини абадийлаштириш тўғрисида”ги қароридан келиб чиқиб ташкил этилган мазкур тадбирни вилоят ҳокими, Олий Мажлис Сенати аъзоси Шуҳратбек Абдураҳмонов очди. Йиғилганлар эътиборини  Тошкент, Самарқанд ва Қарши шаҳарларида Ислом Каримов сиймоси туширилган ҳайкал ўрнатилгани, Оқсарой қароргоҳида  мустақиллигимизнинг асосчиси номи билан илмий-маърифий ёдгорлик мажмуаси ва Самарқандда  музей ташкил этилганлигига қаратди. Буларнинг барчаси халқимизни истиқлол йўлбошчисига ҳурмат ва эҳтиромининг ифодаси эканлигини таъкидлади.

Бугун юқоридаги хотира объектлари қаторида Биринчи Президентимиз асос солган Асака автомобилъ заводига Ислом Каримов номи берилиб, ёдгорлик мажмуаси ташкил этилди. Бу андижонликларни истиқлол йилларида вилоятимизнинг гуллаб-яшнаши, амалга оширилган яратувчилик ишлари, энг муҳими тинчлигимиз ва осойишталигимизни сақлашга  у зотнинг оталарча бошчилик қилганига муносиб жавобининг амалий ифодасидир.

Дастлаб атиги 3 та моделъ билан ўз фаолиятини бошлаган мазкур  корхонада эндиликда 10 та моделдаги автомобиллар ишлаб чиқарилмоқда. 10 минг нафардан ортиқ автомобилсозлар  томонидан йилиги 200 мингта автомобилъ тайёрланаётгани эътиборли.  Қатор бутловчи буюмлар ишлаб чиқарувчи корхоналарнинг маҳсулотлари ҳам сифатлилиги билан харидорларга манзур бўлмоқда.

Тадбирда сўз олган “GM-Uzbekistan” акциядорлик компанияси директори Рустам Режапов, Ўзбекистон Қахрамони Ҳасанбой Қосимов ва Зулфий номидаги Давлат мукофоти соҳибаси Эркиной Рўзиматовалар ҳам Ислом Абдуғаниевичнинг тарих ва келажак олдидаги буюк хизматлари хақида гапирдилар.

Ёдгорлик мажмуаси очилгач, унинг пойи гулларга тўлди. Иштирокчиларнинг кўз олдида буюк давлат ва сиёсат арбобининг сиймоси гавдаланди. Кейинги йилларда эришган барча ютуқларимиз ва бугунги фаровон ҳаётимиз у зотнинг номи билан боғлиқлиги такрор-такрор тилга олинди.

— Корхонамизга Ислом Каримовнинг  номи берилганидан  жамоамиз, барча андижонликлар хурсанд, — дейди Ўзбекистон Қахрамони, ишлаб чиқариш технологияси бўлими бошлиғи Ҳасанбой Қосимов, — Бундан бошқача бўлиши мумкин ҳам эмас. Негаки Биринчи Президентимиз қурилиш ишларидан бошлаб ҳар бир янги моделдаги машиналарнинг яратилишида қатъият билан бошчилик қилган. Эндиги вазифа у киши бошлаган ишларни  изчил давом эттиришдан иборат.  Бу барчамиз учун юксак бурч ва масъулият демакдир.

Тадбир иштирокчилари заводда ташкил этилган Ислом Каримов музейи билан ҳам танишдилар. Ҳар бир кўргазма Ўзбекистон ва унинг Биринчи Президенти  хақидаги  маълумотларни ўзида акс эттиргани билан барчага манзур бўлди.

Акбаржон НАЗАРОВ,

Азаматжон ТОШМАТОВ (сурат)

Ислом Каримов хотира мажмуаси was last modified: Декабрь 7th, 2017 by matbuot

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »