Вазмин, изчил ва конструктив ташқи сиёсат келгуси йилда ҳам давом эттирилади

23 Декабрь, 11:11 • Депутат минбари, Муносабат, Фракция, Янгиликлар • 166 марта кўрилди • Комментариев к записи Вазмин, изчил ва конструктив ташқи сиёсат келгуси йилда ҳам давом эттирилади нет

Бугун пойтахтимиздаги Симпозиумлар саройида мамлакатимиз раҳбари Ш.М.Мирзиёевнинг Олий Мажлисга Мурожаатномаси муносабати билан йирик тадбир бўлиб ўтди. Унда Президент Ш.М.Мирзиёев мустақил Ўзбекистон тарихида илк бор Конституциямизда Президентга берилган ваколатдан фойдаланган ҳолда парламент олдида Мурожаатнома билан чиқиш қилди.

Мазкур Мурожаатнома ўзининг ниҳоятда кенг қамровлилиги ва долзарблиги билан алоҳида ажралиб туради. Унда ўтиб бораётган 2017 йилда Ўзбекистонни ривожлантиришнинг бешта устувор йўналишлари бўйича Ҳаракатлар Стратегиясида ва «халқ билан мулоқот — Инсон манфаатлари йили» давлат дастурида белгиланган вазифаларни бажариш йўлида қўлга киритилган амалий натижалар сарҳисоб қилинди ва 2018 йилдаги долзарб вазифалар белгилаб олинди.

Президентимиз 2018 йилни — «Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили», деб эълон қилишни таклиф этди.

Мурожаатнома дастурий аҳамиятга эга, зеро унда 2018 йилда Ўзбекистонда иқтисодий, ижтимоий, маданий, илмий-техникавий, ҳарбий ва бошқа соҳаларни ривожлантиришнинг муаммо ва ечимлари батафсил кўрсатиб ўтилди.

Жумладан, мамлакатимиз раҳбари Ўзбекистоннинг ташқи сиёсатида юз берган муҳим воқеаларни ҳам мухтасар таҳлил қилиб, келгуси йилда ушбу соҳада олдимизда турган стратегик мақсад ва вазифаларга алоҳида тўхталиб ўтди. Президентимиз бу борада аниқ таҳлилларга асосланган маълумотларни келтирар экан, 2017 йилда мамлакатимиз ташқи сиёсати учун анча сермаҳсул йил бўлганлигини қайд этди.

Дарҳақиқат, 2017 йил ташқи сиёсатимиз учун анча самарали йил сифатида Ўзбекистон тарихи зарварақларидан муҳим ўрин эгаллаши шубҳасиздир. Йил давомида жами бўлиб, мамлакатимизга ва хорижий мамлакатларга 21 та олий даражадаги ташрифлар амалга оширилди; мамлакатимиз раҳбари хорижий мамлакатларнинг 60 дан ортиқ давлат ва ҳукумат раҳбарлари билан учрашув ва мулоқотлар ўтказди. Ушбу олий даражадаги ташрифлар, учрашув ва мулоқотлар давомида умумий қиймати 60 млрд. долларга тенг бўлган 400 дан ортиқ катта-кичик шартнома ва битимлар имзоланди ҳамда ушбу аҳдлашувларни амалга ошириш учун ҳукуматимиз томонидан 40та “йўл харитаси” қабул қилиниб, ижрога қаратилди.

Президентимиз бугунги Мурожаатномада тўғри таъкидлаб ўтганидек, ўтиб бораётган 2017 йилда қатор нуфузли халқаро ва минтақавий ташкилотлар ҳамда хорижий мамлакатлар билан, энг аввало, Марказий Осиёдаги қўшни давлатлар билан алоқаларимиз анча мустаҳкамланди ва янги босқичга кўтарилди.

Масалан, Ўзбекистон — БМТ муносабатларини олайлик. 2017 йилда икки томонлама ҳамкорлик анча чуқурлашди, ўзаро ташрифлар анча интенсивлашди. Жумладан, БМТ Бош котиби А.Гуттереш, БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича Олий бош комиссари Зайд ал-Ҳусейн, БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича махсус маърузачиси Аҳмед Шаҳиннинг республикамизга ташрифи бўлиб ўтди. Қолаверса, 19-20 сентябр кунлари Президент Ш.М.Мирзиёев БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида маъруза билан иштирок этди. Ушбу тарихий маърузада мамлакатимиз раҳбари Марказий Осиёда тинчлик ва хавфсизликни таъминлаш ҳамда яхши қўшничилик ва конструктив ҳамкорлик муҳитини яратиш; эзгулик ва инсонпарварлик дини бўлмиш – ислом динини ҳимоя қилиш; ёшларни турли ёвуз кучларнинг чангалига тушиб қолишдан асраш ҳамда маърифатли қилиб тарбиялаш; минтақадаги трансчегаравий дарё сувларидан барчанинг манфаатларини ҳисобга олган ҳолда фойдаланиш; БМТ таркибий тузилмаларини бугунги давр талабларидан келиб чиққан ҳолда ислоҳ қилиш, хусусан, Хавфсизлик Кенгашини янада кенгайтириш билан боғлиқ ўта муҳим таклиф ва ташаббусларни илгари сурган эди.

2017 йилда, шунингдек, Ислом ҳамкорлик ташкилоти, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти, Мустақил давлатлар ҳамдўстлиги, Европада тикланиш ва тараққиёт банки, Осиё тараққиёт банки, Осиё инфратузилма ва инвестициялар банки каби халқаро ва минтақавий ташкилот ҳамда тузилмалар билан мамлакатимизнинг ўзаро муносабатлари янада мустақкамланди.

Ўтиб бораётган йилда республикамизнинг қатор хорижий давлатлар билан икки томонлама муносабатлари ҳам анча юксалди. Бунга икки томонлама ташрифлар, хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Туркманистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Россия, Хитой, Туркия, АҚШ, Корея Республикаси каби мамлакатларга амалга оширган ташрифлари сезиларли туртки берди.

Таъкидлаш жоизки, Президентимизнинг хорижий мамлакатларга қилган ҳар бир ташрифи ташқи сиёсатимизда алоҳида ўринга эга бўлди. Президентликка сайлангандан сўнг Ш.М.Мирзиёев ўзининг илк давлат ташрифини қўшни мамлакатлардан бирига амалга оширгани бежиз эмас, албатта. Бу ташқи сиёсатимизда қўшни давлатлар билан муносабатларга бундан кейин ҳам устувор аҳамият берилишидан далолат беради. Жумладан, Туркманистон, Қозоғистон, Қирғизистонга амалга оширилган ташрифларни алоҳида тилга олиш лозим. Қолаверса, Туркия, Хитой, Россия, Жанубий Кореяга ташрифлар ҳам ўта самарали бўлди. Ҳар бир ташриф нуфузли оммавий ахборот воситалари орқали кенг ёритилди, таниқли эксперт ва мутахассислар томонидан юқори баҳоланди.

Шу ўринда, Президентимизнинг ҳар бир ташрифи юксак натижалар билан якун топганини алоҳида эътироф этиш зарур. Масалан, Туркманистонга амалга оширилган ташриф давомида Амударё устида икки қардош халқни бир-бирига боғловчи дўстлик кўприги очилган бўлса, Қирғизистонга ташриф давомида ўзбек-қирғиз чегарасининг 85%ини делимитация ва демаркация қилиш бўйича муҳим келишувга эришилди. Туркияга ташриф давомида яқин йиллар ичида ўзаро савдо айрибошлаш ҳажмини ҳозирги 1.2 млрд. доллардан 3-4 млрд.га етказиш бўйича муҳим аҳдлашувларга эришилган бўлса, Хитойга ташриф давомида 23 млрд доллар миқдоридаги 100 дан ортиқ, Россияга ташриф давомида эса 16 млрд доллар ҳажмдаги 30 дан ортиқ турли шартнома ва келишувлар имзоланди.

Президентимиз Ш.М.Мирзиёевнинг дунёдаги энг нуфузли давлатлардан бири – АҚШ Президенти Д.Трамп билан Ар-Риёд ва Нью Йорк шаҳарларидаги учрашувларида, шунингдек, ўтган ҳафтада бўлиб ўтган телефон орқали мулоқот пайтида икки давлат ўртасида савдо-иқтисодий муносабатларни янада кенгайтириш масалалари қизғин муҳокама этилди.

2017 йилда ташқи сиёсатимизнинг энг асосий ютуғи сифатида Марказий Осиёдаги қўшни мамлакатлар билан ўзаро муносабатларнинг янги босқичга кўтарилганини қайд этиш мумкин. Қатор олим ва мутахассислар айнан Ўзбекистон раҳбарининг саъй-ҳаракатлари туфайли минтақа мамлакатлари ўртасидаги ўзаро муносабатларда анча жонланиш ва фаоллашув юз берганини эътироф этмоқдалар. Ҳақиқатан ҳам Ўзбекистоннинг минтақавий муаммоларга нисбатан янгича, прагматик ёндашуви бутун минтақада яхши қўшничилик ва конструктив ҳамкорлик муҳитининг қарор топишига, минтақа мамлакатлари ўртасида ўзаро товар айирбошлаш ҳажмининг ўртача 20-30 фоизга ошишига сабаб бўлди.

Шу билан бирга, минтақа мамлакатлари билан ўзаро ҳамкорлигимизни чуқурлаштириш, ўзаро товар айрибошлаш ҳажмини янада ошириш йўлида ҳали ишга солинмаган талайгина имкониятлар мавжуд. Шундан келиб чиққан ҳолда, жорий йилнинг ноябрь ойида Самарканда шаҳрида “Марказий Осиёда ягона тарих ва умумий келажак, барқарор тараққиёт йўлидаги ҳамкорлик“ деб номланган халқаро конференцияда минтақа мамлакатлари умумий келажакни биргаликда барпо этиш йўлида қатор вазифаларни белгилаб олдилар. Жумладан, савдо-иқтисодий алоқаларни янада кенгайтириш; транспорт-коммуникация соҳасини ривожланитириш ва минтақанинг транзит потенциалидан унумли фойдаланиш; минтақавий хавфсизлик ва барақарорликни таъминлаш; чегараларни делиматация ва демаркация қилиш ишларини ниҳоясига етказиш; сув ресурсларидан адолатли фойдаланиш; маданий-гуманитар алоқаларни, дўстлик ва яхши қўшничилик муносабатларини мустаҳкамлаш каби вазифалар шулар жумласидандир.

Бир сўз билан айтганда, 2017 йил ташқи сиёсатимиз учун ўта самарали йил бўлди. Ўзбекистон ўзининг тинчликсевар, прогрессив ташқи сиёсатини дунё ҳамжамиятига намойиш қилиш билан бирга, у билан ҳамкорликни чуқурлаштиришга тайёр эканлигини кўрсатди. Шу билан бирга, Президентимизнинг Олий Мажлисга Мурожаатномасида қайд этилганидек, бошланган ишларимиз 2018 йилда ҳам изчиллик билан давом эттирилади. Айниқса, халқаро ташкилотлар, халқаро минтақавий ташкилотлар, ривожланган ва ривожланаётган мамлакатлар билан, хусусан, митақамиздаги қўшни мамлакатлар билан турли соҳаларда конструктив ҳамкорлик алоқаларини янада ривожлантиришга устувор аҳамият қаратилади. Шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг хорижий мамлакатлардаги дипломатик ваколатхоналари фаолиятига баҳо беришнинг тамомила янги мезонлари ишлаб чиқилиши, жумладан, уларнинг хорижий инвестицияларни мамлакатимиз иқтисодиётига нечоғлик фаол жалб қилганлиги ҳам албатта ҳисобга олиниши кутилмоқда.

Қодир ЖЎРАЕВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги

Ўзбекистон “Адолат» СДП фракцияси аъзоси

 

Вазмин, изчил ва конструктив ташқи сиёсат келгуси йилда ҳам давом эттирилади was last modified: Декабрь 23rd, 2017 by matbuot

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »