Тараққиётнинг янги босқичи

23 Декабрь, 10:07 • Депутат минбари, Қорақалпоғистон Республикаси, Муносабат, Янгиликлар • 256 марта кўрилди • Комментариев к записи Тараққиётнинг янги босқичи нет

Демократик ҳуқуқий давлат, мустақил юрт фуқароси ва мамлакатимизда сиёсий ислоҳотларни изчил амалга ошириш жараёнларида иштирок этаётган фуқаролик жамиятининг бир вакили сифатида, мен ҳам мамлакатимиз тарихида биринчи маротаба Олий Мажлисга Президент мурожаатнома тақдим этган видеоселектор йиғилишида иштирок этиб, ёруғ келажагимизга бўлган ишончим яна бир карра мустаҳкамланди.

2017 йилда амалга оширилган асосий ишлар якуни ва Ўзбекистон Республикасини 2018 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг энг устувор йўналишларига бағишланган Мурожаатномада давлатимиз раҳбари халқимизни тўлқинлантирадиган ва келгуси тараққиётимизнинг аниқ устувор йўналишларини белгилайдиган дастуриламал маърузаси билан чиқиш қилди.

Ҳақиқатан ҳам якунланаётган 2017 йилда мамлакатимиз ижтимоий-иқтисодий, сиёсий ҳаётида амалга оширилган кенг кўламли чора-тадбирлар ҳақида сўз юритадиган бўлсак, чин маънодаги тараққиётнинг янги босқичини бошлаб берган, халқ билан мулоқот бўйича тизим яратилган баракали йил бўлди.

Муҳтарам Президентимизнинг ўз мурожаатномасида давлатимиз ривожи, халқимиз фаровонлиги, ёшларимиз келажаги йўлида билдирган ташаббуслари юртимизда яшовчи ҳеч бир фуқарони бефарқ қолдирмайди.

Айниқса, турли ёт ғоя ва таҳдидларга қарши маърифат билан курашиш вазифасига алоҳида тўхталиб, бизнинг заминимизда туғилиб, камол топган, мутафаккирларимиз, уломаларимиз яратган маънавий мерослар бутун инсоният камолотига хизмат қилиши билан бебаҳо эканлигини, шундай экан буюк асарлар яратиб, жаҳон тамаддунига ўз ҳиссаларини қўшган боболаримизнинг бугунги авлодлари орасидан, ҳеч қандай ақидапарастлар, турли ёт ғояларга илакишиб қоладиганлар чиқмаслиги кераклигини яна бир бор уқтирди.

Ҳақиқатан ҳам Самарқандда Имом Бухорий номидаги Халқаро илмий- тадқиқот марказини, Тошкент шаҳрида эса Ислом цивилизацияси марказини ва Ислом Академияси каби номдор илм-зиё, маърифат масканларини бунёд этишдан ҳам кўзланган мақсад, аждодларимиз меросларини чуқур ўрганиш, пухта эгаллаш ва таълим–тарбия жараёнида ўринли фойдаланиш демакдир.

Шулар қаторида чет элларда таълим олиб, меҳнат қилаётган ёшларимиз билан доимо алоқа ўрнатиш, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, юртимизга қайтиш истагида бўлганларни қўллаб-қувватлаш бўйича ишларни кучайтириш мақсадида Ўзбекистон ёшлари халқаро ассоциациясини тузиш ва унинг самарали фаолият юритиши учун тегишли шароит яратиб беришимиз тўғрисидаги таклифлари ҳам таҳсинга сазовордир.

Муҳтарам Юртбошимизнинг 2018 йилни «Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва инновацион технологияларни қўллаб-қувватлаш йили» деб эълон қилиш тўғрисидаги ташаббуслари барча иштирокчилар томонидан катта хурсандчилик билан қарши олинди.

Таъкидланганидек, тадбиркор яхши ишласа бюжет бўлади. Тадбиркорга имконият бериш ва шароитлар яратиш халқ фаровонлигининг асоси.

Давлатимиз раҳбарининг тадбиркорлик субъектларининг молиявий-хўжалик фаолияти буйича текширишларни икки йилга тўхтатиш тўғрисидаги ташаббуси, юрт равнақи ва халқ фаровонлигини кўзлаб билдирилган таклифдир.

Янги фикр, янги ғоя ва янги инновация эса давлат тарақкиёти учун доимо муҳим омил ҳисобланади.

Хулоса ўрнида айтадиган бўлсак, «Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва инновацион технологияларни қўллаб-қувватлаш йили» мамлакатимизда барқарор иқтисодий тараққиётни таъминлайдиган, давлатимизнинг жаҳон ҳамжамиятида нуфузининг янада ортишига хизмат қиладиган йил бўлишига ишонаман.

Муҳтарам Президентимиз ўз Мурожаатномаси охирида билдирганидек, ҳар бир инсонга ўз фарзандларининг ва ўз Ватанининг бахтини кўриш насиб қилсин.

Рауаж ОТАРБАЕВ,

Ўзбекистон «Адолат» СДП

Қорақалпоғистон ҳудудий Кенгаши

раиси ўринбосари

Тараққиётнинг янги босқичи was last modified: Декабрь 27th, 2017 by matbuot

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »