Ташаббусни қўлга олиш вақти келди

13 Декабрь, 16:10 • Андижон вилояти, Пленум, Янгиликлар • 144 марта кўрилди • Комментариев к записи Ташаббусни қўлга олиш вақти келди нет

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Конституциямиз қабул қилинганлигининг 25 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги “Конституция – эркин ва фаровон ҳаётимиз, мамлакатимизни янада тараққий эттиришнинг мустаҳкам пойдеворидир” номли маърузаси барча соҳалар қатори сиёсий партиялар олдига ҳам янги вазифаларни белгилаб берди.  Энг муҳими, иш фаолиятимизга янгича  ёндошган ҳолда янада фаол  бўлишга ундади.

Ўзбекистон “Адолат” СДП Андижон вилоят кенгашининг  Х пленуми   айни шу талаб асосида ўтди. Вилоят кенгаши фаоллари, шаҳар ва туман кенгашларининг раислари, маҳаллий кенгаш депутатлари ва ОАВ вакиллари иштирокидаги тадбир кун тартибидан мамлакатимиз раҳбарининг 2017 йил 12 июлдаги Олий Мажлис Палаталари, сиёсий партиялар ҳамда Ўзбекистон Экологик ҳаракати вакиллари билан видеоселектор йиғилишидаги маърузасидан келиб чиқадиган вазифалар юзасидан Ўзбекистон “Адолат” СДП сиёсий кенгаши VIII пленуми қарори билан тасдиқланган дастур  ва “2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича ҳаракатлар стратегиясини “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили”да амалга оширишга оид Давлат дастурлари ижросини таъминлашда андижонлик адолатчиларнинг иштироки тўғрисидаги масалалар ўрин олди.

Вилоят партия кенгаши раиси Паттохон Асхановнинг маърузасида таъкидланганидек, 2017 йил мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётида катта ўзгаришлар, муҳим воқеаларга бойлиги билан тарихга муҳрланмоқда.  Бу ўринда   юқоридаги видеоселектор йиғилиши сиёсий партияларни ўз фаолиятини танқидий таҳлил қилиш ҳамда келгусидаги вазифаларни аниқ белгилаб олишга ундаганини алоҳида айтиб ўтиш ўринли.

Президентимизнинг танқидий фикрларидан  хулоса қилиб,  ўтган даврда ҳудудий кенгашлар томонидан бир қатор ишлар амалга оширилди.  Партиянинг сайловолди дастурида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш, фуқароларнинг сиёсий фаоллигини ошириш, сайловчиларнинг мурожаатлари билан ишлашга бўлган эътибор ортгани ва “Адолат қабулхоналари”нинг ташкил этилгани жамоатчиликда Ўзбекистон “Адолат” СДПга бўлган ишончни оширди. Аксарият шаҳар ва туман кенгашларида партия лойиҳалари электоратимиз томонидан қўллаб-қувватланди.

Албатта эришилган ютуқлар билан бирга камчиликлар ҳам мавжуд.  Ҳудудлардаги мавжуд муаммоларни ўрганиш, маҳаллий Кенгашлар сессиялари муҳокамасига масалалар киритиш ва ижросини назорат қилиш талаб даражасида эмас. Партиянинг аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш билан боғлиқ муаммоларни ўрганишга қаратилган “Саломатлик йўлида бирлашайлик”   лойиҳаси бўйича  ишчи гуруҳлар тузилиб, маҳаллий кенгаш депутатлари билан хамкорликда бир қатор ўрганиш ишлари олиб борилган. Бироқ  халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлар сессиялари муҳокамасига киритилмаган. Бу ўз ўзидан маҳаллий кенгаш депутатларида ташаббус етишмаётганини кўрсатади.

“Талабаларнинг кичик инновацион корхонаси”,  “Мактабда ижтимоий тенглик”  каби лойиҳаларининг ижросига ҳам аксарият туман кенгашлари эътиборсизлик билан қараб келмоқда. Айниқса, Хўжаобод, Олтинкўл ва Жалақудуқ туманларида  биронта ҳам тадбир ташкил этилмаган.

— Президентимиз томонидан фаолиятимизга нисбатан билдирилган танқидий фикрлардан етарли хулоса қилишимиз лозим, — дейди халқ депутатлари вилоят кенгашидаги депутатлик гуруҳи раҳбари Зухрахон Комилова, — Кейинги ойлардаги фаолиятимиз таҳлили айрим депутатлар ва партия фаоллари ҳамон дадил қадам ташламаётганини кўрсатмоқда. Танқидий фикрлар  ўз натижасини бериши учун ўз ўзимизни назорат қилиб боришимиз, қолаверса сайловчилар ишончига муносиб жавоб беришимиз зарур.

  2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича ҳаракатлар стратегияси бугун партиядошларимиз учун муҳим дастуриламалга айланди. Бунга мос равишда  “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” Давлат дастурида кўрсатиб ўтилган вазифалар ижросини таъминлаш зиммамиздаги масъулиятни янада оширди. Бироқ вилоятда бу борада  амалга оширилган ишларни ҳам қониқарли деб баҳолаш қийин. Айрим туман кенгашларида фуқароларнинг мурожаатлари билан ишлашда сусткашлик кузатилмоқда, бу масала йилнинг энг биринчи даражали вазифаси бўлиб турган бир вақтда партия етакчиларининг эътиборсизлиги ачинарли, албатта.

— Айрим ҳудудий кенгашларнинг раислари ва  асосий таянчимиз бўлган маҳаллий кенгаш депутатларини талаб даражасида фаолият юритмаётганлигидан кўз юмиб бўлмайди – дейди, Ўзбекистон “Адолат” СДП вилоят кенгаши раиси ўринбосари Малохатхон Мусаева, — Фуқароларнинг мурожаатларидан келиб чиқиб жорий йилнинг  ўтган даврида халқ депутатлари  вилоят кенгаши депутатлари томонидан ҳокимлик ва мансабдор шахсларга атиги 4 та депутатлик сўрови юборилганининг ўзи бунинг яққол ифодасидир.

Музокарада сўз олган партиянинг Бўз, Асака ва Избоскан туман кенгашлари раислари Ў.Зокиров, М.Каримова, Д.Аҳмедовалар барчани билдирилган танқидий фикрлардан тўғри хулоса чиқаришга  ва кўрсатилган камчиликларни бартараф этишга чақирди. Маҳаллий кенгаш депутатлари бир овоздан ташаббусни қўлга олишликларини билдирдилар.

Шундан сўнг Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий кенгаши Марказий аппарат сектор мудири Илҳом Жўраев  олдинда турган вазифалар хақида ўз фикрларини билдирди.

Пленум Давлатимиз раҳбарининг Конституция байрамидаги маърузасида айтган  “Биз ўз келажагимизни ўзимиз қурамиз. Бу йўлда хато қилишга ҳаққимиз йўқ. Шунинг учун ҳар томонлама чуқур ўйлаб, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини қабул қилдик. Мазкур ҳужжат моҳиятига кўра, жамият ҳаётининг барча соҳаларидаги тизимли ислоҳотларнинг “йўл харитаси”га айланди” сўзлари билан якунланди.

Акбаржон Назаров,

Ўзбекистон “Адолат” СДП Андижон

вилоят кенгаши матбуот котиби.

 

Ташаббусни қўлга олиш вақти келди was last modified: Декабрь 14th, 2017 by matbuot

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »