Пойтахтимизни янада тараққий эттириш йўлида

19 Декабрь, 17:04 • Сайлов — 2017, Тошкент шаҳри, Янгиликлар • 50 марта кўрилди • Комментариев к записи Пойтахтимизни янада тараққий эттириш йўлида нет

Шу кунларда Тошкент шаҳрининг ижтимоий-иқтисодий ривожи ҳамда пойтахтимиз аҳолисининг фаровонлиги учун муҳим ўрин тутадиган сиёсий тадбирга қизғин ҳозирлик кўрилмоқда. Яъни, мамлакатимизда фаолият юритаётган сиёсий партиялар ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари 24 декабрь куни бўлиб ўтадиган Тошкент шаҳар халқ депутатлари туман Кенгашларига бўлиб ўтадиган сайловда кўпчилик ўринларни эгаллаш учун ўзаро рақобатга киришмоқдалар.

Хўш, мазкур сайловни ўтказиш зарурияти нимадан келиб чиқди ва ушбу сиёсий тадбир қандай ҳуқуқий ҳужжатларга асосан ташкил этилади?

Таъкидлаш лозимки, мамлакатимизда ўтган йилларда демократик талабларга ва умумэътироф этилган халқаро стандартларга тўлиқ жавоб берадиган, фуқароларнинг ўз хоҳиш-иродасини эркин билдириш кафолатларини таъминлайдиган миллий сайлов тизими яратилди.

Президентимиз томонидан 2017 йил 29 август куни имзоланган “Тошкент шаҳар халқ депутатлари туман Кенгашларига сайлов тўғрисида”ги қонун билан Тошкент шаҳрининг туманларида халқ депутатлари Кенгашларига сайловнинг ҳуқуқий асослари мустаҳкамланди.

Шу асосда 2017 йил декабрь ойи учинчи ўн кунлигининг биринчи якшанбасида, яъни 2017 йил 24 декабрь куни Тошкент шаҳар халқ депутатлари туман Кенгашларига сайлов бўлиб ўтади.

Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг шу йил 15 сентябрда бўлиб ўтган мажлисида маълум қилинди. Мазкур мажлисда қабул қилинган «Тошкент шаҳар халқ депутатлари туман Кенгашларига сайлов кампанияси бошланишини эълон қилиш тўғрисида»ги қарор ташкилий асосларни белгилаб берди.

Тошкент шаҳар туманларида халқ депутатлари Кенгашларини тузиш туманлар даражасида маҳаллий бюджетларни, ҳудудни ривожлантиришнинг истиқболга мўлжалланган дастурларини қайта кўриб чиқиш ҳамда қабул қилишда муҳим ўрин тутади. Муҳими, уларнинг ижросини назорат қилади. Кенгашлар сессиясида туманларда жойлашган маҳаллий давлат органлари раҳбарларининг ўз фаолияти тўғрисидаги ҳисоботлари ва ахборотлари тингланади. Шу орқали фуқароларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатлари билан боғлиқ масалаларни ўз ваколатлари доирасида ҳал этиш имкони яратилади.

Бундай амалиёт пойтахт туманларининг ривожида муҳим омил бўлиб, жамоатчиликнинг Тошкент шаҳридаги ижтимоий-сиёсий, ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлардаги иштирокини кенгайтиради. Аҳоли вакилларининг жойлардаги маҳаллий ижро ҳокимияти органлари фаолияти устидан депутатлик назоратини ўрнатиш имконини беради.

Янги қонунга мувофиқ халқ депутатлари туман Кенгашларининг янги сайланган депутатлари сайлов натижалари бўйича уларнинг янги таркиблари шакллангунга қадар яъни, 2019 йилгача ўз ваколатларини амалга оширади.

Сайлов кампанияси қизғин паллага кирган айни пайтда Тошкент шаҳар халқ депутатлари туман Кенгашлари сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича ишлар жойларда ташкил этилган сайлов комиссиялари томонидан сайлов тўғрисидаги қонунчиликка, демократик принциплар ва халқаро стандартларга ҳамда Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг «Тошкент шаҳрида халқ депутатлари туман Кенгашларига сайлов ўтказиш бўйича ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорига мувофиқ олиб борилмоқда.

Қонунчиликка мувофиқ сайлов комиссиялари ўз фаолиятини мустақил ҳолда амалга оширади. Ҳар қандай давлат органи, жамоат бирлашмаси ва манфаатдор шахсларнинг улар фаолиятига аралашишига йўл қўйилмайди.

Тошкент шаҳар халқ депутатлари туман Кенгаши депутатлигига номзодлар уч нафарга қадар ўз ишончли вакилига эга бўлиши мумкин. Ишончли вакиллар номзод депутат этиб сайланиши учун ташвиқот юритади. Маҳаллий давлат органлари ва жамоат бирлашмалари сайловчилари билан ўзаро муносабатларда, шунингдек, сайлов комиссияларида номзоднинг манфаатларини ҳимоя қилади. Сайлов комиссияси ишончли вакилларни рўйхатга олиб, уларга гувоҳнома беради. Ишончли вакил сайлов комиссиясининг аъзоси бўлиши мумкин эмас.

Сиёсий партиянинг ваколатли вакили сиёсий партиянинг тегишли ҳудудий органи томонидан сайлов участкалари тузилганидан сўнг тайинланади. Сиёсий партиянинг тегишли ҳудудий органи раҳбари сайлов кунидан камида 15 кун олдин тегишли округ сайлов комиссиясига сиёсий партиянинг ваколатли вакиллари рўйхатини тақдим этади.

Албатта, Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси ҳам сайловда қатнашаётган барча сиёсий партиялар ва ўзини ўзи бошқариш органлари қатори Тошкент шаҳрининг 11 туманида ташкил этилган 330 та сайлов округига ўз номзодларини кўрсатди.

Сайловни юқори савияда ўтказиш ва кўпчилик ўринларни эгаллаш мақсадида партия Сиёсий Кенгаши Ижроия Қўмитаси томонидан Тошкент шаҳар халқ депутатлари туман Кенгаши сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш юзасидан ўқув-семинари ташкил этилди. Унда «Тошкент шаҳар халқ депутатлари туман Кенгашларига сайлов тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунининг мазмун-моҳияти, сайловларга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича тузилган тарғибот гуруҳлари фаолиятини мувофиқлаштириш ҳамда уларнинг вазифаларига оид фикр-мулоҳазаларини билдирилди.

Семинарда партия туман бўлимлари қошида сайловолди штаблари аъзолари ўртасидаги вазифалар тақсимоти, уларни самарали амалга ошириш, номзодлар билан ишлаш, сайлов участкалари ишини ташкил қилиш, тарғибот-ташвиқот тадбирларини ўтказиш масалалари атрофлича муҳокама қилинди.

Айни кунларда сайловчиларнинг депутатликка номзодини ёки сиёсий партияни ёқлаб овоз беришга қаратилган сайловолди ташвиқоти қизғин равишда олиб борилмоқда.

Ишонамизки, Тошкент шаҳар халқ депутатлари туман Кенгашларига бўлиб ўтадиган сайловда Ўзбекистон “Адолат” СДПдан кўрсатилган номзодлар сайловчилар ишончини қозониб, кўпчилик ўринларни қўлга киритадилар.

Ўзбекистон “Адолат” СДП Тошкент шаҳар Кенгаши

Пойтахтимизни янада тараққий эттириш йўлида was last modified: Декабрь 19th, 2017 by matbuot

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »