Ташаббускор фермернинг имкониятлари кенгаймоқда

18 Декабрь, 19:12 • Қашқадарё вилояти, Муносабат, Янгиликлар • 54 марта кўрилди • Комментариев к записи Ташаббускор фермернинг имкониятлари кенгаймоқда нет

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев қишлоқ хўжалиги ходимлари кунига бағишланган тантанали маросимда: “Бир ҳақиқат барчамизга яхши маълум: илм ва изланиш бўлмаган жойда ҳеч қандай ривожланиш, юксалиш ва, умуман, бирор – бир соҳанинг келажаги бўлмайди” дея таъкидлади.

Ҳа, қушнинг қудрати – қанотида, инсонники меҳнатида. Мен “Адолат” СДП фаоли ва фермер сифатида Президентимиз томонидан соҳани тараққий эттириш учун олиб борилаётган барча хайрли ишларни қўллаб-қувватлайман. Юртбошимиз алоҳида таъкидлаб ўтганларидек, бугунги кун талаби фермерлик бўлиб қолди. Ишнинг кўзини билган фермернинг чўнтагига барака кираяпти, ҳалол меҳнат қилган фермер кам бўлмаяпти. Илгаригидек, кун бўйи далада ишлаб, чорва кетидан юриб косаси оқармайдиган замонлар орқада қолди. Ишлайдиган фермер чин маънода тишлайдиган давр келди. Шу заминга, шу юртга эгалик туйғусини тўла ҳис этиб, меҳнат қилаяпмиз.

Бу йил фермер хўжалигимиз ихтиёридаги 57 гектар ғалла майдонининг ҳар гектаридан 55 центнердан, пахтанинг ҳар гектаридан эса 40 центнердан ошириб ҳосил олдик. Айни пайтда фермер хўжалигимизда 10 нафардан ортиқ киши доимий иш билан банд. Ғалладан бўшаган майдонларга эса Президентимиз даъватларига асосан сабзавот, полиз экинларини эккан эдик. Очиғи, 20 тоннадан ортиқ мўл-кўл ҳосил олдик. Барча тармоқда белгиланган режалар ортиғи билан уддаланди.

Дарвоқе, келгуси йилдан бошлаб, деҳқончилик билан бирга, чорвачиликни ҳам кескин ривожлантириш ҳаракатини кўраяпмиз. Қорамоллар зотини яхшилаш, маҳсулот салмоғини ошириш ва уни қайта ишлашни йўлга қўйиш, замонавий молхоналар барпо этиш каби мақсадларни режалаштирганмиз.

Президентимиз алоҳида эътироф этганларидек, ҳақиқатдан ҳам фермер хўжалигимизни кўп тармоқли хўжаликка айлантириш кўпгина муаммоларга барҳам беради. Биринчидан, ўзимизда етиштирилаётган маҳсулотни шу ернинг ўзида қайта ишлашни йўлга қўймоқчимиз. Иккинчидан, ҳар хил турдаги техникалар сотиб олишга имкон туғилади. Фермер хўжалигимизда маҳаллий ўғит жамғариш ва шу йўл билан ерларнинг унумдорлигини ошириш имкониятига эгамиз.

Умуман олганда, Президентимиз томонидан биз фермерларга шунча шарт-шароит, имтиёзлар яратилаётган экан, албатта самарали меҳнатимиз билан жавоб берамиз. Маҳсулот ишлаб чиқаришни кўпайтириб, олинадиган даромад миқдорини ошириш ҳисобига қишлоқ врачлик пунктини жорий таъмирлаш ва болалар боғчасини ўзимизда етиштирилган сабзавот, полиз, мева маҳсулотлари билан таъминлашни йўлга қўямиз.

Юртбошимиз ўз маърузаларида қайд этиб ўтганларидек, фермернинг экин ери, мол-мулки кўп бўлгач, унинг кўрадиган даромади ҳам салмоқли бўлишига шубҳа йўқ. Маблағи бор мулкдорнинг эса, қўли узун бўлади.

Дилдора Аминова,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Косон туман Кенгаши депутати,

“Барчиной издошлари” фермер хўжалиги раиси

Ташаббускор фермернинг имкониятлари кенгаймоқда was last modified: Декабрь 18th, 2017 by matbuot

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »