Том маънода тарихий бурилиш бўлди

29 Декабрь, 12:32 • Муносабат, Сурхондарё вилояти, Янгиликлар • 43 марта кўрилди • Комментариев к записи Том маънода тарихий бурилиш бўлди нет

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга қилган Мурожаатномасини катта ҳаяжон ва қизиқиш билан тингладик.

Президентимизнинг маърузалари ҳар галгидек, ўз халқини севадиган, унинг бугуни ва эртаси ҳақида қайғурадиган, ҳақиқий ватанпарвар Юртбошининг маърузаси бўлди. Президентимизнинг Мурожаати депутатлар, сенаторлар ва уни тинглаган барча-барчанинг қалбидан, юрагидан, онгидан чуқур жой эгаллади, десам тўғри бўлади.

Бу маъруза том маънода тарихий воқеа бўлди. Тарихий деганимиз, бундай Мурожаат Олий Мажлисга биринчи маротаба қилинганлиги билангина эмас, балки муҳтарам Юртбошимиз маърузаларида халқимизни кўп йиллардан бери қийнаб келаётган тизимли муаммолар очиқ-ойдин ўртага қўйилиб, уларнинг ечими кўрсатиб ўтилди. Шунингдек, мамлакатимизни жадал ривожлантириш бўйича аниқ таклифлар баён этилганлиги билан аҳамиятлидир.

2017 йилда қилинган ишларни сарҳисоб қилган ҳолда Президентимиз бу йил – халқ муаммоларини ҳал қилиш бўйича самарали тизимни яратиш йили бўлганлигини, бироқ ҳали бу бошланиши, олдимизда халқимизни рози қилиш йўлида жуда катта вазифалар турганини алоҳида қайд этдилар. Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халққа хизмат қилиши ҳақидаги устувор ғоя бундан буён ҳам барча даражадаги раҳбарлар олдида доимий талаб бўлишини, яна бир бора қатъий таъкидладилар.

Юртимизда 2018 йил “Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб қувватлаш йили” деб эълон қилинганлиги барчамизни қувонтирди. Зеро, халқни тадбиркорлик боқади, инновациясиз эса тараққиёт бўлмайди. Тадбиркорлик, инновация ва технологиялар қанча ривожланса, халқимиз шу қадар бой, юртимиз шу қадар қудратли бўлади.

Президентимиз ўз маърузаларида тадбиркорликни ривожлантириш, унинг йўлидаги ғов ва тўсиқларни бутунлай йўқ қилиш, тадбиркорлик учун барчага тенг шарт-шароитлар яратиш, инвестицияларга кенг йўл бериш борасида ҳам қатор амалий таклифларни билдирдилар. Солиқ ва божхона қонунчилигини, давлат божларини енгиллаштириш, текширувларни икки йилга тўхтатиш, тадбиркорларга нисбатан жиноят иши очганни Президент назоратига олиш кабилар шулар қаторида. Юртбошимиз тадбиркорлар ҳақида инглиз давлат арбоби У.Черчилнинг “Баъзилар тадбиркор деганда соғин сигирни, фақат саноқли одамларгина оғир аравани тортаётган меҳнаткаш отни тушунади” деган фикрини келтириб ўтганлари, у кишининг тадбиркорларга нечоғлик катта эътибор кўрсатаётганликларидан далолатдир.

Президентимизнинг кўп йиллардан бери ҳал этилмай қолаётган масалалар, яъни ҳокимларнинг мустақиллиги ва масъулиятини ошириш, адвокатларнинг ҳуқуқларини кенгайтириш, тинтув ўтказиш ва телефон сўзлашувларини эшитишга санкция бериш ҳуқуқини прокуратурадан судларга ўтказиш, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, миллий хавфсизлик хизмати тўғрисида қонунлар қабул қилиш борасида билдирган фикр ва таклифлари юртимизда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш кафолатларини халқаро стандартлар даражасида кучайтиради.

Ишончим комил, муҳтарам Президентимизнинг маърузаларидаги ҳар бир таклифлари ҳаётимизда том маънода ижобий бурилиш ясайди, юртимизда демократия ва эркинлик ғояларининг мустаҳкам қарор топишига, халқимиз фаровонлигини юксалтиришга ва Ватанимиз тараққиётига хизмат қилади.

Рустам Ҳамраев,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

 Сурхондарё вилояти Кенгаши раиси

Том маънода тарихий бурилиш бўлди was last modified: Декабрь 29th, 2017 by matbuot

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »