Янги марралар сари

30 Декабрь, 11:23 • Муносабат, Навоий вилояти, Янгиликлар • 223 марта кўрилди • Комментариев к записи Янги марралар сари нет

Халқимиз ва мамлакатимиз ҳаётида ўчмас из қолдирган 2017 йил ҳам поёнига етмоқда. Уни катта ҳаяжонлар билан кузатган ҳолда мустақиллигимизнинг йигирма еттинчи йилини кутиб оламиз. Одатдагидек, якунланаётган йилда амалга оширган ишларимизни сарҳисоб қилиб, янги йил учун режалар тузамиз. Кўнглимиздан ортда қолаётган йилда нималарга эришдигу нималарни бой бердик, деган савол ўтади. Шунда янги 2018 йилда мамлакатимиз, юртдошларимиз учун мустақиллигимизни янада мустаҳкамлаш, турмушимизни бундан-да фаровон этиш йўлида белни янада маҳкам боғлаб, қалбу вужудимизга чинакамига ватанпарварлик туйғуларини жо этган ҳолда янада катта куч-ғайрат ва шижоат намуналарини кўрсатишимиз зарурлигини юракдан ҳис этаман.

Ҳақиқатдан ҳам 2017 йил порлоқ истиқбол сари ўзига ишонч билан дадил одимлаётган Ўзбекистоннинг ижтимоий-иқтисодий тараққиётида, унинг бутун дунё миқёсидаги обру-эътибори ва мавқеи кўтарилишида унутилмас йил бўлганлиги шубҳасиз. Айниқса, муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 79-сессиясидаги сермазмун нутқи бу борада муҳим аҳамият касб этди. Ўзбекистонимизни яна бир бор бутун бўй-басти, имкониятлари билан дунёга танитди.

2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясининг қабул қилиниб, амалга оширилаётганлиги давлат ва жамият тараққиётида янги босқични бошлаб берди. 2017 йилнинг Президентимиз ташаббуси билан “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” деб эълон қилинганлиги эса кутилганидан ҳам ортиқ натижа берди. Жамиятимизда демократик тамойилларнинг янада устуворлик касб этишини таъминлади.

Мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, уларнинг натижалари ва келгуси 2018 йилда амалга оширилиши зарур бўлган устувор вазифалар Президентимизнинг Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг 25 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги маърузаси ҳамда мамлакатимиз Парламентига тақдим этган Мурожаатномасида ўз ифодасини топди.

Давлатимиз раҳбари томонидан янги 2018 йилнинг “Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоя ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили” деб эълон қилинганлиги айни муддао бўлди. Чунки, ҳозирги шиддаткор замонда давлат ва жамият тараққиётини янги фикр, инновацион ғоялар ва технологияларсиз тасаввур этиб бўлмайди.

Муҳтарам Президентимизнинг Мурожаатномаси бутун халқимиз, жумладан, биз халқ ноиблари, сенатор ва депутатларнинг зиммамизга ҳам жуда катта масъулият юклади. Янги йил ва келгусидаги вазифаларимизни аниқ-равшан белгилаб берди. Ишонамизки, 2018 йил мамлакатимиз тарихида янада улкан бунёдкорликлар йили бўлади.

Гулчеҳра САТТОРОВА,

Олий Мажлис Сенати аъзоси,

халқ депутатлари Навоий вилоят

 Кенгаши депутати

Янги марралар сари was last modified: Декабрь 30th, 2017 by matbuot

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »