Тошкент вилоятида йил аёли аниқланди

16 Декабрь, 12:46 • Аёллар қаноти, Тошкент вилояти, Янгиликлар • 361 марта кўрилди • Комментариев к записи Тошкент вилоятида йил аёли аниқланди нет

Куни кеча Ўзбекистон хотин-қизлар қўмитаси томонидан ташкил этилган “Йил аёли — 2017” кўрик-танловининг Тошкент вилояти босқичи бўлиб ўтди.

Мазкур танловни ўтказишдан мақсад – юртимизда ҳар жиҳатдан ибратли хотин-қизларни аниқлаш, уларнинг фаоллигини жамоатчиликка яқиндан таништиришга, намунали ҳаёт ва илғор иш тажрибасини оммалаштиришга, ўз касбига бўлган фидойилиги ва иқтидорлик қобилиятини рағбатлантириш орқали уларнинг ижтимоий фаоллигини оширишга эътибор қаратилди.

Қибрай туманидаги “Дўрмон” маданият саройида бўлиб ўтган танловнинг вилоят босқичида Тошкент вилоятининг шаҳар, туманларидан йигирмага яқин ибратли аёллар қатнашди. Улар орасида Ўзбекистон “Адолат” СДП Тошкент вилояти Кенгашининг “Аёллар қаноти” раиси Вилоят Акромова ҳам иштирок этгани қувонарлидир.

Иштирокчилар чиқишларида соғлом ва мустаҳкам оила бекаси, ўз касбига фидойилик, жамият ҳаётини тараққий этишида фаоллиги билан ҳиссасини қўшаётганликларини акс эттиришди. Танлов жараёнида партиямизнинг ўз ўрнига эга бўлган фаолларидан бири бўлган В.Акромова ҳам ўз соҳасида кўп йиллардан бери меҳнат қилиб келаётгани, йиллар давомида орттирилган тажрибаси, раҳбарлик қобилияти каби жиҳатлари билан иштирокчилар орасида ажралиб турди.

Беллашув белгиланган шартлар асосида ўтказилди. Ҳар бир чиқишни ҳакамлар ҳайъати аъзолари адолат мезонига таянган ҳолда баҳолаб боришди. Танлов иштирокчилари “Йилнинг энг яхши ватанпарвар аёли”, “Йилнинг энг билимли аёли”, “Йилнинг энг мурувватли аёли”, “Йилнинг энг тадбиркор аёли”, “Йилнинг энг яхши ижодкор аёли”, “Миллий қадриятларни улуғлаган йил аёли”, “Ўз касбининг устаси бўлган йил аёли”, “Ибратли оиланинг намунали бекаси” каби қатор номинациялар бўйича куч синашдилар.

Вилоят Акромова, Ўзбекистон “Адолат” СДП Тошкент вилояти Кенгаши “Аёллар қаноти” Кенгаши раиси:

  • Бугунги танловда иштирок этганимдан бениҳоя хурсандман. Сабаби, мана шундай беллашувлар барча жабҳаларда раҳбарлик лавозимида ҳамда соҳасининг кучли мутахассис бўлиб фаолият юритаётган аёлларимизнинг ўз устида кўпроқ ишлашига, янада тажриба орттиришига, янги ва мақсадли режаларни амалга оширишига замин яратади. Олган таассуротларим эса, сиёсий жараёнларда ташаббускорлик билан фаол бўлишимда катта мактаб вазифасини ўтайди.

Вилоят Акромова Қибрай туманидаги 6-умумтаълим мактабида қарийб 25 йил давомида раҳбарлик қилиш баробарида, ёш авлодга таълим-тарбия бериб келмоқда. Шунингдек, бир неча йиллардан буён, партиянинг Тошкент вилояти Кенгашида “Аёллар қаноти” раиси сифатида фаолият юритиш билан бирга, вилоят аёлларининг жамиятдаги сиёсий фаоллигини оширишга ҳам алоҳида эътибор қаратган. Бундан кўриниб турибдики, бизнинг ўзбек аёллари ҳар жабҳада эътирофга лойиқдирлар.

Куч ва салоҳияти билан барча қатнашчилардан устун келган иштирокчимиз “Ўз касбининг устаси бўлган йил аёли” номинацияси бўйича фахрли ўринни эгаллаб, танловнинг республика босқичига йўлланмани қўлга киритди. Олдиндаги шарафли ва масъулиятли босқичда партиядошимизга омад ёр бўлсин, деймиз!

Танлов якунида ғолиблар ва фаол иштирокчилар Тошкент вилояти хотин-қизлар қўмитасининг диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирландилар.

Зулайҳо ЧЎЛПОНОВА,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Тошкент вилояти Кенгаши

матбуот котиби

Тошкент вилоятида йил аёли аниқланди was last modified: Декабрь 16th, 2017 by matbuot

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »