Вазифалар аниқ

26 Декабрь, 16:51 • Қашқадарё вилояти, Муносабат, Янгиликлар • 272 марта кўрилди • Комментариев к записи Вазифалар аниқ нет

Мен узоқ йиллар давлат идораларида хизмат қилдим. Шу иш фаолиятим давомида бир нарсага амин бўлдимки, мамлакатимиз тарихида илк бор ҳурматли Президентимиз янги амалиёт сифатида Олий Мажлисга Мурожаатнома билан чиқдилар. Ушбу Мурожаатномада илгари сурилган барча фикрлар, ғоялар ва ташаббуслар бутун халқимизни тўлқинлантириб юборди.

Мен Юртбошимизнинг барча йўналишлар қаторида суд-ҳуқуқ соҳасида билдирган фикрларини тўла қўллаб-қувватлайман. Тан олиб айтишимиз керакки, ўтган йиллар мобайнида ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан фуқароларнинг айримлари айбсиз айбдор сифатида ноҳақ тарзда жавобгарликка тортилди. Одамларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш ўрнига аксинча суд идоралари уларни асоссиз равишда айблашди. Шу туфайли ҳам бундай жабр кўрган одамларни суд идоралари томонидан оқлаш вақти келди. Бунинг учун нафақат ҳуқуқшунослар, балки биз депутатлар ҳам Президентимизга камарбаста бўлишимиз керак. Одамларни рози қилиш, уларнинг муаммоларини тинглаб, ҳал этишда амалий ёрдам беришимиз даркор. Президентимиз Мурожаатномада бот-бот тилга олиб ўтганларидек, мустақил Ўзбекистоннинг ҳар бир фуқароси бахтли ҳаёт нашидасини суришга ҳақлидир.

Президентимиз 2018 йилни “Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили” деб эълон қилдилар. Аҳамиятлиси шундаки, Ўзбекистон ”Адолат” социал-демократик партияси сайловолди дастурида ҳам бозор иқтисодиёти шароитида инновацион ғояларни ҳаётга кенг татбиқ этиш масаласи илгари сурилган. Биз депутатлар Президентимиз мурожаатида илгари сурилган барча вазифаларни бекаму-кўст адо этиш учун керак бўлса, ҳаловатдан кечиб ишлашимиз керак.

Мен депутат ва партия фаоли сифатида юртбошимиз Мурожаатномасида билдирилган барча ҳаётий фикрлардан тўғри хулоса чиқариб, барча фаолларимизни юртимиз тараққиёти, халқимиз фаровонлиги йўлида бирлашишга даъват этаман.

Абдуқаҳҳор АХМЕДОВ,

халқ депутатлари Қашқадарё вилоят

Кенгаши депутати

Вазифалар аниқ was last modified: Декабрь 26th, 2017 by matbuot

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »