Конституция – эришган ютуқларимиз ва ёрқин келажагимизнинг ҳуқуқий пойдевори

9 Декабрь, 19:22 • Депутат минбари, Муносабат, Янгиликлар • 51 марта кўрилди • Комментариев к записи Конституция – эришган ютуқларимиз ва ёрқин келажагимизнинг ҳуқуқий пойдевори нет

Куни кеча пойтахтимиздаги “Ўзбекистон” халқаро анжуманлар саройида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 25 йиллиги муносабати билан тантанали тадбир бўлиб ўтди. Ушбу тадбирда асосий қомусимиз асосчиларидан бири, мамлакатимиз раҳбари Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев маъруза қилиб ўтган даврда мамлакатимизда Конституциямизга таянган ҳолда босиб ўтилган улкан тараққиёт йўлимиз ҳамда келажакда мамлакатимизни янада ривожлантириш борасидаги фикрларни билдирди.

Президентимиз таъкидлаганларидек, йигирма беш йил – тарих учун бир лаҳза, холос. Шу қисқа даврда жонажон Ўзбекистонимиз мустақил ва суверен давлат сифатида шаклланиб, жаҳон ҳамжамиятидан муносиб ўрин эгаллади, том маънода улкан тараққиёт йўлини босиб ўтди.

Ана шу машаққатли ва шарафли йўлда эришган барча ютуқларимизни, энг аввало, Конституциямиз билан боғлашимиз, албатта, бежиз эмас. Нега деганда, Асосий қонунимиз халқимиз узоқ йиллар орзу қилган миллий мустақиллигимиз ва ривожланиш йўлимиз, инсон ҳуқуқ ва эркинликлари кафолатларини белгилаб берди.

Ўтаётган 2017 йил Ўзбекистон ва унинг халқи учун кўп жихатдан янгиланишларга бой йил бўлди. Президентимиз таклифи асосида 2017 йил Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили деб номланиши натижасида жорий йилда Парламентимиз аъзолари, суд, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат органлари, ҳамда тижорат банклари раҳбарлари мамлакатимизнинг кўплаб ҳудудларида сайёр қабуллар ўтказди. Улардан кўзланган асосий мақсад ҳалқимизни қийнаётган масалаларни жойларда ва ўз вақтида бартараф этиш, аҳолига муносиб шароит яратиб беришдир. Чунки одамларимиз ислоҳотлар самарасини келажакда эмас, балки бугун ўз ҳаётида ҳис этишлари зарур.

Юртбошимиз томонидан маърузада асосий эътибор бугунги кунда ҳалқимизнинг кундалик турмушини осонлаштириш, уларга қулай шарт-шароитлар яратиб бериш ҳамда мамлакатимизни янада тараққий эттиришга қаратилгани ўйлайманки сўнги даврда юртимизда инсон манфаатларини янада ҳимоя қилиш борасида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг мантиқий давоми бўлди.  Жумладан маърузада суд-ҳуқуқ тизимини, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг фаолиятини янада ислоҳ қилиш, соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантириш ва шу каби масалаларга батафсил тўхталиб ўтилди.

Эътиборга молик йўналишлардан бири бу албатта мамлакатимизда адолат тамойилини тўлиқ таъминлаш. Шу борада Юртбошимиз томонидан давлат органларига кадрларни танлашда эскидан сақланиб қолган, қўштирноқ ичидаги мавжуд бўлган бир “тизим”га алоҳида эътибор қаратилди. У ҳам бўлса, яқин қариндошлари судланган, деб фуқароларни ишга қабул қилмаслик ёки юқори лавозимларга тайинламаслик билан боғлиқ. Бундай номаъқул ёндашув туфайли кўплаб ёшларимиз, малакали мутахассисларимиз “беайб айбдор бўлиб”, яқин қариндошларининг қилмишлари учун жабр тортиб келдилар. Нима сабабдан бир жиноят учун бутун бир авлод жавоб бериши керак? Отасининг қилмиши учун нега фарзандлари ёки ака учун ука жавоб бериши керак? Юртбошимиз буни адолатдан эмас, шунинг учун демократик нормаларга ҳам, ҳаётнинг бугунги талабларига ҳам мутлақо тўғри келмайдиган бундай адолатсиз “тизим”дан биз энди бутунлай воз кечамиз деганлари, ўйлайманки бутун мамлакатимиз ахолиси, айниқса бундан асосан жабр кўраётган ёшларимизда катта ҳурсандчиликни туғдирди.

Биз катта ишонч билан эртанги кунимиз, келажагимиз эгалари бу ёшларимиз деяр эканмиз, албатта бунга муносиб шарт-шароитлар яратиб беришимиз лозим. Узоқ қариндоши ёҳуд ака-укасининг қилган ижтимоий хавфи катта бўлмаган жинояти учун нега тафаккури ва билими кучли бўлган, Ватанимизнинг келажаги учун жавобгарликни зиммасига олишга қодир бўлган, бугунги ва эртанги кунимизнинг ҳал этувчи кучига айланиб бораётган ёшларимизни биз четга суриб қўйишимиз лозим. Ахир биз улардан унумли фойдаланишимиз лозим, етарли шарт-шароитлар яратишимиз зарур. Шундай экан бундай катта муаммога мамлакатимиз раҳбари томонидан шахсан эътибор қаратилиши аминманки ёрқин келажагимизни янада яқинлаштириш, эртанги кунимизнинг муносиб эгаларига ўзининг имкониятларини намоён қилишига кенг имконият яратиб беради.

Ушбу ислоҳотларни амалга оширишда, Президентимиз томонидан билдирилган фикрларни амалиётга тўлиқ ва сўзсиз татбиқ этилишида биз Парламент аъзолари, сиёсий партия вакиллари ва кенг жамоатчилик ситқи дилдан ёндашишимиз ва кўмаклашишимиз давр талаби, деб биламан.

Умиджон Сулаймонов,

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги

Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси аъзоси

Конституция – эришган ютуқларимиз ва ёрқин келажагимизнинг ҳуқуқий пойдевори was last modified: Декабрь 9th, 2017 by matbuot

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »