Партиядошимиз ибрати

6 Декабрь, 12:43 • Наманган вилояти, Партия ташкилотларида, Янгиликлар • 211 марта кўрилди • Комментариев к записи Партиядошимиз ибрати нет

Тўрақўрғон қишлоқ хўжалик касб-ҳунар коллежи Наманган вилоятидаги йирик ўрта махсус таълим муассасаларидан бири. У ташкил топганидан бери ўтган қирқ уч йил мобайнида иқтисодиётнинг турли тармоқлари учун минглаб малакали кадрлар етказиб берди. Улар бугунги кунда мамлакатимизнинг турли минтақаларида фидокорона меҳнат қилиб, юртимизни янада ободонлаштириш, халқ турмуш фаровонлигини ошириш, эл дастурхонини хилма-хил озиқ-оқат маҳсулотлари билан тўлдириш, қайта ишлаш корхоналарига эса кўпроқ ва сифатлироқ саноат хом ашёсини етказиб бериш ишига муносиб ҳисса қўшиб  келмоқдалар.

Шу ўринда мазкур касб-ҳунар коллежида ўзининг кўп йиллик ибратли фаолияти билан педагогик жамоа ютуқларини кўпайтириш йўлида жонкуярлик кўрсатаётган  устозлар талайгина эканлигини ҳам қайд этиш лозим. Улардан бири махсус фанлар ўқитувчиси Котибхон Асқаров саналади. У қарийб ўттиз йилдан бери мана шу даргоҳда ёш авлодга таълим-тарбия беради. Яқинда тажрибали муаллим, фаол жамоатчи, меҳрибон ва талабчан устоз  ҳаётида унутилмас воқеа рўй берди. У Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармонига биноан Ўқитувчилар ва мураббийлар куни арафасида “Шуҳрат” медали билан тақдирланди.

Бу тажрибали педагог, фидойи инсон, намунали оила бошлиғининг узоқ йиллик меҳнатига берилган юксак баҳо дейиш мумкин. Котибхон ушбу ўқув муассасасига 1978 йилда ишга келди. Дастлаб лаборант сифатида фаолият кўрсатди. Кейин ҳарбий хизматда отланди. Йигитлик бурчини ўтаб қайтгач,  Тошкент  ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаштириш муҳандислари институтида ўқиди. Қишлоқ хўжалик фанлари бўйича муҳандис-ўқитувчи ихтисосига эга бўлиб, ўша пайтдаги қишлоқ хўжалигини механизациялаштириш техникумида дарс бера бошлади. Ишлаб чиқариш таълими таълими устаси, ўқитувчи, бўлим бошлиғи, бош уста бўлиб ишлади. Саккиз йилдан бери эса коллежда махсус фандан сабоқ беради.

Унинг дарслари кўпроқ транспорт воситалари ва қишлоқ хўжалиги машиналарини бошқарадиган мутахассислар тайёрлаш билан боғлиқ. Уларга техниканинг тузилишидан тортиб фойдаланиш қоидаларигача ўргатади. Бундан ташқари, йўл ҳаракати қоидаларини  ўргатиш ҳам асосий йўналишлардан бири ҳисобланади.Моҳир педагог ҳар бир  машғулотни янги, илғор педагогик технологиялар асосига қуради. Ўқувчилар билан интерфаол усулда иш олиб боради. Давлат таълим стандартларига мувофиқ келадиган ишчи дастурлар ва маърузаларни тайёрлашда ҳамкасблари ундан кўп нарса ўрганадилар. Ўз билим ва малакасини ёш ўқитувчилар билан ўртоқлашишни ҳам унутмайди. Унинг ўқувчилари орасидан жуда кўп юқори малакали мутахассислар етишиб чиққан ва ҳар хил кўрик-танловларнинг туман, вилоят ва мамлакат босқичларида юқори ўринларни эгаллаб келган.

Ўзбекистон “Адолат” СДП Тўрақўрғон туман кенгаши раиси Муқаддас Ахматова:

 – Котибхон домла қарийб ўн йилдан бери партиямиз аъзоси ҳисобланади. У ушбу ўқув юрти ўқитувчиларидан тузилган бошланғич ташкилотга биринчилар қатори аъзо бўлганди. Ўшанда атиги ўн кишидан иборат БПТ кейинчалик ҳам сон, ҳам сифат жиҳатидан ўсди. Бугунги кунда бу ерда ёшларга билим бераётган сафдошларимиз эллик нафардан ошиб кетган. Бунда ҳам Котибхон домланинг катта ҳиссалари бор. Чунки устоз касбдошлари ўртасида партиямиз дастури ва ғояларини тарғиб қилишда ҳар доим фаоллик кўрсатиб келганлар. Ўтган сайлов кампаниясида ҳам номзодларимизни қўллаб-қувватлашда алоҳида ғайрат-шижоат билан ишлади. Шу туфайли биз халқ депутатлари туман кенгашида саккиз кишидан иборат депутатлик гуруҳи тузишга муваффақ бўлдик.                                                      Котибхон Асқаров бошқа жамоат ишларида ҳам  фаоллигини айтиб ўтиш лозим. Партиядошимиз  бир неча йилдан бери коллеж касаба уюшма қўмитасининг раиси. Жамоа аъзоларининг ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилишда, уларга муносиб меҳнат ва дам олиш шароитларини яратишда жонбозлик кўрсатади. Яқинда  иш бошлаган коллеж  тарихи музейининг ҳам фаол  ташкилотчиларидан бири бўлди. Бу ерда ўқув юртининг қирқ йиллик фаолияти, шу даврда ишлаган ўқитувчилар ва ходимлар ҳақида қизиқарли маълумотлар тўпланган. Уларни нафақат ўқувчилар, балки уларнинг ота-оналари, коллежга ташриф буюрадиган меҳмонлар ҳам мароқ билан томоша қиладилар.

“Шуҳрат” медали нишондори Котибхон Асқаров:

– Камтарона меҳнатим давлатимиз томонидан юксак даражада қадрланганидан бағоят бахтиёрман. Жамоадошларим, қариндош-уруғлар, оила аъзоларим, таниш-билишлар мукофот билан табриклаганларида фахр ва ғурур ҳислари вужудимни қоплади. Кўп йиллик машаққатли меҳнатим самарасини сездим. Бундан буён ҳам ёшларга касб ўргатишда, улардан малакали мутахассислар тайёрлашда ўзимнинг бор билим ва куч-ғайратимни аямайман. Партиямизнинг нуфузини ошириш борасидаги фаолиятимни ҳам асло сусайтирмайман.

Нурбек АБДУЛЛАЕВ.

Ўзбекистон “Адолат” СДП Наманган вилоят Кенгаши матбуот котиби

Партиядошимиз ибрати was last modified: Декабрь 6th, 2017 by matbuot

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »