Конституция – келажак пойдевори, ёшлар ишончи ва таянчидир

7 Декабрь, 11:07 • Муносабат, Навоий вилояти, Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг 25 йиллигига, Янгиликлар • 16 марта кўрилди • Комментариев к записи Конституция – келажак пойдевори, ёшлар ишончи ва таянчидир нет

Ёшлар сиёсий маданиятининг шаклланиши асосан жамиятда инсон ҳуқуқ ва манфаатларини англаш, идрок этиш ҳамда ундан фойдалана олиш даражаси билан белгиланади. Шу нуқтаи назардан ёшлар сиёсий маданиятини шакллантиришда Конституция муҳим ўрин тутади.

Конститутция ўз моҳиятига кўра барча қонунларга манба вазифасини ўтайдиган ва давлат бошқарувини амалга оширишни назарда тутувчи ҳуқуқий, сиёсий ҳужжатдир. У қанчалик ҳуқуқий бўлса, шунчалик сиёсий ҳамдир.

Конституцияда шахс, жамият ва давлат ўртасидаги муносабатларнинг асосий принциплари ўрнатилади, давлат ҳокимиятининг тузилиши, субъектлари, ҳокимиятни амалга ошириш механизми белгиланади, жамият, инсон ва фуқаронинг давлат томонидан қўриқланадиган ҳуқуқлари мустаҳкамланади. Албатта, Асосий қонунимизнинг бундай устуворлик жиҳатининг омилларидан бири унинг халқаро ҳуқуқий меъёрларга мувофиқлигида кўринса, иккинчи жиҳати эса унинг миллий менталитетимизга мослиги билан изоҳланади.

Бинобарин, Конституциямиз ўзида белгиланган нормаларга кўра ҳам фуқароларнинг, хусусан ёшларнинг сиёсий ва ҳуқуқий маданиятини шакллантиришни мақсад қилиб қўяди. Фикримизнинг асоси сифатида Конституциямизнинг муқаддимасига эътибор қаратсак, ҳозирги ва келажак авлодлар олдидаги юксак масъулиятини англаган ҳолда Асосий қонунимизнинг қабул қилинганлиги эътироф этилган. Ҳар қандай эзгу иш ёки қонунлар келажак авлод манфаатини ўйлаб амалга оширилиши мантиқий ҳол. Маълумки, бугунги кунда мамлакатимиз аҳолисининг 64 фоизини ёшлар ташкил этади.

Бу биринчидан, жамиятда сиёсий тизимнинг қонун асосида бошқарилишига сабаб бўлса, иккинчидан, барча фуқаролар ва ёшларимизнинг давлат бошқаруви соҳасидаги сиёсий фаоллигини бевосита таъминлайди ҳамда сиёсий ҳаёт ва давлат ишларидан воқифлик, мамлакат тақдирига дахлдорлик ҳисси ҳар бир фуқаронинг ватанпарварлик ҳамда фидойилик фазилатларини камол топтиради”. Ушбу фикрга қўшилган ҳолда, конституцияни пухта ўрганиш жамиятнинг асосий қатлами саналмиш ёшларнинг ҳам мазкур жараёнлардаги фаоллигини оширишга хизмат қилишини айтиб ўтиш ўринли.

Президентимиз таъбири билан айтганда: “Бугун янгича фикрлайдиган, ўз келажагини жамиятда демократик қадриятларни мустаҳкамлаш билан, мамлакатимизнинг келажагини жаҳон ҳамжамиятига интеграциялашуви билан боғлиқ ҳолда кўрадиган янги авлод вакиллари ҳаётга кириб келмоқда”. Дарҳақиқат, ёшлар ҳар қандай давлатнинг олиб бораётган сиёсатининг объектини ташкил этувчи муҳим ижтимоий қатлам саналади. Яъни, давлат ривожининг натижаси ундаги муносиб ворисларнинг етишиб чиқиши билан чамбарчас боғлиқ. Негаки, демократик давлат дастлаб таълим тараққиёти, ёшларнинг тегишли касб доирасида етарли малака ва тажрибаларга эга бўлиб етишишини ёқлайди. Шунингдек, ёшларнинг ижтимоий – сиёсий муносабатлардаги фаол иштирокидан манфаатдор бўлади.

Бунинг учун эса табиийки, давлат ёшларнинг сиёсий фаоллигини ошириш борасида қайғуради. Конституцияни чуқур билиш орқалигина Ватанга садоқат, жамиятга ҳурмат пайдо бўлиб, белгиланган бурчларни ихтиёрий бажаришга интилиш вужудга келади”. Маълум бўладики, конституция ҳеч қайси ҳужжатда учрамайдиган жамиятда мавжуд барча соҳалар бўйича ёшларни йўналтириш хусусиятига эга. Унда нафақат сиёсий ҳуқуқий нормалар балки миллий-маънавий қадриятлар ҳам ўз ифодасини топган. Ёшлар конституция орқали фақат ўз ҳуқуқларини эмас балки бурчларини ҳам англайдилар. Ўз ҳуқуқлари билан бирга ўзгаларнинг ҳуқуқларига риоя этилиши ва уларнинг таъминланишини тушуниб етадилар. Ватанга ҳурмат, уни ҳимоя қилиш учун бурчдорлик каби сиёсий масъулликни шакллантиради.

Конститутция ўз моҳиятига кўра ёшларнинг сиёсий маданиятини шакллантиришга муҳим асос бўлиб хизмат қилади. Асосий қонунимизнинг мазмунини тўғри идрок этган ёшлар бевосита конституциянинг асосий принциплари, инсон ҳуқуқ эркинликлари ва бурчлари, жамият ва шахс тўғрисидаги нормалар, давлатнинг маъмурий ва ҳудудий тузилиши, давлат ҳокимиятининг ташкил этилиши ёхуд конституцияга ўзгартириш киритиш тартиби каби сиёсий жараёнлардан воқиф бўлади. Муайян сиёсий тасаввур, ёшларнинг сиёсий соҳада етарли малака ва билимга эга бўлишини таъминлайди. Чунки, конституцияда белгилаб қўйилган нормаларнинг ҳар бири ёшларга тўғри сиёсий йўналиш бериш билан бирга уларнинг фалсафий мушоҳада этиш, маданий жиҳатдан ўзлигини намоён этиш кўникмасини шакллантиради.

Конституция ёшларда сиёсий онг, сиёсий билим, сиёсий мулоҳаза ва сиёсий хулқ-атвор каби тушунчаларни ўзида мужассам этган сиёсий маданият тушунчасининг шаклланишига сабаб бўлади. Конституция сиёсий маданият тушунчаси билан моҳиятан ўзаро боғлиқ. Сиёсий маданият у ёки бу халқ ёки миллат, унга мансуб бўлган инсонлар миллий маданиятда ўзлигини кўради ва англаб боради. Конституция эса сиёсий маданиятнинг шаклланишига озиқ берувчи асосий манба вазифасини ўтайди.

Сиёсий маданият ўзида узоқ йиллар шаклланган ва турли авлодлар томонидан қадрланиб келинадиган сиёсий анъаналарини, сиёсий амалиётда фаолият кўрсатаётган нормаларни, ғояларни, концепцияларни ўзида ифода этади. Конституция ёшларнинг мазкур сиёсий омиллардан амалда фойдаланишини таъминлайди. Умуман ёшлар сиёсий маданиятнинг юксаклигидан давлат ва жамият катта наф кўради. Айниқса ёшларнинг сиёсий маданиятини юксалтириш унданда муҳим саналади. Сиёсий маданият билиш, баҳолаш ва хулқ–атвор каби учта босқичдан иборат бўлади. Мазкур уч босқич орқали сиёсий ҳокимиятни амалга оширишда бевосита иштирок этиш давлат бошқарувининг демократиялашуви билан узвий боғлиқ. Қонунларимиз манбаи саналмиш конституция ёшларда сиёсий маданиятнинг шаклланишида муҳим аҳамият касб этади.

Конституция ёшларда нафақат сиёсий ва ҳуқуқий билимларни шакллантириши балки у умуминсоний, умуммиллий маданиятни ҳам шакллантиришини таъминлайди. Ёшлар сиёсий маданиятини шакллантириш ҳам узоқ давомли муддатни талаб этадиган жараёндир. Чунки, сиёсий маданиятни шакллантириш жараёни ҳам тегишли сиёсий билим ва тажриба асосида шакллантирилиб борувчи динамик ҳодисадир. Шу боис, бизнинг мустақил давлатимизда ёшлар сиёсий маданиятини шакллантириш, сиёсий фаол фуқароларни тайёрлаш мақсадида Конституция асосида аниқ белгиланган режа асосида фаолият олиб борилмоқда. Ёшларда сиёсий маданиятнинг шаклланишида Конститутция муҳим асос бўлиб хизмат қилмоқда.

Шовдир АСАТОВ,

халқ депутатлари Навоий

шаҳар Кенгаши депутати

Конституция – келажак пойдевори, ёшлар ишончи ва таянчидир was last modified: Декабрь 7th, 2017 by matbuot

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »