Муаммолар ечим топмоқда

29 Декабрь, 19:44 • Депутатлик гуруҳи, Сурхондарё вилояти, Янгиликлар • 250 марта кўрилди • Комментариев к записи Муаммолар ечим топмоқда нет

Замоннинг ўзи ҳар бир соҳа ходимлари, жамоат ташкилотлари вакиллари қатори партия вакилларидан ҳам замон талабларига мос равишда фаолият кўрсатишини, ўзи илгари сурган таклиф ва масалаларда амалий натижаларга эришишни тақозо қилмоқда. Бу борада барча соҳа вакиллари қаторида Ўзбекистон “Адолат” СДП Сурхондарё вилояти Кенгаши ходимлари ҳам жойларда хонадонларга ташриф буюришиб, улардаги аҳволни ўрганишмоқда. Ана шундай ўрганиш тадбири Сурхондарё вилоятининг Денов туманида ўтказилди.

Унда Ўзбекистон “Адолат” СДПнинг “Адолат – қонун устуворлигида” лойиҳаси доирасида партиянинг Денов туман Кенгашининг депутатлик гуруҳи аъзолари, “Ибн Сино” МФЙ фаоллари ва маслаҳатчилари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари, маҳалла имоми, Ёшлар Иттифоқи аъзолари ва партия фаолларидан ташкил топган ишчи гуруҳи “Ибн Сино” МФЙ ҳудудида жойлашган юридик ва жисмоний шахслар билан бевосита мулоқотлар уюштириб, қонунлар ижроси ва ислоҳотларнинг амал қилиш даражасини ўрганишди.

Жумладан, “Ибн Сино” МФЙ ҳудудида жойлашган бир нечта хонадонларга ташриф буюриб, фуқароларга кичик бизнес ва тадбиркорлик билан шуғулланиш, банклардан имтиёзли кредитлар олиб иссиқхоналар қуриш, паррандачилик, лимон ва ёнғоқ дарахтларини экиш орқали қўшимча даромадларга эга бўлиш юзасидан тушунтириш ва тарғибот ишлари олиб борилди. Зотан, Президентимиз Шавкат Мирзиёев таъкидлаганидек, “халқ бой бўлса, давлат ҳам бой ва қудратли бўлади”.

Ўрганишлар жараёнида юқорида қайд этилган маҳалла фуқаролар йиғини фуқароларидан қуйидаги мавзуларда мурожаатлар келиб тушди:

“Ибн Сино” МФЙ Ўрик гуллаганда кўчаси 71-уйда яшовчи Маматалиева Зубайданинг уй-жой можароси бўйича мурожаати ва Назокат кўчаси 1- уйда яшовчи Чориева Насиманинг кўшниларга ер майдонидан маълум қисми ўтиб кетганлиги тўғрисидаги мурожаати ўрганилди.

Ишчи гуруҳ юқоридаги ҳолат бўйича фуқаро Зубайда Маматалиеванинг турмуш ўртоғи Ойбек Мамаражабов ва фуқаро Фахриддин Қосимовлар ўртасида ўзаро молиявий қарздорлик бўлганлиги ва у ўз вақтида тўланмаганлиги натижасида маҳалладаги 71- уйни фуқаро Ф.Қосимов ўзига ўтказиб олганлиги аниқланди. Ишчи гуруҳ аъзолари иштирокида мазкур оилалардаги оилавий муҳитлар ўрганиб чиқилиб, туман ҳокимлигига мурожаат хати юборилди. Муаммо юзасидан туман ҳокимлиги мутасаддилари бир ҳафта муддатда икки томон қарздорлик масаласига қонуний тарзда аниқлик киритишни маълум қилди.

Шунингдек, Назокат кўчаси 1-уйда яшовчи Насима Чориеванинг қўшниларига 2,5 сотих ер майдони ўтиб кетганлиги ҳақидаги мурожаати ўрганилди. Ушбу муаммога ҳам аниқлик киритиш мақсадида ишчи гуруҳ туман кадастр бўлими томонидан мазкур ишга алоқадор ҳужжатлар ўрганилганда Н.Чориеванинг ортиқча ер майдони қўшниларига ўтмаганлиги тасдиғини топди ва муаммо ижобий ҳал этиб берилди.

Партия фаоллари томонидан жойларда ўрганишлар давом этмоқда.

Чори ЖЎРАЕВ,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Денов туман Кенгаши раиси

Муаммолар ечим топмоқда was last modified: Декабрь 29th, 2017 by matbuot

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »