Таълимга эътибор — келажакка эътибор

14 Декабрь, 18:56 • Бухоро вилояти, Муносабат, Янгиликлар • 268 марта кўрилди • Комментариев к записи Таълимга эътибор — келажакка эътибор нет

Мамлакатимизда ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг тажрибасини янада шакллантириш, имкониятлар яратиш мақсадида кенг кўламли ислоҳотлар олиб борилмоқда. Хусусан, олий таълим муассасаларида уларнинг сифатли таълим олишлари, ўқишга кириш имтиҳонларидаги тест синовларини адолатли, холис ва шаффоф ўтказиш мақсадида қарор, фармонлар қабул қилинмоқда.

Жорий йилнинг 16 ноябрь санасида Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Республика олий таълим муассасалари бакалавриатига кириш тест синовларини ўтказиш тартибини такомиллаштириш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Ушбу қарорни қабул қилишдан асосий мақсад ёшларни келажакда баркамол авлод бўлиб улғайишлари, пухта билимлиларини ўқишга қабул қилинишини таъминлаш экан, унда бу борадаги масалаларга алоҳида эътибор қаратилди.

Таъкидлаб ўтадиган бўлсак, бугунги кунда олий таълим даргоҳларида кириш тест синовлари топшириқлари ва уни ўтказишда адолатсизлик кузатиб келинмоқда. Иқтидорлилар эмас, аксинча, етарли иқтидор ва билимга эга бўлмаган ёшлар ўқишга қабул қилинмоқда. Тўғри, барча ёшлар билим олиш ҳуқуқига эга, лекин бу дегани билими бор ўқимайди дегани эмас-да! Қабул қилинган ушбу қарорда бу каби муаммоларнинг олдини олиш, тест синовларини такомиллаштириш, унинг адолатли ва холис ўтишини таъминлаш, тест натижаларини вақтида эълон қилинишини ташкил этиш экан, ҳар бир ўқувчи бунга катта эътибор бермоғи лозим.

Ҳужжат билан танишар эканмиз, унда соҳа билан боғлиқ камчиликларни бартараф этиш учун қатор таклифлар ва вазифалар берилган. Хусусан, 2018-2019 ўқув йилидан бошлаб олий таълим муассасасига қабул қилиш бўйича кириш тест синовларини 1 августдан 15 августгача бўлган даврда ўтказилиши, кириш тест синовлари натижаларини тест ўтказилган куннинг эртасига Давлат тест марказининг расмий веб-сайтида эълон қилиниши, абитуриентдан алоҳида иқтидор талаб этиладиган маданият, санъат, дизайн, тасвирий ва амалий санъат, санъатшунослик, мусиқий таълим, спорт ва жисмоний тарбия соҳасидаги таълим йўналишларига қабул қилишни кириш тест синовларисиз, ижодий имтиҳонлар орқали амалга оширилиши барча юртимиз ёшлари учун жуда катта эътибор ва имкониятдир. Шундан келиб чиққан ҳолда доим ўқиб, изланиши зарур. Шундагина кўзланган мақсадига эришади.

Шу билан бирга қарорда Давлат тест маркази Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги билан биргаликда Ўзбекистон Республикаси Давлат тест маркази ҳузуридаги Давлат тест маркази фаолиятини ривожлантириш жамғармаси тўғрисидаги Низомни бир ой муддатда ишлаб чиқиб, унинг Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигида давлат рўйхатидан ўтказилиши зарурлиги борасида ҳам айтиб ўтилган. Бу эса унинг фаолиятини янада кенгайтиришга хизмат қилади. Ҳужжатда тест синовларини адолатли ўтишини таъминлаш мақсадида берилган ҳар бир вазифа албатта, унинг самарали ўтишини таъминлайди. Хусусан, тест синовларини ўтказиш жараёни иштирокчиларининг масъулиятини янада ошириш ва уларнинг жавобгарлигини белгилаш бўйича қонунчиликка тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш юзасидан Давлат тест маркази Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Халқ таълими вазирлиги ҳамда Адлия вазирлиги билан биргаликда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига таклиф киритиши борасидаги берилган топшириқ ҳам тест синовларини янада холис олиб борилишига хизмат қилади.

Давлатимиз раҳбари томонидан қабул қилинаётган ҳар бир қарор ва фармон соҳалар ривожи учун асос экан, биз фуқаролар эса ундан ўз вақтида фойдаланишимиз ҳамда ўқиб, уқиб боришимиз даркор.

Мавлуда БОЛТАЕВА,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Жондор туман Кенгаши депутати  

 

Таълимга эътибор — келажакка эътибор was last modified: Декабрь 14th, 2017 by matbuot

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »