Тиббий хизмат такомиллашмоқда

14 Декабрь, 16:39 • Андижон вилояти, Янгиликлар • 278 марта кўрилди • Комментариев к записи Тиббий хизмат такомиллашмоқда нет

Конституциямиз қабул қилинганлигининг 25 йиллиги байрами Андижоннинг Пахтаобод туманида яшовчилар учун қўшалоқ тантанага айланди. Сабаби байрам кунлари туманда янги барпо этилган учта тиббий муассаса фойдаланишга топширилди. Энг қувонарлиси, уларда 30 нафардан ортиқ Ўзбекистон “Адолат” СДП аъзолари меҳнат қилади.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев жорий йилнинг 2-3 июнь кунлари Андижонга қилган ташрифи чоғида тиббиёт соҳасида соғлом ижтимоий-маънавий муҳитни яратиш, тиббий хизмат кўрсатиш сифати ва самарадорлигини ошириш бўйича қатор вазифаларни белгилаб берган эди. Шу асосда тизимда йирик бунёдкорлик, реконструкция ишлари амалга оширилмоқда. Биргина Пахтаобод туманида учта тиббий муассасанинг ишга туширилиши бунинг амалдаги ифодасидир.

Маданият қишлоғида 46 мингдан зиёд аҳоли истиқомат қилади. Ҳудуддаги қарийб 30 йилдан зиёд аҳолига хизмат кўрсатиб, деярли яроқсиз ҳолга келиб қолган шифохона қайта реконструкция қилинди. Қўшимча бинолар қурилиб, янги қиёфага эга бўлди. Ички касалликлар, болалар ҳамда туғруқхона бўлимлари, тез тиббий ёрдам хизмати, шунингдек, поликлиника мебеллар ва замонавий тиббиёт жиҳозлари билан таъминланди.

Шифохонанинг тантанали очилиш маросимида вилоят ҳокими, Олий Мажлис Сенати аъзоси Шуҳратбек Абдураҳмонов иштирок этиб, йиғилганларни қўшалоқ байрам билан муборакбод этди.

— Аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш сифатини яхшилаш партиямизнинг сайловолди дастурида белгиланган асосий вазифалардан бири – дейди халқ депутатлари Пахтаобод туман кенгаши депутати Замирахон Кимсанова, — Шу маънода биз “адолатчи”лар бугун фойдаланишга топширилган тиббий муассасалар фаолиятини қўллаб-қувватлаймиз. Депутат назоратини ўрнатиб, бугуннинг талаб даражасида фаолият кўрсатишини таъминлаймиз.

Туман марказида жойлашган 70 ўринли туғруқ комплекси биносининг фойдаланишга топширилиши тизимда амалга оширилаётган ислоҳотлар натижаси демакдир.

Бўстон қишлоғида яшовчилар ҳам энди туман марказига қатнамайдиган бўлди. Янги оилавий поликлиниканинг ишга туширилиши ва замонавий тез тиббий ёрдам машинасининг берилиши аҳолига қувонч бағишлади.

Тинчлик-осойишталик ҳукмронлик қилаётган юртимизда олиб борилаётган изчил ислоҳотлар самараси ўлароқ ушбу тиббий масканлар юртдошларимиз саломатлигини яхшилаш учун хизмат қилиши шубҳасиз.

Акбаржон НАЗАРОВ,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Андижон вилояти кенгаши матбуот котиби

Тиббий хизмат такомиллашмоқда was last modified: Декабрь 14th, 2017 by matbuot

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »