Ният улуғ, ишонч мустаҳкам таҳлил ва истиқболли лойиҳалар

20 Декабрь, 18:21 • Қорақалпоғистон Республикаси, Муносабат, Янгиликлар • 200 марта кўрилди • Комментариев к записи Ният улуғ, ишонч мустаҳкам таҳлил ва истиқболли лойиҳалар нет

Бугун Қорақалпоғистоннинг қайси шаҳар ёки овулига борсангиз, янги йил олди кўнгиллари тоғдек кўтаринки, ниятлари улуғ, келажакка ишончи мустаҳкам юртдошларимизни учратасиз. Бунинг боиси Президентимизнинг 15-16 декабрь кунлари Қорақалпоғистонга ташрифи ҳудуд аҳолиси учун дилдан яхши ниятлар билан кутган, ҳар томонлама самарали учрашув бўлганлигидир, десак янглишмаймиз.

Президентимиз Нукус шаҳри ва бир қатор туманлардаги ишлаб чиқариш ва тадбиркорлик субъектлари, маданият, таълим-тарбия масканларига ташриф буюриб, мамлакатимиз равнақи учун меҳнат қилаётган юртдошларимизнинг орзу-интилишлари, иқтисодиётимизнингг юксалиши, аҳоли фаровонлиги йўлида олиб бораётган изланишлари билан яқиндан танишиб, дилдан суҳбатлашди.

Маълумки, давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 20-21 январь кунлари Қорақалпоғистонда бўлиб, ҳудуд иқтисодиётини ривожлантириш, ижтимоий шароитларни яхшилаш бўйича тизимли чора-тадбирларни белгилаб берганлиги бугун ўз самарасини намоён этмоқда. Шу мақсадларга йўналтирилган дастурга мувофиқ, саноатни ривожлантириш борасида умумий қиймати 160 миллиард сўмга яқин 242 лойиҳа бажарилган бўлса,  бу, ўз навбатида, қарийб 4 минг иш ўрни яратиш имконини берди.

Масалан, Қораўзак туманидаги “Қорақалпоқ цемент” корхонасида биринчи босқичда йилига 200 минг тонна цемент, Нукус шаҳридаги “Техник глобал” корхонасида “Самсунг” бренди остида йилига 150 минг телевизор, “Нукус полимер” корхонасида йилига 8 минг тонна полиэтилен қувурлар ва хўжалик буюмлари ишлаб чиқариш йўлга қўйилганлиги, Тўрткўл туманидаги “Вегатекс глобал” корхонасида йилига 5 минг тонна ип-калава ишлаб чиқарилаётганлиги бугун ҳудуднинг экспорт салоҳиятининг ортиб бораётганлигидан далолат беради.

Бундай мисолларни яна келтириш, муҳими, бунёдкорлик ишларининг амалий натижаларини ҳудуднинг барча шаҳар ва туманларида ҳам кўриш мумкин.

Мамлакатимиз раҳбарининг ташрифи давомида Қорақалпоғистон Республикасини комплекс ривожлантириш бўйича 2017 йилда амалга оширилган ишлар таҳлил этилди.

Таъкидлаш ўринлики, Президентимизнинг аввалги ташрифидан сўнг 2 минг 112 лойиҳа амалга оширилди. Саноат, қишлоқ хўжалиги ва хизмат кўрсатиш соҳаларидаги ушбу лойиҳалар натижасида экспортбоп маҳсулотлар ишлаб чиқариш йўлга қўйилди, 11 мингга яқин иш ўрни яратилди.

Қорақалпоғистон Республикасини 2018-2019 йилларда комплекс ривожлантириш дастури доирасида яна 1 минг 309 лойиҳа режалаштирилган. Уларни амалга оширишга ташаббускор корхоналар ва тижорат банклари маблағлари, хорижий инвестициялар йўналтирилади. Бунинг натижасида янги маҳсулотлар ишлаб чиқариш ўзлаштирилади, маҳаллийлаштириш ва қайта ишлаш даражаси ошади, 10 мингга яқин иш ўрни ташкил этилади.

Демак, келгусида ҳам аҳоли бандлигини таъминлаш бўйича тизимли ишлар давом эттирилиб, халқимиз турмуш фаровонлиги юксалишига эришилади.

Давлатимиз раҳбари томонидан Қорақалпоғистон иқтисодиётини диверсификация қилиш, қўшимча қийматли маҳсулотлар ишлаб чиқариш ва экспортни кенгайтириш бўйича берган кўрсатмалар дастуриламал вазифасини ўташи аниқ.

Шу билан бирга, самарасиз фойдаланилаётган объектлар негизида янги корхоналар ташкил этиш лойиҳалари ҳақида ҳам маълумот берилди. Қорақалпоғистонда 6 та кичик саноат зонаси ташкил этиш режалаштирилган. Улардаги объектлар 5 йил муддатга кейинчалик мулк ҳуқуқини расмийлаштириш шарти билан бепул берилади. Муҳандислик-коммуникация тармоқларини қуриш ва тиклаш ишлари давлат бюджети ҳисобидан амалга оширилади. Шу тариқа ушбу зоналарда ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш, тадбиркорликни ривожлантириш учун зарур шароит яратилади.

Шу ўринда “Ўзқурилишматериаллари” ва “Ўзбекэнерго” акциядорлик жамиятлари томонидан амалга ошириладиган ишлар, Оролбўйи аҳолиси турмуш даражасини яхшилашга қаратилган режалар намойиш этилгани ҳақида ҳам қайд этиш жоиз. Президентимиз ушбу режа ва мақсадларнинг Қорақалпоғистон ҳаётидаги аҳамиятига алоҳида эътибор қаратиб, уларнинг ҳар бири бўйича муҳим топшириқлар берди.

Давлатимиз раҳбари Хўжайли туманидаги барпо этилаётган замонавий логистика марказига ташриф буюриб, Қорақалпоғистонда озиқ-овқат саноати соҳасида амалга ошириладиган инвестиция лойиҳалари, чорвачилик, паррандачилик, асаларичилик ва балиқчиликни ривожлантириш бўйича дастурлар тақдимоти билан танишар экан, муҳим кўрсатмалар, аниқ вазифалар ҳақида таъкидлади.

Президентимизнинг Қорақалпоғистон Республикасида мелиорация ва ирригация тармоқларини қуриш ва реконструкция қилиш лойиҳалари билан танишиш чоғида илгари сурган таклиф ва кўрсатмалари бу борадаги ишларни замон талабларига тўла мос равишда олиб боришни таъминлайди.

Учрашувларда қайд этилганидек, 2013-2017 йилларда Оролбўйи минтақасида бюджет ва марказлашган капитал маблағлар ҳисобидан 248 миллиард сўмлик ирригация-мелиорация тадбирлари амалга оширилиб, 140 минг гектар майдоннинг сув таъминоти ва 231 минг гектар ернинг мелиоратив ҳолати яхшиланди.

Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 27 ноябрдаги “2018-2019 йилларда ирригацияни ривожлантириш ва суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш Давлат дастури тўғрисида”ги қарори бу борадаги ишлар кўламини янада кенгайтиришга хизмат қилади.

Маълумки, Орол денгизи сатҳи пасайиб, қирғоқдан 180-200 километр узоқлашиб кетганлиги Амударёнинг қуйи оқимига кириб келувчи сувлар юқори нишабликдан тушиши ва Мўйноқ туманидаги Дарё оралиғи сув омбори яқинида жарликлар ҳосил бўлишига олиб келмоқда.

Бу Мўйноқ сув омбори, Рибачье, Мақпалкўл, Закиркўл кўлларига сув етиб бормаслиги, ҳудуддаги балиқ ва ҳайвонот дунёси йўқ бўлиб кетиш хавфини пайдо қилди. Ушбу ҳолатнинг олдини олиш мақсадида 2013-2017 йилларда шимолий ва шарқий дамбаларни реконструкция қилиш ҳамда сув ўтказиш қобилиятини тиклаш ишлари бажарилди.

Мазкур чора-тадбирларнинг навбатдаги босқичида Майпост кўли бўйлаб тўғон йўлини тиклаш ва кўлдан Амударёнинг эски ўзанига сув ўтказиш имконини берадиган гидротехник иншоот қуриш мўлжалланган. Давлатимиз раҳбарига жанубий Қорақалпоғистонда сув ресурсларини бошқаришни яхшилаш лойиҳаси тўғрисида ҳам маълумот берилди.

Лойиҳа асосида амалга оширилаётган ишлар туфайли Элликқалъа, Беруний ва Тўрткўл туманларида 100 минг гектарга яқин майдон сув билан таъминланиб, йилига 269 миллион кубометр сув тежалади. 23 насос станцияси, Сув истеъмолчилари уюшмаси ва фермер хўжаликлари ҳисобидаги 450 дан ортиқ насос агрегатлари тўхтатилиши ҳар йили 52 миллион киловатт соат электр энергиясини иқтисод қилиш имконини беради.

Президентимиз ирригация соҳасидаги лойиҳаларни сифатли бажариш ва минтақада сув ресурсларидан самарали фойдаланиш юзасидан тавсиялар берди.

Нукус шаҳри бош режаси асосида амалга оширилаётган бунёдкорлик лойиҳалари билан танишув асносида берилган тавсия ва кўрсатмалар шаҳарнинг янада янгича чирой очиб, аҳолига яшаш учун янги шароитлар яратишга қаратилганлиги билан аҳамиятли бўлса, Нукусда янги қурилган Олимпия ва миллий спорт турларига ихтисослаштирилган олий спорт маҳорати мактабида спортчи ёшлар ва мураббийлар билан ўтказилган мулоқот, Рустам Жангабоев, Элёр Машарипов, Зайнаб Дайибекова каби халқаро спорт мусобақалари совриндорларига Президентимиз томонидан тақдим этилган совғалар ёш спортчиларга бўлган юксак рағбат ва эътиборнинг ёрқин намунаси бўлди.

Давлатимиз раҳбарининг Нукус шаҳрида Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси депутатлари ва фаоллари билан учрашувида шу кунгача бажарилган ишлар танқидий таҳлил қилиниб, барча соҳаларни ривожлантириш бўйича келгуси икки йилда амалга ошириладиган устувор йўналишлар ва долзарб вазифалар белгилаб берилди.

Мамлакатимизнинг тегишли вазирликлари, шунингдек, компания ва банклар раҳбарларини мунтазам равишда ҳудудларга юбориб, жойлардаги қўшимча резервларни излаб топиш, аниқ инвестиция лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш бўйича тадбирлар изчил давом эттирилмоқда, деди давлатимиз раҳбари янги дастур лойиҳаси ишлаб чиқилганлиги, ушбу дастурга мувофиқ 2018-2019 йилларда Қорақалпоғистон Республикасида умумий қиймати 4,5 триллион сўм бўлган 1 минг 300 дан зиёд лойиҳа амалга оширилади ва қарийб 10 минг иш ўрни яратилади.

Ўзбекистон “Адолат” СДПнинг Қорақалпоғистондаги барча ташкилотлари, партия депутатлари ва фаоллар дастурий мақсадларимизга ҳамоҳанг бўлган ушбу муҳим вазифаларни ҳаётга изчил татбиқ этишда муносиб ҳисса қўшадилар.

Ерназар Кунназаров,

Ўзбекистон “Адолат” СДП Қорақалпоғистон

ҳудудий Кенгаши раиси

Ният улуғ, ишонч мустаҳкам таҳлил ва истиқболли лойиҳалар was last modified: Декабрь 20th, 2017 by matbuot

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »