Парламент эшитуви: норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тарғиботи кучайтирилади

29 Декабрь, 18:38 • Депутат минбари, Фракция, Янгиликлар • 262 марта кўрилди • Комментариев к записи Парламент эшитуви: норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тарғиботи кучайтирилади нет

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг бугун бўлиб ўтган йиғилишида Ўзбекистон Республикаси адлия вазири Р.Давлетовнинг «Қабул қилинаётган қонунларнинг ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг моҳияти ва аҳамиятини аҳолига етказиш, қабул қилинаётган қарорларнинг қонунийлигини таъминлаш тўғрисида»ги ахбороти эшитилди.

Маълумки, Ўзбекистонда қабул қилинган қонун ҳужжатларининг сўзсиз ва ўз вақтида бажарилишини таъминлаш мақсадида жамиятда ҳуқуқий онгни, ҳуқуқий маданиятни юксалтиришга ҳамда қонунийликни мустаҳкамлашга қаратилган ҳуқуқий билимларни тарғиб қилишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Мамлакатимиз Конституциясида фуқароларнинг ҳар қандай ахборотни излаш, олиш ва тарқатиш ҳуқуқи белгилаб қўйилган. Бундай кафолатлар «Ахборот олиш кафолатлари ва эркинлиги тўғрисида»ги, «Ахборот эркинлиги принциплари ва кафолатлари тўғрисида»ги қонунларда ҳам мустаҳкамлаб қўйилган.

Адлия вазирининг депутатларга тақдим этган ахборотида Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Қонун ҳужжатларини тарқатиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Қарори, шунингдек, «Ҳуқуқий ахборотни тарқатиш ва ундан фойдаланишни таъминлаш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тарқатиш тизимини тубдан такомиллаштириш, ижрочиларни ҳамда аҳолини қонун ҳужжатларининг моҳияти ва аҳамияти ҳақида ҳуқуқий жиҳатдан хабардор қилиш сифатини ошириш ишида янги босқични бошлаб берганлигини алоҳида таъкидлади.

Қайд этилишича, жорий йилнинг 1 январидан 27 декабрига қадар қабул қилинган 2164 та норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар электрон шаклда давлат органлари ва ташкилотларига “E-xat” электрон почта тизими орқали уларнинг почта манзилига юборилган. Қайд этилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар давлат органлари ва ташкилотлари томонидан уларнинг тизимига кирувчи 12591 та қуйи идораларига тарқатилиб 561 229 нафар ходимлар эътиборига етказиб берилган.

Жамиятни ҳуқуқий ахборот билан таъминлаш бўйича тегишли дастур ишлаб чиқилган бўлиб, унга кўра кодекслар ва қонун ҳужжатлари тўпламлари 79 минг нусхада, норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни эълон қилишнинг расмий манбаи ҳисобланган “Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатлари тўплами” ҳар ҳафтада 4459 нусхада, Ташқи ишлар вазирлиги билан биргаликда “Ўзбекистон Республикаси халқаро шартномалари тўплами” ҳар чоракда 1858 нусхада расмий нашрга тайёрланиб, жойларга ўз вақтида етказиб берилмоқда.

Бугунги кунда ахборот-коммуникация технологиялари ва интернетнинг шиддат билан ривожланиб бораётгани ҳеч кимга сир эмас. Ҳуқуқий ахборотни интернет тармоғи орқали етказиб бериш амалиёти кенг йўлга қўйилган бўлиб, бу борада айниқса, Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари маълумотларининг миллий базаси – “LexUZ”нинг норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг расмий манбалари қаторига киритилгани аҳолига ҳуқуқий ахборот етказиб бериш борасидаги ишларни янада жонлантиришга хизмат қилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 8 февралдаги “Қонун ҳужжатларини тарқатиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасига 2017 йилнинг 25 сентябридан норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар эълон қилинадиган расмий манба мақоми берилиши аҳоли учун текин фойдаланиш мумкин бўлган ягона расмий манба бўлиб хизмат қилмоқда.

Ҳозирда ўзбек ва рус тилларидаги 43 мингдан ортиқ ҳужжат жамланган ушбу базадан бир кунда 13 минг нафардан ортиқ жисмоний ва юридик шахслар бепул фойдаланмоқда.

Бундан ташқари, вазирлик томонидан 2017-2018 йилларда ҳуқуқий ахборотни тарқатиш ва жамиятда ҳуқуқий тарғиботни ташкил этиш соҳаларида 2017-2018 йилларга мўлжалланган алоҳида йўл харитаси тасдиқланди.

Йўл харитасида белгилаб олган тадбирларни тўлиқ амалга оширилиши “Ҳуқуқий ахборотни тарқатиш ва ундан фойдаланишни таъминлаш тўғрисида”ги Қонунида белгиланган фуқароларнинг ҳуқуқий ахборотни монеликсиз излаш, олиш ва уни тарқатиш ҳуқуқини тўлақонли рўёбга чиқариш имконини беради.

Эшитув давомида ушбу соҳада қилинган ижобий ишлар билан бирга, депутатлар ўз ечимини кутаётган қатор камчилик ва муаммолар мавжудлигига ҳам эътибор қаратдилар. Хусусан, ҳуқуқий тарғибот ва маърифат ишларини амалга оширишга доир ҳудудий тадбирлар режаси ва дастурларининг амалга оширилишини ташкил этиш ва ҳисоботини юритиш тўғри йўлга қўйилмаганлиги; фуқароларни ҳуқуқий хабардор қилиш, асосан, оммавий ахборот воситалари орқали қоғоз кўринишида, семинар, давра суҳбати шаклида амалга оширилаётганлиги, бу эса ҳуқуқий ахборотнинг тўлиқлиги ва эркин фойдаланилишига, унинг ўз вақтида тарқатилишига салбий таъсир кўрсатаётгани, бунда аҳолининг ижтимоий фаол қатламлари, шу жумладан, тадбиркорлар ва ёшларнинг ахборотга бўлган эҳтиёж ва сўровлари инобатга олинмаётгани қайд этилди.

Масалан, ўтган давр мобайнида давлат органлари ва жамоат бирлашмалари томонидан 700 мингдан ортиқ ҳуқуқий тарғибот тадбирлари ўтказилиб, 17 миллионга яқин аҳоли қамраб олинган бўлса-да, бироқ тадбирларнинг аксарияти эскича семинар, давра суҳбати шаклида амалга оширилган. Оммавий ахборот воситалари орқали, кўргазмали шаклда ва ёзма тартибда тадбирларни амалга оширишга етарли эътибор қаратилмаган.

Қабул қилинаётган чора-тадбирларга қарамай, янги норматив-ҳуқуқий ҳужжат ўз вақтида етказиб берилмаслиги туфайли масъул давлат органлари ва бошқа органлар, уларнинг ҳудудий бўлинмалари ҳужжатларни ўз кучини йўқотган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар асосида қабул қилиши ҳоллари ҳали-ҳануз учраб турибди.

Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари маълумотлар миллий базасида мавжуд бўлган айрим норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг электрон матнлари шу вақтгача назорат ҳолатига келтирилмаган, янги қабул қилинган қонунлар ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг миллий базага ўз вақтида киритилиши таъминланмаяпти. Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 84-моддасига мувофиқ, қонунлар ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг эълон қилиниши улар қўлланилишининг мажбурий шарти бўлишига қарамай, бугунги кунда республикамизда амалдаги қонун ҳужжатларининг айримлари миллий базада эълон қилинмаган.

Яна бир камчилик — давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг расмий сайтларини ўрганиш улар қабул қилинаётган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг Интернет тармоғидаги мазкур сайтларда ўз вақтида ва тўлиқ эълон қилинишини таъминланмаётганлигини кўрсатди.

Ўзбекистон Республикаси адлия вазирининг «Қабул қилинаётган қонунларнинг ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг моҳияти ва аҳамиятини аҳолига етказиш, қабул қилинаётган қарорларнинг қонунийлигини таъминлаш тўғрисида»ги ахборотини эшитиб, «Парламент назорати тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 21-моддасига асосан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси тегишли қарор қабул қилди.

Қарорда Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигига давлат органлари ва бошқа ташкилотларнинг норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни электрон тизим орқали ўз вақтида олиши ҳамда уларни ўз таркибий ва ҳудудий бўлинмаларига етказиши юзасидан доимий мониторинг ва назорат ўтказиш; норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни олиш ва ижрочиларга етказиш чоғида аниқланган қоидабузарликларни бартараф этиш юзасидан белгиланган тартибда таклифлар киритиш; қонун ҳужжатларини тарқатиш борасидаги амалий ҳаракатлар юзасидан доимий ва ҳар томонлама мониторинг ва таҳлил ўтказилишини, уларнинг моҳияти ва аҳамиятини аҳолига тушунтирилишини таъминлаш ҳамда зарур бўлган тақдирда, уларни янада такомиллаштиришга қаратилган таклифлар киритиш; норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ҳуқуқий экспертизадан ўтказиш чоғида ишламайдиган қонун ҳужжатлари қабул қилинишига йўл қўймаслик бўйича аниқ чора-тадбирлар кўриш вазифалари юклатилди.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Конституцияси 84-моддасининг барча қонунлар ва норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари маълумотлар миллий базасида эълон қилишга доир талабларига сўзсиз риоя этилишини таъминлаш; аҳолидан келиб тушаётган фикрлар ва таклифларни ўрганиб чиқиш якунларига кўра, қабул қилинаётган қонунларнинг ҳамда бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг моҳияти ва аҳамиятини аҳолига етказиш, қабул қилинаётган қарорларнинг қонунийлигини таъминлаш соҳасидаги қонун ҳужжатларини янада такомиллаштириш юзасидан таклифлар киритиш кабилар ҳам адлия органларининг истиқболдаги вазифалари сифатида қайд этилди.

Ўз навбатида, Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Ахборот ва коммуникация технологиялари масалалари қўмитаси ҳамда Қонунчилик ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитасига 2018 йилнинг иккинчи ярмида «Ҳуқуқий ахборотни тарқатиш ва ундан фойдаланишни таъминлаш тўғрисида»ги Қонуннинг ижро этилиши ҳолатини айрим ҳудудларда давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг фаолияти ҳамда Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари маълумотлар миллий базасининг фаолият кўрсатиши мисолида ўрганиб чиқиш тавсия этилди.

 Қодир ЖЎРАЕВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги

Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси аъзоси

Парламент эшитуви: норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тарғиботи кучайтирилади was last modified: Декабрь 29th, 2017 by matbuot

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »