Янгиариқ туман Кенгаши сессиясига масала киритилди

26 Декабрь, 14:52 • Партия лойиҳаси, Хоразм вилояти, Янгиликлар • 40 марта кўрилди • Комментариев к записи Янгиариқ туман Кенгаши сессиясига масала киритилди нет

Халқ депутатлари Янгиариқ туман Кенгашидаги Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси депутатлик гуруҳи ташаббуси билан Давлат ва хўжалик бошқаруви ҳамда хўжалик юритувчи субъектлар томонидан ходимлар меҳнат фаолиятига оид ҳужжатларни архив муассасаларига топшириш, туманда ушбу соҳага оид қонунчиликка амал қилиш ҳолати бўйича олиб борилган ўрганишлар натижаси Янгиариқ туман Кенгаши сессиясига киритилди.

Партиямизнинг “Адолат – қонун устуворлигида” лойиҳаси доирасида ўрганилган ушбу масала муҳокама этилган сессияда Янгиариқ туман Кенгаши депутатлари билан бир қаторда партия фаоллари, мутасадди ташкилотлар раҳбарлари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этишди.

Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили муносабати билан инсон манфаатларини ҳимоя қилиш, жамиятда адолат тамойили ва қонун устуворлигини таъминлаш вазифаларини янада кучайтиришни тақозо этмоқда. Бугунги кунда мансабдор шахсларнинг эътиборсизлиги туфайли архив ишлари йўлга қўйилмаганлиги, ҳусусий сектор вакилларининг бу соҳани етарли даражада тушунмаслиги оқибатида ҳужжатларни сақлаш талаблари бузилиши кузатилмоқда. Айниқса, фаолияти тугатилган юридик шахсларнинг ходимлар иш фаолиятига оид ҳужжатлари архивга топширилмасдан йўқолиб кетмоқда ва оқибатда фуқаролар пенсияга чиқиш учун ташкилотма-ташкилот юриб ойлаб ҳужжат йиғишга, пенсия олиш ҳуқуқининг бузилишига сабаб бўлмоқда.

Шу ўринда Ўзбекистон “Адолат” СДПнинг 2017 йилга мўлжалланган иш режасининг 26-банди ижросини таъминлаш ҳамда партия сайловолди дастурида илгари сурилган устувор вазифаларни амалга ошириш мақсадида “Адолат-қонун устуворлигида” лойиҳаси доирасида партия Янгиариқ туман ташкилоти томонидан 5 нафар аъзодан иборат ишчи гуруҳ тузилиб, тумандаги Ободонлаштириш бошқармаси, туман Йўллардан фойдаланиш унитар корхонаси, ХТМФМТТЭ туман бўлими, “Шимолгазтаъминот” унитар корхонаси туман филиали, туман Хусусий уй-жой мулкдорлиги ширкати, Хоразм махсус тармоқ лойиҳа қурилиш МЧЖ, Хоразм балиқ МЧЖ, туман Солиқ инспекцияси, Янгиариқ МТП МЧЖ, Янгиариқ туман Давлат архиви бўлими ҳисобидаги шахсий ҳужжатлари 10 та ташкилотда махсус саволнома асосида ўрганилди. Идоравий архив мавжудлиги ҳолати мониторинг қилинганда 10 та ташкилотдан 8 тасида идоравий архив мавжуд бўлиб, Янгиариқ туман ХТМФМТТЭ туман бўлимида, Хоразм махсус тармоқ лойиҳа қурилиш ташкилотларида идоравий архив мавжуд эмаслиги маълум бўлди. Ташкилотлар идоравий архивга беркитилган ходимлар билан таъминланганлик ҳолати ўрганилганда ХТМФМТТЭ туман бўлими, “Шимолгазтаъминот” унитар корхонаси туман филиали, Янгиариқ МТП масъулияти чекланган жамият корхоналаридаги архив ходимлари жамоатчилик асосида, туман Йўллардан фойдаланиш унитар корхонаси, “Хоразмбалиқ” МЧЖ, Янгиариқ туман Давлат Солиқ Инспекцияси, туман Ободонлаштириш бошқармаси ҳамда Хоразм махсус тармоқ лойиҳа қурилиш МЧЖ ташкилотларида ишчи ходимларга беркитилган.

Сессия давомида юқорида қайд этилган муаммолардан келиб чиққан ҳолда, 3 ой муддатда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1999 йил 30 октябрдаги қарори билан тасдиқланган “Ўзбекистон Республикаси давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, корхоналар, муассасалар ва бошқа ташкилотлардаги идоравий архив тўғрисида”ги Намунавий Низом талабларига мос равишда идоравий архив шакллантирилиб, бир нафар архив учун масъул шахс беркитилиши ва бу хақда вилоят Кенгашига тақдим этилиб борилиши ва 6 ой муддатда идоравий архивда сақлаш имконияти мавжуд бўлмаган барча ҳужжатларни давлат архивига топшириш чораларини кўриш тумандаги барча давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, корхона-ташкилотлар, муассасалар ва хўжалик юритувчи субъектлар раҳбарлари зиммасига, 2 ой муддатда 2012-2017 йилларда фаолиятини тугатган ташкилотларнинг нечтаси ҳужжатларини архивга топширганлиги тўғрисидаги маълумотнома мавжудлигини ўрганиб туман Кенгашига тақдим этиш ҳамда тугатилаётган ҳар қандай муассаса ва ташкилот ҳужжатларини қонунчиликда белгиланган тартибда туман архивига топширилишини қатъий назоратга олиш “Ягона дарча” маркази директори У. Ибрагимов зиммасига юклатилди.

Шунингдек, 3 ой муддат ичида туман давлат архиви билан биргаликда туман давлат архивини бино билан таъминлаш чораларини кўриш туман ҳокими ўринбосари А. Эламанов зиммасига, тумандаги барча корхона ташкилотларга идоравий архив ҳужжатларини шакллантириш бўйича амалий ёрдам кўрсатиш ҳамда 2 ой муддатда туман шахсий таркиб давлат архиви моддий-техник базасини яхшилаш бўйича чора-тадбирлар режасини ишлаб чиқиш вазифаси туман Шахсий таркиб давлат архиви директори М. Отаназаровга топширилди.

Қарор ижросини назорат қилиш халқ депутатлари туман Кенгаши “Қонунийлик, ҳуқуқ тартибот ва фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш ва депутатлик одоби масалалари бўйича доимий комиссияси раиси Т.Отажанов зиммасига юклатилди.

Замира АБДУЛЛАЕВА,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Хоразм вилоят Кенгаши

матбуот котиби

Янгиариқ туман Кенгаши сессиясига масала киритилди was last modified: Декабрь 26th, 2017 by matbuot

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »