Тинчлик, хавфсизлик ва барқарор тараққиёт гарови

6 Декабрь, 12:54 • Депутат минбари, Муносабат, Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг 25 йиллигига, Янгиликлар • 13 марта кўрилди • Комментариев к записи Тинчлик, хавфсизлик ва барқарор тараққиёт гарови нет

Конституция — ҳар бир мамлакатнинг суверенитети, миллий давлатчилиги ривожи, фуқароларнинг ҳаёти, жамиятдаги ўрни ва турмуш тарзини белгилаб берадиган асосий қонундир. Биринчи Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида ишлаб чиқилган ва қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Конституцияси халқимизнинг инсон ҳуқуқларига ва давлат суверенитети ғояларига содиқлигини ифода этиб, миллий давлатчилигимиз ривожи, демократия ва ижтимоий адолат, халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган қоидаларига асосланган, инсонпарвар демократик ҳуқуқий давлат барпо этишнинг мустаҳкам йўлини белгилаб берди. Конституциямиз ҳақида атоқли француз ҳуқуқшунос олими А.Дюле “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси жаҳон конституциявий тажрибасининг энг илғор жиҳатларини ўзида мужассам этган мукаммал Конституциялардан биридир” дея таъкидлаганида нақадар ҳақ эди!

Бугун биз жамиятимизда қандай ютуқ ва марраларга эришаётган бўлсак, буларнинг пойдеворида Конституциямиз турибди. Бу эса Бош қомусимиз халқимизнинг руҳияти, маънавияти ва орзу-интилишларига ҳамоҳанг тарзда яратилганининг амалдаги яққол ифодасидир.

Мустақиллигимизнинг ўтган йилларида ҳаётнинг барча жабҳаларида эл-юртимиз тинчлиги, Ватанимиз тараққиёти ва халқимиз фаровонлигини таъминлаш, ҳуқуқий демократик давлат барпо этиш, инсон манфаатлари, ҳуқуқ ва эркинликларини олий қадрият сифатида қарор топтириш, жамиятни демократлаштириш ва мамлакатимизни модернизация қилиш борасида қандай улкан муваффақиятларга эришган бўлсак, барчасининг замирида Конституциямизда кафолатланган ҳуқуқлар, ғоялар, принциплар мужассам эканини бугун ҳар бир юртдошимиз чуқур ҳис этмоқда. Президентимиз Шавкат Мирзиёев таъбири билан айтганда, “Мустақил тараққиёт йилларида Конституциямиз юртимизда ҳуқуқий демократик давлат, кучли фуқаролик жамияти, эркин бозор муносабатлари ва хусусий мулк устуворлигига асосланган иқтисодиётни қуриш, халқимиз учун тинч, обод ва фаровон ҳаёт барпо этиш, Ўзбекистоннинг халқаро майдонда муносиб ўрин эгаллашида мустаҳкам пойдевор бўлиб хизмат қилмоқда”.

Конституция лойиҳаси 1990 йилда Ўзбекистон парламенти томонидан Ўзбекистон Республикаси Биринчи Президенти Ислом Каримов бошчилигида ташкил этилган Конституциявий комиссияси томонидан 2 йилдан ортиқ вақт мобайнида тайёрланиб, қабул қилинган эди. Конституция лойиҳасини ишлаб чиқишда халқаро ҳуқуқ ва 100 га яқин хорижий мамлакатларнинг илғор конституциявий тажрибалари синчковлик билан ўрганилди. Шу билан бирга ўзбек халқининг кўп асрлик бой ҳуқуқий мероси ва миллий кадриятлари ҳам Конституциямиз лойиҳасида ўз аксини топди. Унинг муҳим жиҳатларидан бири — замонавий демократиянинг барча тамойилларини ўзида акс эттирганидадир. Хусусан, давлат ҳокимиятининг учта мустақил тармоққа бўлиниши, инсон ҳуқуқлари ва халқаро ҳуқуқ нормаларига содиқлик, фикрлар хилма-хиллиги, кўпчилик ҳокимияти ва озчиликнинг камситилишига йўл қўйилмаслиги, қонун устуворлиги ва барчанинг қонун олдида тенглиги, одил судлов тизимининг мавжудлиги, бирор бир мафкура ҳукмронлигидан воз кечиш, фикр, сўз, виждон ва эътиқод эркинлиги кабилар Конституциямизда тўлиқ мужассам этилган.

Конституциямизнинг энг муҳим жиҳати — инсон омили, унинг қадр-қиммати, ҳақ-ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини руёбга чиқаришга қаратилгани билан аҳамиятлидир. Бош қомусимиз Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси ва бошқа асосий халқаро ҳужжатлар талабларига тўла мос ҳолда, инсон ва фуқароларнинг шахсий ҳуқуқ ва эркинликлари, сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий ҳуқуқларини кафолатлаб берди. Инсоннинг маънавий камол топиши ва ҳар томонлама уйғун ривожланиши учун зарур шарт-шароитлар яратди.

Мамлакатимизнинг ўтган даврдаги тараққиётига назар солиб, айнан Конституциямиз яратиб берган ҳаётбахш нормалар туфайли тараққиётнинг “ўзбек модели” ҳаётга изчиллик билан татбиқ этилаётганини кўришимиз мумкин. Чунки Конституция замонавий ўзбек давлатчилигини барпо этиш ва ривожлантириш, демократияни чуқурлаштириш, адолатли ҳуқуқий давлат барпо этиш, фуқаролар тинчлиги ва миллий ҳамжиҳатликни таъминлашнинг муҳим кафолати бўлиб хизмат қилмоқда.

Биргина иқтисодиёт соҳасини олайлик. Мамлакатимиз иқтисодиётининг барқарор ривожланиши ва ўсиш суръатлари таъминланишида Асосий қонунимизда белгиланган ҳуқуқий асослар муҳим омил бўлиб хизмат қилмоқда. Конституциямиз асосида амалга оширилган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар самараси ўлароқ охирги йиллар давомида мамлакатимизнинг барқарор ўсиш суръатлари таъминланмоқда. Ўзбекистон 2017 йилда Жаҳон банки томонидан эълон қилинган иқтисодиёти энг тез ўсаётган мамлакатлар ичида кучли ўнталикка кирганлиги ҳам фикримизнинг яққол далилидир. Давлатнинг ижтимоий соҳа ва ижтимоий муҳофаза учун сарф-харажатлари сўнгги 5 йил ичида салкам 100 фоизга кўпайди.

Энг муҳими, асосий макроиқтисодий кўрсаткичларнинг барқарор ўсиш суръати келаси — 2018 йилда ҳам сақлаб қолиниши, жумладан ялпи ички маҳсулот ўртача 8 фоизга ўсиши прогноз қилинмоқда.

Бош Қомусимиз мамлакатимиз тинчлиги ва хавфсизлигини таъминлашнинг ҳам муҳим кафолати бўлиб хизмат қилмоқда. Мамлакатимизнинг тинчликсевар ташқи сиёсати, миллий армиямиз, Қуролли Кучларимиз тизимига бағишланган алоҳида моддаларнинг мазмун-моҳиятига алоҳида тўхталмоқ жоиз.

Масалан, Ўзбекистон Республикаси ташқи сиёсатига бағишланган 17-моддасида мамлакатимиз халқаро муносабатларнинг тўла ҳуқуқли субъекти экани, унинг ташқи сиёсати давлатларнинг суверен тенглиги, куч ишлатмаслик ёки куч билан таҳдид қилмаслик, чегараларнинг дахлсизлиги, низоларни тинч йўл билан ҳал этиш, бошқа давлатларнинг ички ишларига аралашмаслик қоидалари ва халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган бошқа қоидалари ва нормаларига асосланиши алоҳида қайд этилган.

Конституциямизнинг ушбу прогрессив моддасини тўлдирган ҳолда 2012 йилда Ўзбекистон Республикаси Ташқи сиёсий фаолияти Концепцияси қабул қилинди. Мазкур ҳужжатда Ўзбекистон ўз ташқи сиёсат стратегиясини шакллантиришда қуйидаги принципиал қоидалар белгилаб қўйилган. Унга кўра, Ўзбекистон тинчликсевар сиёсат юритади ва ҳарбий-сиёсий блокларда иштирок этмайди, ҳар қандай давлатлараро тузилмалар ҳарбий-сиёсий блокка айланган тақдирда, улардан чиқиш ҳуқуқини ўзида сақлаб қолади.

Иккинчидан, Ўзбекистон қўшни давлатлардаги қуролли зиддиятларга тортилишининг олдини олиш мақсадида тегишли чораларни кўради, ўз ҳудудида хорижий давлатларнинг ҳарбий базалари ва объектлари жойлаштирилишига йўл қўймайди, Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари фақат давлат суверенитети ва мамлакат ҳудудининг яхлитлигини ҳимоя қилиш, аҳолининг тинч ҳаёти ва хавфсизлигини асраш мақсадидагина тузилади ҳамда хориждаги тинчликпарварлик операцияларида иштирок этмайди.

Учинчидан, Ўзбекистон ўзининг яқин қўшнилари билан муносабатларда очиқ, дўстона ва прагматик сиёсат юритиш тарафдори бўлиб қолади, минтақадаги долзарб муаммолар ўзаро манфаатларни ҳисобга олган ҳолда, амалий мулоқот ва халқаро ҳуқуқ нормалари асосида ҳал этилишини ёқлайди. Марказий Осиё муаммолари ташқи кучларнинг аралашувисиз минтақадаги давлатларнинг ўзлари томонидан ечилмоғи зарур.

Қўшни Афғонистонда эса Ўзбекистон бардавом тинчлик ва осойишталик ўрнатилиши тарафдоридир. Биз ушбу мамлакат билан ўз муносабатларимизни тарихий тажриба, анъанавий дўстона ва яхши қўшничилик алоқаларига таяниб, ички ишларга аралашмаслик тамойилига амал қилган ҳолда олиб борамиз. Ўзбекистон Афғонистон билан ўз муносабатларини икки томонлама асосда, ҳар иккала давлатнинг миллий манфаатлари ҳамда халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган нормаларига мос шаклда, афғон халқи ўз мамлакати учун танлаган йўлни ҳурмат қилган ҳолда қуради.

Тўртинчидан эса Ўзбекистон миллий манфаатларни қатъий ҳимоя қилишга ва илгари суришга йўналтирилган изчил ва фаол ташқи сиёсат стратегиясини олиб боради. Ўзбекистон дунёдаги етакчи давлатлар билан стратегик шерикчилик муносабатларининг мувозанатли ва кўп қиррали тизимини шакллантиришда давом этади, минтақада геосиёсий мувозанатни сақлаш, сиёсий, иқтисодий, савдо-сотиқ, транспорт ва бошқа соҳалардаги халқаро алоқаларни кенг диверсификация қилиш йўлида амалий чоралар кўради.

Республика давлатнинг, халқнинг олий манфаатлари, фаровонлиги ва хавфсизлигини таъминлаш мақсадида иттифоқлар тузиши, ҳамдўстликларга ва бошқа давлатлараро тузилмаларга кириши ва улардан ажралиб чиқиши мумкин.

Конституциямизнинг Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларига бағишланган 125-моддасида Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари давлат суверенитетини ва ҳудудий яхлитлигини, аҳолининг тинч ҳаёти ва хавфсизлигини ҳимоя қилиш мақсадида тузилиши қайд этилган, яъни мамлакатимиз мудофаа тизими ҳимоя доктринасига асосланиши ҳуқуқий жиҳатлдан мустаҳкамлаб қўйилган.

Конституциямизнинг ушбу прогрессив нормаси асосида мустақиллик йилларида тинчлигимизни асраш ва миллий хавфсизлигимизни таъминлашнинг ташкилий-ҳуқуқий тизимини шакллантирувчи қонунлар ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ишлаб чиқилди ва ҳаётга самарали татбиқ этилмоқда. Жумладан, минтақадаги ижтимоий-сиёсий вазият, замонавий талаблар ва мамлакат хавфсизлигига таҳдидларни чуқур таҳлил қилиш асосида “Ўзбекистон Республикасининг Мудофаа доктринаси тўғрисида”ги, “Ўзбекистон Республикасининг Миллий хавфсизлик концепцияси тўғрисида”ги қонун ҳужжатлари ҳамда мамлакатда тинчлик, осойишталик ва барқарорлик сақланишига кўмаклашувчи хавфсизликни таъминлашнинг яхлит тизими ишлаб туришига мустаҳкам ҳуқуқий негизни яратган бир қатор бошқа ҳужжатлар ҳам қабул қилинди. Улар орасида “Ўзбекистон Республикасининг Давлат чегараси тўғрисида”ги, “Фуқаро муҳофазаси тўғрисида”ги, “Терроризмга қарши кураш тўғрисида”ги, “Мудофаа тўғрисида”ги, “Умумий ҳарбий мажбурият ва ҳарбий хизмат тўғрисида”ги, “Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари резервидаги хизмат тўғрисида”ги, “Ўзбекистон Республикаси Ташқи сиёсий фаолияти Концепцияси тўғрисида”ги, “Ички ишлар органлари тўғрисида”ги  қонунларни алоҳида таъкидлаш мумкин. Ушбу қонунлар, Ўзбекистон Республикасининг суверенитети, ҳудудий яхлитлиги, аҳолининг тинч ҳаёт кечириши ва хавфсизлигини таъминлашга қаратилган бошқа бир қатор норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар билан бирга, жамиятдаги барқарорликни мустаҳкамлаш ва давлат хавфсизлигини таъминлашда ҳаётий зарурат касб этмоқда.

Бир сўз билан айтганда, Асосий қонунимиз Ўзбекистон давлатчилигининг шаклланиши ва ривожланишига, жумладан, мамлакатимизда тинчлик ва барқарорликни мустаҳкамлашда беқиёс ҳисса қўшиб келмоқда. Мамлакатимизда демократик ҳуқуқий давлат барпо этиш, фуқаролик жамиятини шакллантириш йўлида қўлга киритаётган ютуқларимизнинг бош омили ҳам Асосий қонунимизда белгилаб қўйилган ҳуқуқий асослар эканини алоҳида эътироф этиш жоиз. Яна бир муҳим жиҳати — Конституциямиз Ўзбекистоннинг суверен давлат сифатида жаҳон харитасида ўз ўрнини топишида асосий ҳуқуқий восита бўлмоқда.

Улуғ Шарқ мутафаккири Абу Носир Форобий “Билим яхши хулқ-атвор билан мустаҳкамланиши керак” деб таъкидлаган эди. Демак, Бизнинг Конституция тўғрисидаги билимларимиз ҳуқуқий хулқ-атворимиз, конституциявий ватанпарварлигимиз билан тасдиқланиши зарур. Конституцияни, унинг тараққийпарвар ва халқчил нормаларини ҳаракатга келтирувчи куч унга сўзсиз бўйсуниб яшаш ва қатъий амал қилишдир. Бош қомусимизга чексиз ҳурмат ва сўзсиз бўйсуниш ҳисси кундалик фаолиятимизнинг бош мезонига айланиши, онгу-шууримизни ҳеч қачон тарк этмаслиги лозим.

Қодир ЖЎРАЕВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги

Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси аъзоси

 

Тинчлик, хавфсизлик ва барқарор тараққиёт гарови was last modified: Декабрь 6th, 2017 by matbuot

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »