Ёш истеъдодлар партия эътиборида

18 Декабрь, 14:55 • Партия лойиҳаси, Тошкент вилояти, Янгиликлар • 383 марта кўрилди • Комментариев к записи Ёш истеъдодлар партия эътиборида нет

Куни кеча Ўзбекистон “Адолат” СДП Қибрай тумани Кенгаши томонидан Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 25 йиллиги муносабати билан партиянинг “Ватан келажаги ёшлар қўлида” лойиҳаси доирасида “Адолат” истеъдодларни кашф этади” деб номланган маънавий-маърифий тадбир ташкил этилди.

Партиянинг “Ёш адолатчилар” вилоят, туман Кенгаши аъзолари ҳамкорлигидаги тадбир “Дўрмон” маданият саройида бўлиб ўтди. Маълумки, Сайловолди дастуримизда иқтидорли ва истеъдодли ёшларни қўллаб-қувватлашга, уларнинг жамиятдаги сиёсий фаоллигини оширишга катта аҳамият берилган. Ана шу маънода ўтказилган кечада Қибрай туманидаги санъатнинг турли йўналишларида ижод қилаётган ҳаваскор ёшларни кашф этишга эътибор қаратилди.

Унда партия Сиёсий Кенгаши аъзолари, Марказий аппарат масъул ходимлари, “Аёллар қаноти” фаоллари, халқ депутатлари Қибрай тумани Кенгаши депутатлари, Тошкент вилояти Кенгаши ходимлари, шаҳар, туман Кенгашлари раислари ҳамда ОАВлари вакиллари иштирок этди.

Тадбирда тумандаги Тошкент вилояти Педагогика касб-ҳунар коллежи, Тадбиркорлик, Энергетика, Қишлоқ хўжалиги, Молия касб-ҳунар коллежлари, 1, 6, 17, 28-умумтаълим мактабларининг истеъдодли ўқувчилари ҳамда “Чинобод” маҳалласининг санъатга қизиқувчан имконияти чекланган ёшлари иштирок этишди. Иштирокчилар ўзларининг Ватанни мадҳ этувчи куй-қўшиқлари, шеър ва рақслари, ёшларни турли зарарли иллатлардан асрагувчи саҳна кўринишларини намойиш этишди.

Абдукамол Рахмонов, Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши раиси ўринбосари:

Республика бўйлаб ёш истеъдодларни кашф қилиш, уларни юзага чиқариш, интилишларидан келиб чиқиб, энг сараларини қўллаб-қувватлаш ҳамда рағбатлантириш сайловолди дастуримизнинг бош мақсадларидан биридир. Барчамизга маълумки, давлатимиз томонидан ёшларга қаратилаётган эътиборга бугун бутун дунё лол қолмоқда. Ана шундай эзгу ислоҳотларнинг ижрочиси сифатида партиянинг Қибрай тумани Кенгаши ёш истеъдодларни бир саҳнада бирлаштириб, уларнинг бор маҳоратларини тенгдошларига тақдим этишнинг ўзи қувонарли ҳолдир. Албатта, ёшларимизни маънавий етукликка чорловчи мана шундай тадбирларимизни барча вилоят Кенгашларимизда ҳам ўтказишимиз лозим.

Тадбир давомида имконияти чекланган ёшларнинг жонли ижродаги қўшиқлари йиғилганларни лол қолдирди. Айниқса, тумандаги Тадбиркорлик касб-ҳунар коллежининг “Замин” ҳамда 17-умумтаълим мактабининг “Антиқа” гуруҳлари томонидан ёшлар ўртасида одам савдосига қарши курашиш, ноқонуний миграцияни олдини олиш, жиноятчиликка қарши курашиш каби долзарб мавзуларда саҳна кўринишларини намойиш қилиши томошабинларда катта таассурот қолдирди.

Азамат Акромов, Ўзбекистон “Адолат” СДП Қибрай тумани Кенгаши раиси:

  • Ўтказган тадбиримиздан кўзланган мақсад, тумандаги истеъдодларни ўз тенгдошлари олдида кашф этиб, қолганларни ҳам уларнинг ортидан эргаштиришдир. Албатта, қалбида санъатга меҳри бўлган ҳеч бир ниҳол, ёт ғоялар таъсирига тушиб қолмайди. Шунинг учун бугунги ижодий учрашувнинг иштирокчиси ҳам томошабини ҳам асосан ёшлар бўлди.

Тадбирга 200 нафардан ортиқ туман ёшлари қамраб олинди. Саҳнадаги ҳар бир чиқиш ўзига хос кўринишга эга бўлиб, тарбиявий мазмунга эгалиги билан аҳамиятлидир.

Сардор Шодмонзода, “Ёш адолатчилар” Қибрай тумани Кенгаши раиси:

  • Партия ташаббуси билан уюштирилган тадбир биз ёшларнинг ижодий изланишларимизга туртки бўлди, десам янглишмаган бўламан. Ҳар бир тенгдошимнинг саҳнада туриб ўз истеъдодини юракдан кўрсата олиши, бу ҳам бир бахтдир. Албатта, бугунги илк чиқишларимиз эртанги катта саҳналарга дадил қадам қўйишимизда катта мактаб вазифасини ўтайди.

Тадбир якунида барча иштирокчилар партиянинг Тошкент вилояти Кенгаши томонидан фахрий ёрлиқ ва эсдалик совғалар билан тақдирландилар.

Зулайҳо ЧЎЛПОНОВА,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Тошкент вилояти Кенгаши

матбуот котиби

 

Ёш истеъдодлар партия эътиборида was last modified: Декабрь 18th, 2017 by matbuot

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »