Ёшлар – келажагимиз пойдевори

14 Декабрь, 16:48 • Ёш адолатчилар, Жиззах вилояти, Янгиликлар • 205 марта кўрилди • Комментариев к записи Ёшлар – келажагимиз пойдевори нет

Одам боласи дунёга шунчаки эмас, балки ҳазрат Навоий айтганларидек, комилликка етишиш, ўз атрофидаги одамлар таъсирида камолот пилла­пояларини забт этиш учун келади. Маънан бой, жисмонан соғлом ва ахлоқан пок бўлиб боргани сари унинг оиласи, манзил-макони гўзаллашиб, ҳаёти файзли бўлади. Ватан меҳри эса ҳамиша унга куч- қувват бағишлайди.

Ёшлар – юртимиз келажагининг пойдевори. Шундай экан, уларни Ватанга садоқат, миллий қадриятларга муҳаббат, ота-онага ҳурмат руҳида тарбиялаш бугунги куннинг устувор вазифаларидан биридир.

Маълумки, ҳозирги даврда жамият тараққиёти ўсиб келаётган ёш авлоднинг соғлом ҳамда баркамол бўлиши билан чамбарчас боғлиқ. Бунинг учун давлатимиз томонидан барча шарт-шароитлар яратилган.

Йигирма биринчи асрда мафкуравий курашларнинг ақл бовар қилмайдиган турлари пайдо бўлмоқда. Хусусан, ҳеч бир халқнинг миллий, маънавий анъаналарига асосланмаган, фақат инсоний ахлоққа терс ҳаёт тарзига чақирувчи “оммавий маданият”нинг ташвишли томонлари жуда кўп. Айрим ғоявий тузоқлар кўринишидан аср янгилиги ёки “маданият”ига ўхшасада, улар кишиларга, айниқса, ёшларга мойдек ёқиши билан янада хатарлидир. Чунончи, “оммавий маданият” бирор бир миллатнинг маънавиятига асосланмаганлиги, балки ҳар бир миллатнинг маданият ва маънавиятига таҳдид  бўлганлиги учун ҳам айни маданиятсизликдир. Бугунги кунда унинг таъсири кучайиб, ҳеч бир халқнинг миллий ва маънавий анъанаси, одатларига тўғри келмайдиган турли “урф-одатлар” кўпаймоқда. Ачинарлиси, айрим ёшлар унинг таъсирига тушиб қолишмоқда.

Бундай ёт ғоялар таъсирига тушиб қолган айрим ёшларда бузғунчилик, зўравонлик кайфиятини уйғотишининг олдини олиш мақсадида Ўзбекистон “Адолат” СДП Жиззах вилоят Кенгаши ҳамда шаҳар ва туман Кенгашлари томонидан турли хил тадбирлар ташкиллаштирилмоқда. Жумладан, уюшмаган ёшлар ўртасида мини футбол, шахмат, стол тенниси каби турли спорт мусобақалари мунтазам ўтказиб келинмоқда.

Қолаверса, ёшларнинг онгида маънавий бўшлиқ қолдирмаслик мақсадида партиянинг “Ватан келажаги ёшлар қўлида” лойиҳаси доирасида “Депутат – ёшлар даврасида”, “Фарзандлари соғлом юрт – қудратли бўлур” лойиҳалари доирасида “Биз одам савдоси ва турли экстремистик оқимларга қаршимиз”, “Яхши касб-етук мутахассис-муносиб иш ҳаққи” лойиҳаси доирасида “Касбим менинг – фахрим менинг”, “Ўзбекистон – инсон қадри улуғланган юрт” лойиҳаси доирасида “Биз ҳеч кимдан кам эмасмиз, кам бўлмаймиз ҳам!” мавзуларида маънавий-маърифий тадбирлар ўтказилмоқда.

Бундан ташқари вилоят Халқ таълими бошқармаси ҳамда унинг ҳудудий бўлимлари билан ҳамкорликда мактаб ўқувчиларининг ижтимоий-сиёсий онгини ошириш, уларнинг ҳуқуқий маданиятини шакллантириш мақсадида турли хил семинарлар ташкиллаштирилмоқда.

Бундай маънавий-маърифий тадбирлардан кўзланган асосий мақсад, ёшларни бузғунчиликка, зўравонликка асосланган турли хил ёт ғоялар таъсирига тушиб қолишдан асраш ва уюшмаган ёшларни маълум бир мақсад йўлида бирлаштириш, бугунги тезкор замонда интернетдан тўғри фойдаланиш, фарзандларимизга ёшликдан касб-ҳунар ўргатиш, уларнинг бўш вақтларини мазмунли ўтказишдан иборатдир.

Пўлат ҲАМЗАЕВ,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Жиззах вилоят Кенгаши раиси

 ўринбосари

Ёшлар – келажагимиз пойдевори was last modified: Декабрь 14th, 2017 by matbuot

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »