Маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлаб

21 Декабрь, 11:50 • Бухоро вилояти, Муносабат, Янгиликлар • 294 марта кўрилди • Комментариев к записи Маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлаб нет

Жорий йилнинг 14 декабрь санасида Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Тўқимачилик ва тикув-трикотаж саноатини жадал ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони қабул қилинди. Ушбу фармоннинг қабул қилинганлиги республикамизда кенг турдаги сифатли тўқимачилик ва тикув-трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқарилишини кенгайтириш, маҳаллий ишлаб чиқаришни ривожлантириб, ишлаб чиқарувчиларнинг экспорт салоҳиятини оширишга алоҳида эътибор намунасидир.

Таъкидлаш лозимки. истиқлол йилларида барча соҳалар қатори тўқимачилик ва тикув-трикотаж саноатини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилди. Зарур ҳуқуқий база ҳамда қулай шароитлар шакллантирилди. Аммо шундай бўлса-да, соҳада камчиликлар йўқ эмас эди. Хусусан, фармон билан танишар эканмиз, унда айни мана шулар хусусида батафсил тушунчалар берилган. Жумладан, тўқимачилик саноатининг бошқарув тизими тармоқнинг замонавий ривожланиш тенденцияларига бермаётганлиги, тармоққа замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш даражаси мавжуд муаммоларни тизимли таҳлил қилиш ва тўқимачилик саноати ривожланишининг истиқболли йўналишларини белгилаш учун шарт-шароит яратмаётганлиги, кадрлар тайёрлаш тизими тўқимачилик саноатининг реал эҳтиёжларига жавоб бермаётганлиги борасидаги қатор муаммоларнинг мавжудлиги таъкидланар экан, шубҳасиз, бу сингари ҳал этилмай қолган камчиликларнинг тўпланиб қолганлиги янгиланишларнинг янада ривожланишига тўсқинлик қилади.

Давлатимиз раҳбари томонидан қабул қилинган ҳар бир қарор ва фармон соҳа йўналишларини янада кенгайтиради, унинг базасини шакллантиради, кадрлар салоҳиятини юксалтиради. Қабул қилинган фармонда ҳам тўқимачилик саноатини янада ислоҳ қилишнинг муҳим йўналишлари белгилаб берилган. Хусусан, тўқимачилик маҳсулотларини юқори технологик ишлаб чиқаришга қайта йўналтириш орқали ҳажми ва сифатини ошириш, тўқимачилик саноати соҳасидаги стандартлаштириш ва сертификатлаштириш тизимини халқаро талаб ва стандартларга уйғунлаштириш, шунингдек, маҳсулотлар синов лабораторияларини модернизация қилиш ва аккредитациядан ўтказиш орқали янада такомиллаштириш, маҳаллий ишлаб чиқаришни янада тараққий эттириш учун ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этиш, тармоқ ривожланишининг устувор йўналишларини аниқлаш мақсадида уни тизимли ва комплекс таҳлил қилиш кабилардир.

Шу билан бирга берилган вазифаларнинг барчаси ушбу соҳани янада ривожлантириш ҳамда маҳаллий ишлаб чиқаришни тараққий эттиришда хизмат қилади. Ўзбекистон тўқимачилик ва тикув-трикотаж саноати корхоналари уюшмасини ташкил этиш, “Ўзбекенгилсаноат” АЖни унинг мол-мулклари ва давлатга тегишли бошқа маблағлари, шунингдек, дебитор қарздорлигини кейинчалик “Ўзтўқимачиликсаноат” уюшмасига беғараз ўтказиш орқали тугатиш, истиқболли ва устувор йўналишларини аниқлашни таъминловчи маслаҳат органи – Тўқимачилик ва тикув-трикотаж саноати корхоналари кенгашини ташкил этиш борасида билдирилган фикрлар ҳам соҳа ва унинг мутахассислари учун қулай имкониятдир. “Ўзтўқимачиликсаноат” уюшмасининг асосий вазифалари ҳам белгиланди. Бу ҳам жамият ривожи учун яна бир пойдевордир.

Ҳеч бир соҳа йўқки, давлатимиз раҳбарининг эътиборидан четда қолган бўлса. Дарҳақиқат, ҳар бирига берилган эътиборнинг ўзи катта имконият ва ютуқдир. Хусусан, маҳаллий ишлаб чиқаришга бўлган эътибор ортиб бормоқда. Айниқса, тўқимачилик саноати, тикув ва трикотаж маҳсулотларини ишлаб чиқаришга яратилган шароитлар жуда катта имкониятдир. Шундай экан, ҳар бир ишлаб чиқарувчи ўзи учун қўйилган талабни бажариб, шубҳасиз, давлатимиз раҳбари томонидан қабул қилинган барча қарор ва фармонларни таҳлил этиб бориши даркор. Бу эса унинг фаолияти ривожи ва тараққий этиб боришида хизмат қилади.

Дилфуза ЭРГАШОВА,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Когон шаҳар Кенгаши депутати  

Маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлаб was last modified: Декабрь 21st, 2017 by matbuot

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »