Пленумда фаолиятга танқидий баҳо берилди

18 Декабрь, 18:45 • Пленум, Тошкент вилояти, Янгиликлар • 253 марта кўрилди • Комментариев к записи Пленумда фаолиятга танқидий баҳо берилди нет

Куни кеча Ўзбекистон “Адолат” СДП Тошкент вилояти Кенгашининг X Пленуми Фуқаролик жамиятини шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институтининг мажлислар залида бўлиб ўтди.

Унда Халқ депутатлари Тошкент вилояти, шаҳар, туман Кенгашлари депутатлари, партиянинг шаҳар, туман Кенгашлари раислари, “Аёллар қаноти”, “Ёш адолатчилар” Кенгаши раислари ҳамда фаоллар иштирок этишди.

Пленумни партиянинг Тошкент вилояти раиси вазифасини бажарувчиси Умид Шоумаров очиб берди ва кун тартибидаги масалалар билан таништирди.

Унда биринчи масала юзасидан Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 12 июлдаги Олий Мажлиси палаталари, сиёсий партиялар ҳамда Ўзбекистон Экологик ҳаракати вакиллари билан ўтказилган видеоселектор йиғилишидаги маърузасидан келиб чиқадиган вазифалар юзасидан Ўзбекистон “Адолат” СДП Тошкент вилояти Кенгашининг 2017 йил иккинчи ярим йиллиги учун ишлаб чиқилган чора-тадбирлар дастурининг ижросига танқидий-таҳлилий ёндашишга эътибор қаратилди.

Бугунги кунда республикамизда жамият ҳаётининг барча соҳаларини янада эркинлаштириш ва ислоҳ қилиш жараёнлари изчил давом эттирилмоқда. Мазкур жараёнда партия ва депутатлик гуруҳининг ўрни ва масъулияти ҳар қачонгидан ҳам муҳим аҳамият касб этади. Шу муносабат билан партия ва халқ депутатлари Тошкент вилояти Кенгашидаги партия депутатлик гуруҳининг иш услубини тубдан ўзгартиришни, жумладан, аҳоли билан доимий мулоқотлар олиб бориш, аҳолини ўйлантираётган ҳаётий долзарб муаммоларни бартараф қилишда фаол иштирок этиш, ҳудуднинг ижтимоий-иқтисодий ҳаётига дахлдор масалаларни ҳал қилиш борасидаги ташаббускорликни ошириш каби тадбирларни самарали ташкил этишни ҳаётнинг ўзи тақозо этмоқда.

Пленумда сўзга чиққан партиянинг Тошкент вилояти Кенгаши раиси в.б. Умид Шоумаров, Кенгашимиздаги депутатлик гуруҳлари ҳамда депутатлар ўз фаолиятларида ваколатларини тўлиқ ва самарали амалга оширмаётгани яққол кўзга ташланмоқда, дея таъкидлади. — Хусусан, Тошкент вилоятида бир қатор долзарб масалалар, аҳолини ташвишга солаётган муаммолар мавжуд бўлган бир пайтда, 2017 йилнинг ўтган даврида халқ депутатлари вилоят Кенгашининг сессияларида вилоят учун долзарб ижтимоий-иқтисодий аҳамиятга эга бўлган масалалар муҳокама этилмаган, Ўзбекистон “Адолат” СДП депутатлик гуруҳи ушбу йўналишларда ташаббус билан чиқмаган. Президентимизнинг 2017 йил 12 июлдаги Олий Мажлиси палаталари, сиёсий партиялар ҳамда Ўзбекистон Экологик ҳаракати вакиллари билан ўтказилган видеоселектор йиғилишидаги маърузасидан келиб чиқадиган вазифалар юзасидан Ўзбекистон “Адолат” СДП Тошкент вилояти Кенгашининг 2017 йил иккинчи ярим йиллиги учун ишлаб чиқилган чора-тадбирлар дастури ижросини таъминлашини танқидий таҳлил қилиш ва дастур сарҳисобини қилиш натижасида бир қанча амалга оширилмай қолган ишларни кўришимиз мумкин.

Хусусан, ўтган йил ҳисобида вилоят депутатлик гуруҳлари томонидан сессияга 6 масала киритилган бўлса, жорий йилда ҳам бугунги кун холатига сессияга 6 та масала киритишга эришилинди. Шунингдек, шаҳар, туман Кенгашларида депутатлар яна 2 та масала киритишга тайёрлиги қувонарлидир. Аммо, режанинг “Давлат бошқарув органлари ҳудудий тузилмалари билан ишлаш, уларнинг фаолияти устидан жамоатчилик назорати ўрнатиш” номли 3-бўлимидаги ишлар юзасидан халқ депутатлари  вилоят Кенгашининг сессияларида вилоят учун долзарб ижтимоий-иқтисодий аҳамиятга эга бўлган масалалар юзасидан Ангрен, Чирчиқ шаҳарлари ҳамда Бекобод тумани Кенгашлари депутатлари томонидан сессияга масалалар киритилди. Бироқ, дастурнинг 3.3, — 3.9, — 3.10 бандлари бўйича барча шаҳар, туман Кенгашларида партиянинг “Соғлом турмуш тарзи йўлида бирлашайлик”, “Фарзандлари соғлом юрт қудратли бўлур”, “Саломатлик йўлида бирлашайлик” лойиҳалари доирасида ишчи гуруҳлар тузилиб, тез тиббий ёрдам, патронаж хизмати, оилавий поликлиникалар фаолияти, умумтаълим мактаблари, мактабгача таълим, тиббиёт муассасаларининг бугунги кундаги холати саволнома асосида ўрганилган бўлсада, депутатлар томонидан тиббиёт тизимидаги муаммоларни бартараф этиш, соғлиқни сақлаш соҳасидаги масалалар юзасидан сессияга масалалар киритилмаган. Бу борада эса депутатларнинг фаоллиги сезилмади, дея ўзининг танқидий фикрларини билдирди.

Пленумда маърузачи томонидан 4.2 банд бўйича Халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари депутатларининг фаолиятини ОАВлари орқали ёритиб бориш республика ТВда, радио каналларда, Тошкент вилоятининг шаҳар, туман газеталарида тўлиқ йўлга қўйилган бўлиб, телевизион, радио эфир орқали депутатлар З.Эралиева, Н.Ҳасанова, Қ.Маматқулова, “Аёллар қаноти” вилоят Кенгаши раиси В.Акромовалар фаол иштирок этишаётгани айтиб ўтилди. Партия ва маҳаллий сайтларда вилоят Кенгаши депутатлари У.Шоумаров, К.Ҳамидова, Б.Зокировлар, шаҳар, туман Кенгашларидан депутатлар Ш.Уришов, М.Бердиқулова, З.Сувонова, Б.Бурханитдиновлар ўз чиқишлари билан қатнашиб келишаётган бўлса, Зангиота, Қибрай, Бўстонлиқ, Чиноз туманларидаги депутатлик гуруҳларидаги барча депутатларнинг бугунги тезкор сиёсий жараёнга бўлган жиддий муносабати кўзга ташланмаётганлиги танқид остига олинди.

Дастурнинг 5.2 банди бўйича четга кетиб ишлашга мойиллиги бор уюшмаган ёшларни қийнаётган муаммоларни аниқлаш ва бартараф этиш ишлари бўйича партия депутатлари, туман меҳнат бўлими, туман Ёшлар иттифоқи ва бошқа манфаатдор ташкилотлар иштирокида ёшлар билан учрашувлар биргина Қибрай туманидагина 3 маротаба ўтказилди, қолган шаҳар, туман Кенгашларида эса бирорта ҳам давра суҳбатлари ташкил қилинмаган. Бу эса, маҳаллий Кенгашлар ўз фаолиятида сусткашликка йўл қўйишаётганидан далолатдир.

Чора-тадбирлар режасининг 5.4 бандида кўзда тутилган маҳаллаларда уюшмаган ёшлар ўртасида ”Депутат ва ёшлар” лойиҳаси доирасида “Глобаллашув жараёнидаги мафкуравий таҳдидларга қарши мустаҳкам маънавий иммунитет” мавзусида маҳаллий Кенгаш депутатларини жалб қилган ҳолда давра суҳбатлари ташкил этиш бўйича ишлар қониқарли даражада амалга оширилмаган. Мазкур банднинг ижроси ҳам биргина Қибрай туманида ташкил этилди холос. Ваҳоланки, бугун мамлакатимизда уюшмаган ёшларни жамият ҳаётига қўшиш, уларнинг фаоллигини ошириш борасида олиб борилаётган амалий ишлар қисқа вақт ичида ўз натижасини кўрсатиб турибди. Бу йўлдаги ислоҳотларга шаҳар, туман Кенгашлари ҳам ўз ҳиссаларини қўшишлари шартдир.

Кун тартибидаги мазкур масала юзасидан Халқ депутатлари Тошкент вилояти Кенгаши депутати З.Эралиева, партиянинг Сиёсий Кенгаши мутахассиси Г.Саидова ҳамда Паркент тумани Кенгаши раиси М.Бердиқуловалар сўзга чиқиб, ўзларининг фикр-мулоҳазаларини билдиришди. Сўзга чиққанлар томонидан вилоят Кенгаши фаолияти самарадорлигини оширишда барча бирдек масъулият билан ёндашиши лозимлиги таъкидланди.

Пленум якунида кун тартибига қўйилган масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.

Зулайҳо ЧЎЛПОНОВА,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Тошкент вилояти Кенгаши

матбуот котиби

Пленумда фаолиятга танқидий баҳо берилди was last modified: Декабрь 18th, 2017 by matbuot

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »