Тармоқ ва ҳудудларни узоқ муддатли истиқболда ривожлантиришнинг ҳуқуқий асослари такомиллашмоқда

20 Декабрь, 17:15 • Муносабат, Фракция, Янгиликлар • 41 марта кўрилди • Комментариев к записи Тармоқ ва ҳудудларни узоқ муддатли истиқболда ривожлантиришнинг ҳуқуқий асослари такомиллашмоқда нет

Сўнгги йилларда мамлакатимизда иқтисодиёт соҳасини ислоҳ қилиш, жумладан, иқтисодиётга маҳаллий ва хорижий инвестицияларни жалб этишнинг ҳуқуқий асосларинитакомиллаштириш бўйича кўрилган чора-тадбирлар натижасида миллий иқтисодиётга сармоялар жалб қилиш орқали инвестиция дастурларидаги йирик инфратузилма лойиҳаларини амалга ошириш, замонавий юқори технологияли ишлаб чиқариш объектларини барпо этиш имкони яратилмоқда.

Шунга қарамай инвестициялар, энг аввало, хорижий инвестицияларни жалб этишнинг реал имкониятларини инобатга олган ҳолда иқтисодиёт тармоқлари ва ҳудудларни узоқ муддатли ривожлантириш концепцияси мавжуд эмас. Айрим ҳолларда  иқтисодий жиҳатдан истиқболли бўлмаган лойиҳаларни ташаббус қилиш, молиявий маблағларни самарасиз сарфлаш ҳолатлари мавжудлиги эса бу борадаги ҳуқуқий асосларни қайта кўриб чиқишни тақозо қилади.

Хусусан, инвестиция дастурларини шакллантириш тартиби, уни молиялаштириш механизмларини тубдан қайта кўриб чиқиш, амалга оширишга таклиф этилган лойиҳаларни танлаб олишнинг шаффофлиги ва самарадорлигини ошириш зарурати мавжуд.

Бу борада куни кеча имзоланган “Ўзбекистон Республикасининг ривожланиш давлат дастурларини шакллантириш ва молиялаштиришнинг янги тартибини жорий этиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори муҳим ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилади.

Қарорга кўра бундан кейин марказлаштирилган манбалар маблағлари ҳисобидан молиялаштириладиган, шу жумладан, ҳудудлар ва иқтисодиёт тармоқларини ривожлантириш бўйича лойиҳаларни фақатгина Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан тасдиқланадиган Ўзбекистон Республикасининг ривожланиш давлат дастурлари асосида амалга ошириш ва уларни молиялаштириш эса Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўзбекистон Республикасининг ривожланиш давлат дастурларини молиялаштириш жамғармаси орқали амалга ошириш белгиланмоқда.

Мазкур жамғарма маблағлари Давлат бюджети ва бюджетдан ташқари жамғармаларнинг ривожланиш давлат дастурларига киритилган лойиҳаларни молиялаштириш учун мўлжалланган маблағлари, Ўзбекистон Республикаси Тикланиш ва тараққиёт жамғармасининг ривожланиш давлат дастурларини амалга ошириш учун ажратилган маблағлари,Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати кафолати билан жалб этиладиган чет эл кредитлари ва бошқа манбалар ҳисобидан шакллантирилади.

Ривожланиш давлат дастурлари узоқ муддатли истиқболда, 10-15 йилда Ўзбекистон Республикасини ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг устувор йўналишларини амалга ошириш бўйича комплекс вазифаларни жамлаган тармоқ, ҳудудий ва мақсадли лойиҳалар портфели асосида шакллантирилади. Ўзбекистон Республикасининг ривожланиш давлат дастурларини ишлаб чиқиш ҳамда ижросини таъминлаш бўйича ишларни мувофиқлаштириш Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси томонидан Иқтисодиёт вазирлиги билан биргаликда амалга оширилади.

Шунингдек қарор билан ривожланиш давлат дастурларини тасдиқлаш, марказлаштирилган манбалар ҳисобидан молиялаштириладиган лойиҳаларни дастурга киритиш, молиялаштириш учун тижорат банкларининг кредитларини ажратиш тартиб қоидалари ҳам белгиланмоқда.

Унга кўра ривожланиш давлат дастурлари Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлигининг улар бўйича ижобий хулосаси бўлган ҳоллардагина тасдиқланиши, марказлаштирилган манбалар ҳисобидан молиялаштириладиган лойиҳаларни дастурга киритиш Жамғарма Кузатув кенгашининг ижобий қарори бўлган ҳоллардагина амалга оширилиши, тижорат банкларининг кредитлари лойиҳаларнинг лойиҳа-смета ҳужжатлари ва бизнес-режалари пухта ҳамда ҳар томонлама ўрганилгандан сўнг, тижорат банки кредит қўмитасининг ижобий қарори мавжуд бўлган ҳолларда ажратилиши белгиланмоқда.

Мухтасар айтганда Ўзбекистон Республикасининг ривожланиш давлат дастурларини шакллантириш ва молиялаштиришнинг янги тартибининг жорий этилиши энг аввало, мавжуд ресурслардан оқилона фойдаланиш, инвестиция дастурига киритилган лойиҳаларни кафолатли молиялаштириш, чет эл инвестицияларини фаол жалб қилиш, лойиҳаларнинг иқтисодий жиҳатдан самарадорлигини таъминлаш ва мамлакатнинг инвестициявий жозибадорлигини оширишга хизмат қилади.

Абдиғани УМИРОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги

Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси аъзоси

Тармоқ ва ҳудудларни узоқ муддатли истиқболда ривожлантиришнинг ҳуқуқий асослари такомиллашмоқда was last modified: Декабрь 20th, 2017 by matbuot

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »