КУЧ — АДОЛАТДА

20 Декабрь, 17:25 • Сайлов — 2017, Тошкент шаҳри, Янгиликлар • 116 марта кўрилди • Комментариев к записи КУЧ — АДОЛАТДА нет

Айни кунларда пойтахтимизда Тошкент шаҳар халқ депутатлари туман Кенгашлари сайлови кампанияси ўзининг энг қизғин ва ҳал қилувчи палласига кирди. Шу ўринда эътироф этиш лозимки, сайлов кампанияси миллий ҳамда халқаро қонунчилик меъёрлари ва талабларига тўлиқ риоя этилган ҳолда олиб борилмоқда. Депутатликка номзодларга сайлов кампанияси давомида сайловолди ташвиқотини амалга ошириши учун кенг ва тенг имкониятлар яратиб берилаяпти.

Сайловолди ташвиқоти бошланган даврдан шу кунга қадар Тошкент шаҳридаги 11 туманда ташкил этилган барча округларда Ўзбекистон “Адолат” СДПдан кўрсатилган номзодларнинг сайловчилар билан учрашувлари бўлиб ўтди. Уларда партия аъзолари ҳамда хайрихоҳлари, жамоат ташкилотлари вакиллари, талаба-ёшлар, умуман, кенг жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари ходимлари қатнашди. Ана шундай учрашувлар ҳамда оммавий ахборот воситаларидаги чиқишларимиз орқали Сайловолди дастуримизда илгари сурилган ғоялар батафсил тушунтирилмоқда. Қисқача айтганда, сайловчиларнинг қўллаб-қувватлашига эришиш учун бор саъй-ҳаракатларимизни сафарбар этаяпмиз. Номзодларимизнинг ишончли вакиллари, қолаверса, партиямизнинг ҳар бир фаоли сайловдаги муносиб иштирокимизни таъминлашда фаол қатнашмоқда.

Эътиборлиси, жойлардаги учрашувлар шуни кўрсатмоқдаки, пойтахтимиз фуқароларининг сиёсий билим ва маданияти янада ўсиб, янги ташкил этилаётган халқ депутатлари туман Кенгашлари депутатларини сайлашдек муҳим тадбирга юқори даражадаги дахлдорлик ҳисси билан ёндашмоқдалар. Буни сайловчиларимиз томонидан берилаётган саволлар ҳамда билдирилаётган таклифларнинг савиясидан, долзарблигидан ҳам англаш мумкин.

Албатта, Тошкент шаҳар халқ депутатлари туман Кенгашларига сайлов кампаниясида қатнашаётган ҳар бир сиёсий партия, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ва уларнинг номзодлари аҳолининг муайян ижтимоий қатлами ёки гуруҳига таянади. Шу нуқтаи назардан биз ҳам, партиямиз электорати саналган юқори малакали мутахассислар, муҳандис-техник ходимлар, педагог ҳамда шифокорлар, илм-фан вакиллари, хизмат кўрсатиш соҳалари фидойилари ва Тошкентни кучли, нуфузли, ҳар томонлама ривожланган мегаполис сифатида кўришни, миллатлараро тотувлик ҳамда ижтимоий адолат шароитларида яшашни хоҳлайдиганларнинг манфаатларини ҳимоя қиламиз ва уларга таянамиз.

Таъкидлаш лозимки, сайловчилар эътиборига ҳавола этилган Сайловолди дастуримизда Ўзбекистон -“Адолат” социал-демократик партиясининг дастурий мақсад-вазифаларига ҳамоҳанг равишда “Адолат — ҳаётимизнинг бош мезони, адолат — ҳар бир инсон учун” тамойили асосида Тошкент шаҳрида барча соҳада амалга оширилаётган ислоҳотларни янада чуқурлаштириш кўзда тутилган. Унда келгусида олдимизга қўяётган устувор вазифалар олтита йўналишда акс эттирилган.

Дастуримизнинг энг муҳим жиҳати шундаки, унда илгари сурилган барча йўналишларда инсон ҳуқуқ ва манфаатлари устуворлиги ўз ифодасини топган. Айни ушбу жиҳат бизнинг бошқа рақобатчиларимиздан фарқимизни кўрсатади.

Биз, энг аввало, қонун устуворлигини таъминлаш, ёшидан, миллатидан, ижтимоий-иқтисодий аҳволи, келиб чиқишидан қатъи назар, барчага тенг имкониятлар тақдим этиш тарафдоримиз. Биз ижтимоий адолат тамойиллари, фуқаролар ҳуқуқлари, қонуний манфаат ва эркинликларини ҳимоя қилишни устувор вазифа сифатида белгилаганмиз.

Бунда инсон манфаатларини рўёбга чиқариш, суд ҳокимияти мустақиллигини янада мустаҳкамлаш, кадрлар тайёрлаш тизимини такомиллаштириш, фуқаролик жамияти институтларининг давлат ва жамият ишларини бошқаришдаги ролини кучайтириш, бошқарувда очиқликни, ошкораликни таъминлаш бош мақсадларимиз ҳисобланади.

Давлат ҳокимияти органлари фаолиятида шаффофлик, очиқлик ва ҳисобдорлик принципларини таъминлаш Ўзбекистон “Адолат” СДПнинг 2009 йилдаги Сайловолди дастурида мужассамлашган эди. Ўтган давр мобайнида партия ушбу йўналишда ваколати доирасида босқичма-босқич равишда муайян чора-тадбирларни амалга оширди. Хусусан, кенг ҳуқуқий тажриба натижасида 2014 йилда қабул қилинган “Давлат ҳокимияти ва бош-қаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида”ги Қонун ҳамда 2015 йилда қабул қилинган “Электрон ҳукумат тўғрисида”ги Қонун, шубҳасиз, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари масъулиятини ошириб, улар фаолиятида очиқлик ва шаффофликни таъминлаш, қабул қилинаётган қарорлар сифатини кўтаришда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Биз бундан буён ҳам ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат органлари ишида шаффофликни оширишга қаратилган ҳуқуқий асосларни такомиллаштириш тарафдори бўлиб қолаверамиз.

Шу билан бирга, олиб борилаётган ижтимоий-сиёсий, иқтисодий ислоҳотларнинг очиқ ҳамда ошкоралигини таъминлашда ОАВнинг фаоллигини ошириш, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолияти устидан жамоатчилик ҳамда парламент назоратини, ҳокимият ва жамоатчиликнинг изчил алоқасини таъминлашда унинг ролини кучайтириш бизнинг доимий диққат-эътиборимиздаги масалалардир.

Биз партиямиз номига муносиб равишда жамиятда қонун устуворлигини таъминлаш ғоясини илгари сурар эканмиз, ушбу жараёнда қонун ҳужжатларига риоя этилиши устидан жамоатчилик назоратини кучайтиришга интиламиз. Фикримизча, фуқаролик жамиятининг муҳим институтларидан бири бўлган жамоатчилик назорати жамият билан давлатнинг самарали мулоқотини таъминлайдиган, фуқароларнинг қизиқишларини, уларнинг мамлакатимизда олиб борилаётган ислоҳотларга муносабатини аниқлаб борадиган муҳим бўғинга айланиб бормоқда.

Ўзбекистонда, шу жумладан, Тошкент шаҳрида ижтимоий барқарорликни таъминлаш вазифаси давлат, ҳокимият, бизнес ва фуқаролик жамияти институтлари — жамоат бирлашмалари, сиёсий партиялар, оммавий ахборот воситалари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари саъй-ҳаракатларини мувофиқлаштиришни талаб этади.

Шу боис биз ижтимоий тараққиёт дастурларини кенг жамоатчилик иштирокида экспертизадан ўтказиш, биринчи навбатда, пойтахт туманлари миқёсида жамоатчилик назорати юзасидан чора-тадбирларни амалга ошириш тарафдоримиз.

Шу билан бирга, биз қонун ҳужжатларининг давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари томонидан бажарилиши юзасидан жамоатчилик, фуқаролик институтларининг самарали назорат механизмини яратишга ҳаракат қиламиз. Жамоатчилик, фуқаролик назорати тартиб-таомилларини бузгани учун давлат органлари масъул шахсларининг жавобгарлигини, уларнинг натижалари ҳамда тавсияларини эълон қилишни қонун йўли билан белгилашни таклиф этамиз.

Маълумки, мамлакатимизда аҳоли турмуш фаровонлигини оширишда ижтимоий соҳа муҳим ўрин тутади. Шу боис биз пойтахтимиз миқёсида ҳам “Ислоҳот — ислоҳот учун эмас, аввало инсон учун” тамойили асосида олиб борилаётган сиёсатни ривожлантириш, аҳоли турмуш сифати кўрсаткичларини янада яхшилаш шарти бўлган давлат ижтимоий дастурларини ҳаётга татбиқ қилишни давом эттириш мақсадидамиз.

Айни пайтда биз ижтимоий-иқтисодий масалаларни фақат давлат ҳокимияти органларининг саъй-ҳаракати билан ҳал этиб бўлмайди, деб ҳисоблаймиз. Шу сабабли ходимлар ва иш берувчилар ўртасидаги ижтимоий шериклик муносабатларини мустаҳкамлаш, корхоналарда ходимларнинг меҳнат шароитларини яхшилаш, бизнес тузилмаларининг ижтимоий масъулиятини янада ошириш мақсадга мувофиқдир. Бу тадбиркорлик соҳаси, ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш, туризм, таранспорт-логистикаси каби иқтисодиётнинг барча тармоқлари тараққий этган Тошкент шаҳри учун муҳим аҳамият касб этади.

Бундан ташқари, биз ижтимоий аҳамиятга молик фуқаролик ташаббусларини ёқлаймиз, нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолияти учун янада қулай шароитлар яратиш ҳамда ҳомийлик фаолиятини кучайтириш тарафдоримиз. Соғлиқни сақлаш, таълим, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳаларидаги муаммоларни ҳал қилишда ННТнинг иштироки диққат-эътиборимизда бўлади.

Шунингдек, биз Тошкент шаҳар халқ депутатлари туман Кенгашларида шакллантириладиган партия гуруҳларимиз орқали замон талабига муносиб равишда пойтахтимиз ҳаёти ва равнақи учун муҳим бўлган яна бир қатор вазифаларни ўз зиммамизга олишга тайёрмиз.

Хусусан, бу борада иқтисодиётнинг истиқболдаги талабларидан келиб чиққан ҳолда, кадрлар тайёрлаш ва қайта тайёрлаш тизимини мукаммаллаштириш таклифини илгари сурамиз. Ушбу мақсадга таълим тизимини янада ривожлантириш орқали эришишни мақсад қилганмиз.

Бугун ижтимоий-иқтисодий ҳаётимизда рўй бераётган ўзгаришлар мутахассисларни тайёрлашда, албатта, меҳнат бозори эҳтиёжини ҳисобга олишни тақозо этмоқда. Шу муносабат билан ўрта махсус, касб-ҳунар таълими тизими ўқувчиларига замон талаблари даражасида, долзарб билим ва кўникмаларни сингдиришни муҳим, деб ҳисоблаймиз. Бунинг учун таълим стандартлари ҳамда ўрта махсус, касб-ҳунар таълими йўналишларини, меҳнат бозори талабларидан келиб чиққан ҳолда, мунтазам баҳолаб боришни жорий қилиш таклифини илгари сурамиз.

Қолаверса, иқтисодиётнинг юқори суръатларда ривожланишини таъминлаш биз учун энг муҳим устувор йўналишлардан саналади. Шу сабабли иқтисодиётни ижтимоий йўналтириш тарафдори сифатида аҳоли даромадларини изчил оширишни ёқлаймиз. Чунки айнан у иқтисодий ривожланишнинг асосий омилларидан бири ҳисобланади.

Биз инновацион иқтисодиётни қўллаб-қувватлаймиз. Зеро, иқтисодиётга янги ва илғор технологияларни жорий этиш давлатимиз қудратини оширади, ижтимоий соҳа тараққиётига хизмат қилади. Ўз навбатида, иқтисодиётга инновацион технологияларни татбиқ этиш орқали жаҳон стандартларига жавоб берадиган, рақобатбардош ва экспортбоп маҳсулотлар ишлаб чиқариш, шу билан бирга, олимларимиз томонидан яратилаётган ишланмаларни ҳаётга жорий қилиш мумкин. Бу борада янги ташкил этилган Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги билан ҳамкорликдаги фаолиятимизни янада кутайтиришни мақсад қилганмиз.

Ўз навбатида биз иқтисодиётни ривожлантиришнинг “яшил йўл”га ўтишида давлатнинг етакчилик ролини ошириш тарафдоримиз. Қачонки, давлат томонидан зарур инфратузилма ва бошқарувнинг самарали тизими яратилса, шунда иқтисодиётга хусусий сармоялар кириб келади, экологик тоза ҳамда рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқариш ривожланади.

Биз бозор иқтисодиёти тобора ривожланиб бораётган айни шароитда кадрлар тайёрлаш тизимини такомиллаштириш масаласига алоҳида эътибор қаратамиз. Чунончи, таълим замонавий демократик жамиятни ривожлантиришнинг ҳал қилувчи омили эканлигига ишончимиз комил. Меҳнат бозори талабларидан келиб чиқиб, мутахассисларни тайёрлашни таъминлаш бу борада муҳим вазифа саналади.

Биз ушбу соҳада асосий эътиборимизни олий ўқув юртларининг инновацион фаолиятини қўллаб-қувватлаш, илм-фан, ишлаб чиқариш ва иқтисодиёт билан алоқаларни мустаҳкамлаш, мутахассисларни тайёрлаш ҳамда қайта тайёрлашнинг мақсадли тизимини такомиллаштиришга қаратамиз. Фундаментал илмни қўллаб-қувватлашни кучайтириб, фан ва таълимга инвестицияларни жалб қилиш, шунингдек, янги технологиялар жорий этиш таклифини илгари сурамиз. Бунда олимларни ижтимоий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, уларнинг самарали илмий фаолият олиб боришлари учун шарт-шароитларини яхшилаш олдимизда турган устувор вазифалардан бўлиб қолади.

Яна шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, бугун ижтимоий-иқтисодий ҳаётимизда рўй бераётган янгиланишлар, замоннинг тезкорлик билан ўзгараётган талаблари турли соҳаларда кадрларга бўлган эҳтиёжларда ҳам намоён бўлмоқда.

Шундан келиб чиқиб, биз пойтахтимизда қисқа муддатли хусусий касб таълимини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш ғоясини илгари сураяпмиз. Чунки айнан ушбу тизим меҳнат ресурсларининг иш берувчи талабларига тез мослашиш имкониятини яратади. Биз бу борада меҳнат билан бандликка кўмаклашувчи расмий ташкилотлар тезлаштирилган таълим ҳамда ишсизларни қайта малакалашга ихтисослаштирилган тизимга айланиши лозим, деб ҳисоблаймиз.

Хулоса қилиб айтганда, Тошкент шаҳар халқ депутатлари туман Кенгашлари депутатлигига кўрсатилган номзодларимизнинг Сайловолди дастурида бошқа муҳим соҳа ва тармоқлар қаторида, пойтахтимизда яшаётган ҳар бир инсоннинг ҳаётига бевосита дахлдор бўлган ижтимоий масалалар ҳам кенг ўрин олган бўлиб, уни яқин ҳамда узоқ истиқболда изчил ривожлантириш бўйича аниқ вазифа ва мақсадлар белгилангани ғоят муҳим аҳамиятга эга.

АДОЛАТ ҲАР БИР ИНСОН УЧУН!

Азиз ҳамшаҳарлар — ҳурматли сайловчилар!

24 декабрь куни бўлиб ўтадиган сайловда ўз сиёсий ҳуқуқларингиздан тўлақонли фойдаланган ҳолда партиямиздан кўрсатилган номзодларга овоз беринг!

Ўзбекистон “Адолат” СДП Тошкент шаҳар Кенгаши

КУЧ — АДОЛАТДА was last modified: Декабрь 20th, 2017 by matbuot

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »