Мурожаатлар ўз ечимини топмоқда

11 Декабрь, 09:11 • Жиззах вилояти, Партия лойиҳаси, Янгиликлар • 95 марта кўрилди • Комментариев к записи Мурожаатлар ўз ечимини топмоқда нет

Жорий йилнинг Президентимиз томонидан “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” деб эълон қилиниши ҳар бир сиёсий партия олдига халқ билан яқиндан мулоқот юритиш, уларнинг мурожаатлари билан ишлаш тизимини янада такомиллаштириш вазифасини қўймоқда. Ҳар бир муаммони жойига бориб ҳал этиш, одамларнинг дардини эшитиш уларнинг ҳаётини яхшилашга, эзгу мақсадларини рўёбга чиқаришга хизмат қилади. Муҳими, бу жараёнда инсон ўзи, оиласи ва жамиятни бир бутунликда ҳис этади, бошқача айтганда, фаоллашади.

Ўзбекистон “Адолат” СДП Жиззах вилоят, шаҳар ва туман Кенгашларида партиянинг “Адолат – қонун устуворлигида” лойиҳаси доирасида депутатлар, партия фаолларидан иборат ишчи гуруҳлари томонидан ҳар ҳафтанинг чоршанба куни маҳаллаларда фуқаролар билан ўтказилаётган мулоқотлар ижобий самара бермоқда. Ўрганишлар жараёнида фуқаролардан келиб тушаётган мурожаатларда асосан ичимлик суви, электр энергиясидаги сабабсиз узилишлар, қишлоқ жойларда янги иш ўринлари яратиш масалалари, ёшларнинг тадбиркорлик билан шуғулланишлари учун банклардан имтиёзли кредитлар олиш борасидаги муаммолар акс этган.

Аҳолини ўйлантираётган мурожаатларни ҳал этиш мақсадида Ўзбекистон “Адолат” Жиззах вилоят Кенгаши раиси ўринбосарлари Ж.Қаршиев, П.Ҳамзаевлар бошчилигида партиянинг Жиззах шаҳар Кенгашидаги ишчи гуруҳ аъзолари Жиззах шаҳридаги “Сайилжойи” маҳалла фуқаролар йиғинидаги хонадонларда бўлиб, фуқароларни ўйлантираётган масалаларга эътибор қаратишди.

Мулоқот чоғида фуқаролар табиий газ босимининг пастлиги, электр энергияси, маҳалладаги ички йўллар таъмирталаб бўлиб қолганлиги, янги иш ўринлари яратиш, ногирон, ёрдамга муҳтож фуқароларга кўмак бериш юзасидан мурожаат қилишди. Маҳалланинг Гулзор кўчаси 1 уйда яшовчи фуқаро Аҳмедов Ҳусан табиий газ босимининг жуда пастлиги, Сайилжойи кўчаси 75 хонадонда истиқомат қилувчи Оқилов Ёқуб электр энергияси учун олинган ҳисоблагични рўйхатдан ўтказишда амалий ёрдам сўраб мурожаат қилдилар. Мурожаатлар юзасидан ишчи гуруҳ аъзолари томонидан “Жиззахшаҳаргаз” филиали ҳамда шаҳар электр тармоқлари корхонасига мурожаат қилиниб, ушбу хонадонларда табиий газ босими яхшиланди, электр ҳисоблагични рўйхатдан ўтказиш бўйича корхона масъул ходими бириктирилди. Кўтарилган муаммоларнинг аксарияти ижро ҳокимиятида ечилиши мумкин бўлган масалалар бўлганлиги боис ўз жойида ҳал этилди. Айрим мурожаатлар юзасидан Халқ депутатлари Жиззах шаҳар Кенгашидаги депутатлик гуруҳи раҳбари Д.Ҳакимова томонидан тегишли ташкилотларга депутатлик сўровлари юборилди.

— Оилада 12 киши истиқомат қиламиз. Ўғлим Камолов Бегзод моддий етишмовчилик сабаб оилани тебратиш мақсадида ўқишга бормаганлиги  натижасида Жиззах енгил саноат касб-ҳунар коллежини битира олмади. Натижада ҳозирги кунда турли ташкилотларга иш сўраб боришига қарамасдан ўрта-махсус дипломи йўқлиги туфайли ишга жойлаша олмаяпти. Бугун ишчи гуруҳи аъзоларининг сай-ҳаракати билан фарзандим ўқишини давом эттириш имкониятига эга бўлди. – дейди Сайилжойи кўчаси 79 хонадон эгаси Тойир Камолов.

Таъкидлаш жоизки, ишчи гуруҳларнинг жойларда электорат билан олиб бораётган очиқ мулоқотлари мавжуд камчилик ва муаммоларнинг ҳал этилишида корхона ва ташкилотлар раҳбарлари масъулиятини оширмоқда. Шу билан бирга, партиямизнинг нуфузини мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.

Жасур ҚАРШИЕВ,

Ўзбекистон “Адолат” СДП Жиззах

вилоят Кенгаши раиси ўринбосари

Мурожаатлар ўз ечимини топмоқда was last modified: Декабрь 11th, 2017 by matbuot

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »