Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ўн учинчи ялпи мажлиси тўғрисида ахборот

22 Декабрь, 09:26 • Расмий хабарлар, Сиёсат, Янгиликлар • 147 марта кўрилди • Комментариев к записи Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ўн учинчи ялпи мажлиси тўғрисида ахборот нет

2017 йил 21 декабрь куни Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ўн учинчи ялпи мажлиси ўз ишини давом эттирди.

Сенаторлар Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 9 октябрдаги “Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, қишлоқ хўжалиги экин майдонларидан самарали фойдаланиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан Олий Мажлис Сенатига киритилган 2018 йилда фермер хўжаликларини босқичма-босқич кўп тармоқли фермер хўжаликларига айлантириш бўйича Дастур тўғрисидаги масалани кўриб чиқдилар.

Таъкидланганидек, ушбу дастур Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши томонидан Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги, Марказий банк, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва туманлар ҳокимликлари билан ҳамкорликда Ўзбекистон Республикаси Президентининг юқорида қайд этилган фармонида ҳамда 2017 йил 10 октябрдаги “Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари фаолиятини янада ривожлантириш бўйича ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорида қўйилган вазифалардан келиб чиққан ҳолда ишлаб чиқилган. Ҳудудий дастурлар Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ҳамда халқ депутатлари вилоят Кенгашлари томонидан тасдиқланган.

Кўп тармоқли фермер хўжаликларини ташкил этиш ва ривожлантириш бўйича 2018 йилга мўлжалланган ҳудудий дастурларга мувофиқ мамлакатнинг 21 634 та фермер хўжалигида кўп тармоқли фаолиятни йўлга қўйиш бўйича 22 986 та лойиҳа амалга оширилади. Хусусан, кўп тармоқли фермер хўжаликлари томонидан 7,4 минг гектар майдонда интенсив боғлар, 4,3 минг гектар майдонда янги узумзорлар ва 844 гектар майдонда иссиқхоналар яратилади.

Шунингдек, 520 та фермер хўжалигида мева-сабзавот, гўшт-сут маҳсулотларини қайта ишлашни йўлга қўйиш, 785 та фермер хўжалигида ун маҳсулотлари ишлаб чиқаришни бошлаш, 370 та фермер хўжалигида рефрижератор омборлар қуриш, 3,9 минг фермер хўжалигида чорвачилик ва паррандачиликни, 2,3 минг фермер хўжалигида балиқчилик ва асаларичиликни, 2,1 минг фермер хўжалигида қўйчилик, эчкичилик ва қуёнчиликни, 171 та фермер хўжалигида йилқичиликни ва куркачиликни йўлга қўйиш бўйича лойиҳаларни, шунингдек, 6732 та фермер хўжалигида сервис хизматларини ташкил этиш бўйича 8 мингта лойиҳани амалга ошириш режалаштирилган.

2018 йил учун тасдиқланган лойиҳаларни амалга ошириш учун республика бўйича 1 603 миллиард сўм маблағ сарфланиши белгиланган. Шундан 608,8 миллиард сўми тижорат банклари кредитлари ҳисобига амалга оширилади. Энг асосийси, қишлоқ жойларда 83 567 та янги иш ўрни яратилиши кутилмоқда.

Сенаторлар 2018 йилда фермер хўжаликларини босқичма-босқич кўп тармоқли фермер хўжаликларига айлантириш бўйича дастурни маъқулладилар ва бу соҳадаги устувор вазифаларни ўз вақтида сифатли бажариш бўйича тизимли ишларни янада кучайтириш муҳимлигини таъкидладилар.

Шундан сўнг сенаторлар ялпи мажлис кун тартибидаги навбатдаги масалани кўриб чиқишга киришдилар. Сенаторлар Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазирининг ички ишлар органларининг жиноятчиликка қарши курашиш ва ҳуқуқбузарликлар профилактикаси соҳасидаги фаолияти тўғрисидаги ахборотини эшитдилар.

Бугунги кунда мамлакатимизда аҳоли тинч ва осойишта ҳаёт кечиришини таъминлаш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, жиноятчиликка қарши курашишга доир қатор чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Ички ишлар органлари фаолиятининг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлаш, ички ишлар органлари ходимларининг ижтимоий ҳимоясини янада кучайтириш мақсадида ўтган давр мобайнида 2 та қонун, Президентнинг 22 та қарори, Вазирлар Маҳкамасининг 30 та қарори ва бошқа қатор ҳужжатлар қабул қилинди. Шунингдек, ички ишлар органларининг аҳолига яқинлигини таъминлаш ва ички ишлар органлари (бўлимлари) бошқармаларидан узоқда жойлашган аҳоли пунктларида фуқароларга қулайликлар яратиб бериш мақсадида ички ишларнинг қўшимча равишда 175 та шаҳар бўлими (бўлинмаси) ва 824 та милиция таянч пункти ташкил этилди.

Ўтган даврда ички ишлар органларида ҳокимликлар, прокуратура ва кенг жамоатчилик вакиллари билан биргаликда ҳар бир маҳалладаги ишлар ҳуқуқбузарликлар ва жиноятларнинг эрта олдини олиш, салбий хатти-ҳаракатларни содир этиш учун шароит яратадиган омилларни бартараф этиш бўйича илмий асосланган “ҳаракатлар формуласи” асосида ташкил этилди.

Ички ишлар органларининг қуйи бўғинларини кучайтиришга, маъмурий-ҳудудий бирликлар доирасида тузилиб, фаолият юритаётган секторларда ишларни самарали ташкил этишга, одамларни ташвишлантираётган муаммоларни ҳал қилиш ва ҳуқуқ-тартиботни мустаҳкамлашга жамоатчиликни кенг жалб этиш орқали аҳолининг ишончини оқлашга қаратилган чора-тадбирлар натижасида республика ҳудудида жиноятларнинг сезиларли даражада камайишига эришилди.

Ички ишлар органлари тизимини тубдан ислоҳ қилиш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирларга қарамай, айрим раҳбар кадрлар ўтказилаётган ислоҳотларнинг мазмун-моҳиятини тўлиқ англаб етмай, ишларни эскича олиб бормоқда. Натижада бир қанча минтақаларда оғир ва ўта оғир жиноятлар, шунингдек, қидирувда бўлган шахслар сони ортмоқда.

Муҳокама чоғида сенаторлар сабабсиз дарс қолдираётган ўқувчиларни ва тарбияси оғир вояга етмаганларни аниқлаш, уларга нисбатан бевосита мактаб, коллеж, лицей ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларида таълим муассасалари ўқитувчилари, ота-оналар иштирокида таъсирчан тарбиявий ва профилактика ишларини уюштириш учун профилактика инспекторларининг шахсий масъулиятини ошириш зарурлигига алоҳида эътибор қаратдилар.

Шунингдек, фуқаролар томонидан жойлардаги ички ишлар органларига мурожаатларда кўтарилаётган муаммоларни ўз вақтида ҳал қилишга эътибор қаратиш ҳам зарур.

Муҳокама давомида сенаторлар томонидан ички ишлар органлари фаолиятининг самарадорлигини янада оширишга қаратилган аниқ таклифлар ва тавсиялар билдирилди. Хусусан, профилактика инспекторларига яратилган қулай моддий-маиший шарт-шароитларни сақлаб қолиш, хизматни самарали амалга ошириш учун уларга кенг имкониятлар ва шарт-шароитлар яратиб бериш, шу жумладан, уларга хизматни ўташ ҳудудларида хизмат уйлари ажратиш ҳамда имтиёзли кредит асосида автомашина харид қилиш имкониятини бериш борасида ҳукумат томонидан кўрилаётган ишларни янада кучайтириш муҳимлиги қайд этилди. Соҳада амалга оширилаётган шу ва бошқа бир қатор чора-тадбирлар профилактика инспекторлари самарали хизмат кўрсатиши учун муҳим омилдир.

Муҳокама якунлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг тегишли қарори қабул қилинди.

Сўнгра сенаторлар томонидан Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигининг миллий қонун ҳужжатлари талабларини ҳамда 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясидан келиб чиқадиган вазифаларни бажариш борасидаги фаолияти тўғрисидаги ахбороти эшитилди ва муҳокама қилинди.

Таъкидланганидек, қисқа вақт ичида Ўзбекистон ташқи сиёсий фаолиятида катта ишлар амалга оширилди. Ўзбекистон томонидан хорижий давлатлар билан, биринчи навбатда, қўшни мамлакатлар билан олиб борилаётган очиқ, амалий, ўзаро манфаатли ташқи сиёсат бутун Марказий Осиё минтақаси учун муҳим аҳамиятга эга эканлиги қайд этилди. Қўшни мамлакатлар билан муносабатларда тамомила янги сиёсий муҳит қарор топтиришга, сиёсий ишонч даражасини янада оширишга ҳамда ҳамкорликнинг кўпгина соҳаларида юқори натижаларга эришилди.

Ўзбекистон Республикасининг Президенти Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида қўшни мамлакатлар билан давлат чегараларини делимитация ва демаркация қилиш ҳамда сув-энергетика муаммоларини ҳал этиш борасида музокаралар жараёни анча жонланди.

Бугунги кунда ташқи сиёсат хорижий давлатлар билан савдо-иқтисодий, инвестициявий ҳамкорлик ва туризмни ривожлантириш бўйича аниқ вазифаларни ҳал қилишга қаратилган.

Таъкидлаш жоизки, ҳисобот даврида мамлакатимиз ташқи сиёсий ва ташқи иқтисодий фаоллиги сезиларли даражада ошди. Жумладан, йил давомида олий даражада 22 та ўзаро ташриф амалга оширилди, 60 дан ортиқ давлат ва халқаро тузилмалар раҳбарлари билан учрашувлар ўтказилди. 400 га яқин ҳужжат, шу жумладан, 110 та халқаро шартнома – 21 таси давлатлараро, 48 таси ҳукуматлараро ва 41 таси идоралараро ҳужжат, шунингдек, муассаса ва минтақалар ўртасида 61 та ҳужжат имзоланди. Давлатимиз раҳбарининг ХХР, РФ, Туркия, АҚШ, Жанубий Кореяга қилган ташрифлари тарихий аҳамият касб этди. Хўжалик юритувчи субъектлар билан савдо-иқтисодий ва инвестициявий соҳаларда 60 миллиард АҚШ долларилик 200 дан ортиқ шартнома ва битимлар тузилди.

Икки томонлама келишувларни сўзсиз амалга ошириш учун савдо-иқтисодий, инвестициявий, технологик, молия-техник, транспорт-коммуникация ва маданий гуманитар ҳамкорликни ривожлантириш бўйича 41 та “йўл харитаси” тасдиқланди.

Ўзбекистоннинг хорижий мамлакатлар билан умумий товар айланмаси жорий йилнинг ўтган 10 ойи мобайнида 16,6 фоизга ошди ва 22 миллиард АҚШ долларидан зиёдни ташкил этди. Марказий Осиё мамлакатлари билан савдо-сотиқ қилиш бобида ижобий ўзгаришлар кузатилмоқда.

Халқаро ташкилотлар (БМТ, ШҲТ, МДҲ, ИҲТ) билан мулоқот янада самарали кечмоқда. Ўзбекистон бир қатор халқаро тузилмалар билан алоқаларини тиклади. Уларнинг имкониятларидан фойдаланиб, Ўзбекистон янги ташаббусларни илгари сурди ва улар жаҳон ҳамжамияти томонидан кенг маъқулланиб, қўллаб-қувватланди.

Шу билан бирга, вазирлик фаолиятида айрим муаммо ва камчиликлар қайд этилиб, уларни ҳал қилиш ва фаолиятини янада такомиллаштиришга қаратилган зарур чоралар кўрилиши талаб этилмоқда. Жумладан, ўтказилаётган халқаро тадбирларни аниқ мазмун билан янада бойитиш, уларнинг самарадорлигини ошириш ва эришилган келишувларнинг ижро этилиши устидан мониторингни кучайтириш борасидаги ишларни жонлантириш зарур.

Сенаторлар томонидан Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги фаолиятини янада такомиллаштиришга ва ҳисоботни эшитиш чоғида кўрсатилган мавжуд камчиликларни бартараф этишга қаратилган таклиф ва тавсиялар билдирилди.

Муҳокама якунига кўра, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг тегишли қарори қабул қилинди.

Сўнгра сенаторлар давлат эҳтиёжлари учун қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирувчи фермер хўжаликларининг таъминотчи, хизмат кўрсатувчи ҳамда бошқа ташкилотлар олдидаги қарздорлигини келтириб чиқарувчи сабаблар тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари – қишлоқ ва сув хўжалиги вазири З.Т.Мирзаевга юборилган парламент сўровига жавобни эшитдилар. Сенаторлар таъкидлаганидек, парламент сўровида кўтарилган масалаларни ҳал қилиш мақсадида Вазирлар Маҳкамасида вазирлик ва идоралар раҳбарларидан таркиб топган ишчи гуруҳ тузилди. Муаммони ўрганиш ва таҳлил қилиш натижаларига кўра ишчи гуруҳ томонидан чора-тадбирлар дастури тасдиқланиб, унга мувофиқ тегишли ишлар амалга оширилди. Хусусан, 2017 йилги пахта ҳосили хомашёсининг харид нархи 2016 йилдагига нисбатан 56 фоизга оширилди. Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг давлат хариди ва қишлоқ хўжалигини техника билан жиҳозлашни мақсадли молиялаштириш жамғармаси ташкил этилди. Ушбу Жамғарма томонидан 2017 йил ҳосили учун фермер хўжаликлари харажатларини молиялаштириш мақсадида 2 триллион 905 миллион сўм ёки 2016 йилга нисбатан 132 фоиз миқдорида имтиёзли кредитлар ажратилди.

Сўнгра сенаторлар Ўзбекистон Республикаси Олий суди таркибига ўзгартиришлар киритиш тўғрисидаги, Ўзбекистон Республикасининг Грузиядаги Фавқулодда ва мухтор элчиси лавозимига тайинлаш тўғрисидаги, Ўзбекистон Республикасининг Япониядаги Фавқулодда ва мухтор элчиси лавозимига тайинлаш тўғрисидаги масалаларни ҳамда Сенат ваколатига кирадиган бошқа қатор масалаларни кўриб чиқдилар.

Ўн учинчи ялпи мажлис давомида 26 та масала, шу жумладан, мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг самарадорлигини ошириш, халқаро ҳамкорликни ривожлантириш, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган вазифаларни амалга оширишга қаратилган 15 та қонун кўриб чиқилди. Таъкидланганидек, сенаторлар томонидан қабул қилинган қарорлар халқаро ҳамкорликни кенгайтиришнинг, мамлакатимиз теварагида хавфсизлик муҳитини яратиш, фуқаролар ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари кафолатларини янада мустаҳкамлашнинг, мамлакатимизда барқарорлик ва фаровонликни таъминлашнинг муҳим омили бўлиб хизмат қилади.

Шунинг билан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ўн учинчи ялпи мажлиси ўз ишини якунлади.

Манба:

Ўзбекистон Республикаси

Олий Мажлиси Сенатининг

Ахборот хизмати

 

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ўн учинчи ялпи мажлиси тўғрисида ахборот was last modified: Декабрь 22nd, 2017 by matbuot

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »