Ўзбекистон-Қирғизистон муносабатлари – янги босқичда

19 Декабрь, 17:25 • Муносабат, Сиёсат, Янгиликлар • 42 марта кўрилди • Комментариев к записи Ўзбекистон-Қирғизистон муносабатлари – янги босқичда нет

Кейинги бир йилдан ортиқ вақт мобайнида фаол ташқи сиёсат олиб боришга интилаётган Ўзбекистон энг аввало, қўшни давлатлар билан муносабатларни ривожлантиришга устувор аҳамият бермоқда. Марказий Осиё мамлакатлари билан алоқаларнинг ривожланаётгани бунинг ёрқин далилидир. Жумладан, Ўзбекистон-Қирғизистон ҳамкорлиги янги мазмун-мундарижага эга бўлиб бормоқда. Парламентлар, турли вазирлик ва идоралар, ҳудудлар ўртасида алоқалар тобора кенгаяётганлиги эътиборга моликдир.

Ўтган ҳафтада мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётида рўй берган муҳим воқеаларнинг бири ҳам мана шу мавзуга тааллуқлидир. Биз Қирғизистон Республикаси Президенти Сооронбой Жээнбековнинг Ўзбекистонга расмий ташрифини назарда тутмоқдамиз. Чунки у ҳар икки давлат ўртасидаги муносабатлар даражасини янада юқори босқичга кўтаришда муҳим аҳамият касб этди. Яна шуниси ҳам борки, қўшни мамлакат раҳбари ўзининг хорижга дастлабки ташрифларидан бирини айнан Тошкентга бориш учун ажратди. Демак, ҳар икки томон ўзаро муносабатларни янада ривожлантиришни ўз ташқи сиёсатининг устувор йўналишларидан бири сифатида баҳолайди.

Шу ўринда мамлакатларимиз ўртасидаги ҳамкорлик алоқаларини юқори даражага кўтаришга Президентимиз Шавкат Мирзиёев ва Қирғизистоннинг собиқ раҳбари Алмазбек Атамбаев тамал тошини қўйдилар, дейиш мумкин. Айниқса, давлатимиз раҳбарининг шу йил сентябрида Бишкекка сафари бу борада катта аҳамиятга эга бўлди. Мазкур ташриф аввалроқ Самарқандда эришилган келишувларнинг мантиқий давомига айланди. У ўзаро муносабатлар ривожида янги саҳифа очди. Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасида сиёсий, савдо-иқтисодий, транспорт-коммуникация, маданий-гуманитар ва бошқа соҳалардаги ҳамкорликни янада кенгайтириш ва мустаҳкамлаш истиқболлари, мамлакатларимизнинг чегараолди ҳудудлари алоқаларини фаоллаштириш каби халқларимиз манфаатларига хизмат қиладиган қатор келишувларга эришилди. Бу эса албатта, асрлар давомида ёнма-ён яшаб келаётган, тили, дини ва дили бир икки қардош халқни беҳад қувонтирди.

Октябрь ойи бошларида мамлакатларимиз ўртасидаги давлат чегараларини дўстлик, яхши қўшничилик ва ҳамкорлик чегарасига айлантиришга ҳаракат бошланди. Хизмат вазифаси тақозосига кўра ушбу сатрлар муаллифига ҳам Наманган вилоятининг Косонсой туманидаги “Косонсой” чегара мажмуасида бўлиб ўтган икки қардош халқ вакилларининг учрашувида қатнашиш насиб этди. Ўшанда Қирғизистон Республикасининг Жалолобод вилояти Алабука туманидан ташриф буюрган мехмонларни давлат ва жамоат ташкилотлари раҳбарлари, мамлакатимизда истиқомат қилаётган қирғиз миллатига мансуб юртдошларимиз, кенг жамоатчилик намоёндалари ва ёшлар карнай-сурнай садолари остида кутиб олдилар. Ўз-ўзидан, табиий раввишда тантанали митинг бошланиб кетди. Унда сўзга чиққан ҳар икки томон вакиллари халқларимиз ўртасидаги ўзаро дўстлик ришталари қадим тарихга эгалигини, энди эса сиёсий, иқтисодий ва маданий ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, яқин қўшничилик муносабатларини юқори босқичга кўтариш учун янги имкониятлар вужудга келганлигини таъкидладилар.

Яқинда Қирғизистон Республикаси Президенти лавозимига сайланиб, ишга киришган Сооронбой Жээнбековнинг Ўзбекистонга расмий ташрифи ҳам икки мамлакат ўртасида мустаҳкамланиб бораётган дўстлик ва ҳамкорлик алоқаларини янада ривожлантиришга хизмат қилиши шубҳасиз. Икки давлат раҳбарининг музокаралари чоғида бу йил Ўзбекистон ва Қирғизистон муносабатлари ривожида тарихий аҳамиятга эга бўлганлиги қайд этилди. Мустаҳкам сиёсий ирода, кўплаб масалалар юзасидан ҳамфикрлик, ўзаро ҳамкорликка интилишнинг муштараклиги туфайли барча соҳалардаги алоқалар тараққий топа бошлади. Мамлакатларимиз ўртасидаги дўстлик, яхши қўшничилик ва стратегик шериклик муносабатларини янада кучайтириш йўлида янги-янги қадамлар қўйилиши аниқ.

Бу ўринда Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг қуйидаги сўзларини келтириш мақсадга мувофиқдир: “Қирғизистон – бизнинг яқин қўшнимиз. Шунинг учун бизнинг орамизда ҳеч қандай чегара бўлиши керак эмас. Биз бир-биримизга қалбимизни, бағримизни очдик. Шу боис бугун қандай масала бўлса, ечилиши лозим”. Менимча, бу самимий фикрларга қўшилмайдиган инсон юртимизда топилмаса керак.

Ўзаро музокаралар чоғида Ўзбекистон билан Қирғизистон ўртасида сиёсий, савдо-иқтисодий, транспорт-коммуникация, банк-молия, фан-техника, маданий-гуманитар ва ҳудудлараро ҳамкорликни янада ривожлантириш, саноат, қишлоқ ва сув хўжалиги, туризм ва бошқа соҳалардаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш масалалари диққат марказида бўлди. Йилнинг ўтган ўн бир ойи мобайнида ўзаро савдо-сотиқ кўрсаткичлари 56 фоиздан зиёд ўсиб, 235 миллион долларга етди. Аммо бу рақамлар мамлакатларимизнинг ҳозирги салоҳиятини тўлиқ акс эттирмайди. Ўзаро товар айирбошлаш номенклатурасини диверсификация қилиш ва яқин йилларда унинг ҳажмини 500 миллион долларга етказиш бўйича топшириқлар берилди. Қирғизистон Президентининг расмий ташрифи доирасида Ўзбекистон саноат маҳсулотлари кўргазмаси ва бизнес-форум ташкил этилгани, ишбилармон доиралар вакилларининг музокаралари ўтказилгани ва уларда икки мамлакатдан кўплаб тадбиркорлар иштирок этгани, қарийб 140 миллион долларлик шартномалар имзолангани мана шу йўлдаги янги қадамлар ҳисобланади.

Бундан ташқари, Қирғизистон ҳудудида Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги техникаси, енгил автомобиллари, автобуслари, махсус прицеплари ва маиший буюмларини йиғишни йўлга қўйиш бўйича лойиҳаларни амалга ошириш ҳамда қурилиш материаллари ва тўқимачилик саноатида қўшма корхоналар очиш режалари тасдиқланди. Ўзаро ташрифлар алмашиш, барча соҳаларда қўшма тадбирлар ўтказиш, икки мамлакат фуқаролари ўртасидаги алоқаларни кенгайтириш орқали Ўзбекистон билан Қирғизистон ўртасида ҳудудлараро ҳамкорликни ривожлантириш ва янада мустаҳкамлашга бундан буён ҳам алоҳида эътибор қаратилади. Президентлар қисқа муддатда жаҳон бозорига чиқиш имконини берадиган транспорт ва транзит йўлакларини ривожлантириш, хусусан, “Ўзбекистон-Қирғизистон-Хитой” темир йўли қурилишини имкон қадар тезлаштириш масаласини ҳам муҳокама қилдилар.

Музокараларда маданий-гуманитар алоқалар ривожи ҳам асосий ўринлардан бирини эгаллади. Ўзбекистонда қирғиз тили ва маданияти, Қирғизистонда ўзбек тили ва маданиятини ўрганишга алоҳида эътибор қаратилаётганлиги маъқулланди. Қирғизистон театр усталари Андижон, Наманган, Фарғона вилоятларига, ўзбекистонлик санъаткорлар Ўш, Ўзган, Аравон, Новқат, Қорасув, Жалолобод шаҳарларига ижодий сафарлар уюштирдилар. Қирғизистонда Ўзбекистон маданияти кунлари бўлиб ўтди. Келгуси йили Ўзбекистонда Қирғизистон маданияти кунларини ўтказиш, атоқли қирғиз адиби Чингиз Айтматовнинг юбилейини кенг нишонлаш ҳам кўзда тутилмоқда.

Икки давлат раҳбарлари имзолаган Қўшма баёнотда айтилганидай, томонлар Қирғизистон Республикаси Президенти Сооронбай Жээнбековнинг жорий ташрифи натижаларини мамнуният билан қайд этдилар ҳамда бўлиб ўтган музокаралар ва ташриф давомида имзоланган ҳужжатлар турли соҳаларда икки томонлама ҳамкорликни янада ривожлантиришга янги туртки беришини, шунингдек, давлатлараро муносабатларни ҳар томонлама чуқурлаштиришга салмоқли ҳисса қўшишини таъкидладилар.

Нурбек АБДУЛЛАЕВ,

Ўзбекистон “Адолат”СДП

Наманган вилоят Кенгаши матбуот котиби

Ўзбекистон-Қирғизистон муносабатлари – янги босқичда was last modified: Декабрь 19th, 2017 by matbuot

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »