Ҳунарманднинг нодир дурдоналари

15 Декабрь, 19:37 • Андижон вилояти, Янгиликлар • 153 марта кўрилди • Комментариев к записи Ҳунарманднинг нодир дурдоналари нет

Ўзбекистон “Адолат” СДП Андижон вилоят кенгаши томонидан яқинда ташкил этилган кўргазмада Андижон шаҳрида яшовчи Исмоилжон Қўчқоров билан танишиб қолгандим. Ҳунарни санъат даражасига кўтарган бу инсон ўз маҳсулотларини ҳам замонавий ҳам миллий услубда яратишга эътибор қаратади. Давлатимиз томонидан соҳа ривожига алоҳида эътибор қаратилаётгани отахонни изланишга, янги лойиҳалар билан ишлашга ундамоқда.

Исмоилжон ота сулолада мисгарлик бўйича учинчи авлодга мансуб. Олти ёшидан ушбу касбнинг сир-асрорларини ўрганишга киришган Исмоилжон ота бугун етмиш ёшни қаршилаяпти.

-1997 йилда Москва шаҳрида ўтказилган халқаро танловда иштирок этиб, кумуш медаль соҳиби бўлганман, — дейди уста ҳунарманд. — Ҳозиргача 30 дан ортиқ шогирдларим бор. Мисгарлик қийин ҳунар. Сабр ва тоқатни талаб этади. Биз ясаётган буюмлар нафақат маҳаллий харидорлар, балки хорижликларнинг ҳам эътиборини тортаётганидан ифтихор туяман. Ўйлайманки, келгусида устахонамиздан сайёҳларнинг қадами узилмайди. Улар билан гаплашишга эҳтиёж сезиб, уч-тўрт тилда зарур сўзларни гапиришни ҳам ўрганиб олганман. Чет элликларга маҳсулотларимиз ҳақида тушунтира оламан.

Отахон қўлида сайқал топаётган мис чойнакдан тортиб карнай ва сурнайларни кўриб ҳунарманднинг ишига қойил қоласиз. Унинг хонадонида миллий ҳунармандчилигимиз нодир дурдоналари сақланяпти.

— Давлатимиз раҳбари томонидан соҳага қаратилаётган алоҳида эътибор, кўрсатилаётган ғамхўрлик ҳунармандларимизни янгича руҳ, куч-ғайрат билан ишлашга, бетакрор санъат асарлари яратишга ундамоқда, — дейди «Ҳунарманд» уюшмаси вилоят бўлими бошлиғи Муталибжон Содиқов. — Президентимизнинг «Ҳунармандчиликни янада ривожлантириш ва ҳунармандларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармонига асосан ҳунармандларга ўз маҳсулотларини экспорт қилишдан тушган хорижий валютани эркин тасарруф этиш, шу жумладан, банк ҳисоб рақамларидан чет эл валютасини нақд шаклда ечиб олиш ҳуқуқи берилмоқда. Шу билан бирга, ҳунармандларга ташқи реклама воситаларини жойлаштиришда маҳаллий бюджетга тўланиши белгиланган тўловларнинг 50 фоизи миқдорида имтиёз бериш жорий этилмоқда. Бу каби эътибор, ғамхўрлик боболардан мерос бўлиб келаётган бебаҳо ҳунармандчилик истиқлол йилларида тобора ривожланаётганини кўрсатади.

Жаҳонгир СОДИҚЖОНОВ,

Ўзбекистон «Адолат» СДП

Андижон шаҳар кенгаши фаоли

Ҳунарманднинг нодир дурдоналари was last modified: Декабрь 15th, 2017 by matbuot

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »