Президентимизнинг мурожаати янада масъулиятли бўлишга ундади

22 Декабрь, 19:47 • Депутат минбари, Муносабат, Фракция, Янгиликлар • 309 марта кўрилди • Комментариев к записи Президентимизнинг мурожаати янада масъулиятли бўлишга ундади нет

Бугун давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига Мурожаатнома йўллади.

Таъкидлаш лозим, Ўзбекистон Республикаси Президенти Конституциямизнинг 93-моддаси 7-бандида мустаҳқамлаб қўйилган ҳуқуқидан фойдаланган холда мамлакатимиз тарихида илк бор Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига мамлакат ички ва ташқи сиёсатини амалга оширишнинг энг муҳим масалалари юзасидан мурожаат қилди.

Мазкур мурожаатнома том маънода тарихий аҳамият касб этди. Авваламбор илк мурожаатнома бўлишига қарамасдан, Президентимиз томонидан унда кўтарилган масалалар, таклиф ва тавсиялар мамлакатимизни нафақат 2018 йилда балки келгуси йилларда ҳам ривожлантириш, халқимизга фаровон турмуш-ҳаёт кечириши учун замин яратди, десам муболаға бўлмайди.

Чунки, ушбу мурожаатномада давлатимиз раҳбари келгусида амалга оширилиши лозим бўлган аниқ таклифларни бирма бир санаб ўтди.

Ўтаётган 2017 йил Ўзбекистон ва унинг халқи учун кўп жиҳатдан янгиланишларга бой йил бўлди. Президент таклифи асосида 2017 йил Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили, деб номланиши натижасида жорий йилда Парламентимиз аъзолари, суд, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат органлари ҳамда тижорат банклари раҳбарлари мамлакатимизнинг кўплаб ҳудудларида сайёр қабуллар ўтказди. Улардан кўзланган асосий мақсад ҳалқимизни қийнаётган масалаларни жойларда ва ўз вақтида бартараф этиш, аҳолига муносиб шароит яратиб беришдир. Зеро, одамларимиз ислоҳотлар самарасини келажакда эмас, балки бугун ўз ҳаётида ҳис этишлари зарур.

Юртбошимиз томонидан маърузада асосий эътибор бугунги кунда ҳалқимизнинг кундалик турмушини осонлаштириш, уларга қулай шарт-шароитлар яратиб бериш ҳамда мамлакатимизни янада тараққий эттиришга қаратилгани ўйлайманки сўнги даврда юртимизда инсон манфаатларини янада ҳимоя қилиш борасида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг мантиқий давоми бўлди. Жумладан маърузада суд-ҳуқуқ тизимини, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг фаолиятини янада ислоҳ қилиш, соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантириш ва шу каби масалаларга батафсил тўхталиб ўтилди.

Мурожаатнинг яна бир муҳим жиҳати бу Президентимиз томонидан кириб келаётган 2018 йилга юртимизда Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили, деб ном бериш таклифининг илгари сурилишидир.

Албатта, қайси ривожланган давлатни олманг бунда ушбу давлатни тез тарққий этишида асосий ҳиссани тадбиркорлар қўшади. Шундай экан биз мамлакатимизда тадбиркорикни ривожлантириш, уларга кенг имкониятлар яратиб бериш, айниқса фаол, яъни инновацион ёндашувлар асосида, тадбиркорликни замонавий, халқаро усулларда ва технологиялар орқали ривожлантираман, деган тадбиркорларга кенг йўллар очиб беришимиз лозим. Бинобарин, тадбиркор керак бўлса давлатнинг елкасидаги юкни ўз зиммасига олишга қодир бўлган шахсдир. Чунончи у тадбиркорлик қилиш орқали янги иш ўринларини яратади, солиқ тўловларини амалга ошириб бюджетимизни кенгайишига ўз ҳиссасини қўшади, маҳалллий бозорларимизни маҳсулот билан тўлдириш билан бир қаторда уни экспортга йўналтириш орқали мамлакатимизга валюта оқимини таъминлайди. Шундай экан биз албатта бундай шахсларга тегишли имкониятларни яратиб беришимиз лозим.

Президентимиз томонидан таъкидланганидек, инновацион ғоя ва технологияларни барча соҳаларга кенг жорий қилишимиз лозим. Албатта буни бугунги даврнинг шиддати тақазо этмоқда. Парламентимиз фаолиятини оласизми ёки ижро ҳокимияти фаолиятини оласизми бунда, албатта, барчадан ўзининг фаолиятини амалга оширишда янгича фикр, ғоя ва ёндашувни жорий этиши талаб қилади. Замон шиддат билан ўзгармоқда, агар биз ўз олдимизга Ўзбекистон келажаги буюк давлат деган улкан маррани қўйган эканмиз биз бунга йиллар асрлар ўтиб эмас, балки бугунданоқ эришишга саъйи-ҳаракатларимизни сафарбар қилишимиз зарур. Халқимиз ижобий ўзгаришларни, яъни мамлакатимизда олиб борилаётган ислоҳотларнинг натижаларини келажакда эмас балки бугунги кунидан бошлаб ҳис қилиши лозим.

Давлатимиз раҳбари парламентимиз фаолиятига ҳам тўхталиб ўтаркан, бунда миллий парламентимиз томонидан эришилган ютуқлар билан бир қаторда фойдаланилмаган имкониятларга ҳам алоҳида урғу бериб ўтди. Шу билан бирга Олий Мажлис фаолиятини янада такомиллаштириш борасида ҳам бир қатор таклиф ва тавсияларини берди. Жумладан, қонун ижодкорлиги соҳасини такомиллаштиришда қабул қилинаётган қонунларни тўғридан-тўғри ишлайдиган, халқчил ва энг асосийси халқимизнинг кундалик турмушини енгиллаштирадиган қонунлар қабул қилиниши лозимлиги, бунда қонунлар қабул қилинишида авваламбор аҳолининг фикрини тинглаш, жойларга бориб фуқаролар билан учрашиб, уларни қийнаётган масалаларга ойдинлик киртиб тегишли қонунлар қабул қилиш ёҳуд тегишли ижро ҳокимияти вакиллари олдига савол қўйиш лозимлигига алоҳида урғу берилди. Бунда, яъни қонунлар қабул қилишда, қонуннинг бирдан бир манбаи ва муаллифи халқ эканлиги ҳам таъкидлаб ўтилди.

Шу билан бирга, Президентимиз томонидан бугунги кунда мамлакатимиз аҳолисини қийнаётган, эски тузумдан қолиб кетган ва ҳали ҳанузгача ўзгартирилмаган, давр талабига жавоб бермайдиган бир қатор масалаларга ҳам тўхталиб ўтди. Давлатимиз раҳбари ушбу масалаларни бартараф этиш борасида ўз фикр ва мулоҳазаларини билдирди.

Мурожаатномада келтирилган таклиф ва тавсиялар, фикр ва мулоҳазалар биз Парламент аъзоларидан кейинги 2018 йилда янада фаолроқ бўлишни, олдимизда турган вазифаларни самарали ва ўз вақтида бажаришни талаб этади.

Ўйлайманки ушбу мурожаатномада Президентимиз томонидан халқнинг дардини енгиллаштириш, кундалик ҳаётини осонлаштириш учун таъбир жоиз бўлса куюниб билдирилган фикр ва ғоялар мамлакатимизнинг барча фуқароларидан эртанги кунига бефарқ бўлмасдан давлатимизни янада тараққий этиши учун муносиб ҳисса қўшишни талаб этади.

Зеро, бундай муқаддас юртнинг фуқароси бўлиш ҳаммамизда ғурур ва ифтихор уйғотади.

Умиджон СУЛАЙМОНОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги

Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси аъзоси

Президентимизнинг мурожаати янада масъулиятли бўлишга ундади was last modified: Декабрь 23rd, 2017 by matbuot

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »