2018 йилги солиқ ва бюджет сиёсати: интизомли, ҳалол солиқ тўловчилар учун имтиёзлар

20 Январь, 10:55 • Депутат минбари, Муносабат, Фракция, Янгиликлар • 57 марта кўрилди • Комментариев к записи 2018 йилги солиқ ва бюджет сиёсати: интизомли, ҳалол солиқ тўловчилар учун имтиёзлар нет

Маълумки, бюджет сиёсати мамлакат тараққиёти, аҳоли турмуш даражасини оширишнинг муҳим омилларидан бири ҳисобланади. Шунинг учун уни режалаштиришда ҳеч қайси соҳани назардан четда қолдириб бўлмайди. Хўш, жорий йилда бу борада қандай ўзгаришлар назарда тутилган?

Таъкидлаш лозимки, 2018 йилга мўлжалланган солиқ-бюджет сиёсатининг асосий йўналишларида солиқ юкини янада қисқартириш, солиқ ва мажбурий тўловлар миқдорини камайтириш, маҳаллий бюджетлар даромад базасини мустаҳкамлаш ва уларнинг мустақиллигини ошириш, маблағлардан оқилона фойдаланиш ҳамда бюджетга тушумларнинг тўлиқлигини таъминлаш белгилангани билан аҳамиятлидир.

Жумладан, жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғини бюджетга ўтказиладиган ставкаларининг энг кам иш ҳақи миқдори 1 бараваригача 0 фоиз, 1 бараваридан 5 бараваригача 7,5 фоиз, 5 бараваридан 10 бараваригача 16,5 фоиз, 10 бараваридан юқори 22,5 фоиз қилиб белгиланди. Аввалги йилда эса учинчи ва тўртинчи поғоналари тегишлилигича 17 ва 23 фоизни ташкил этган. Шунингдек, шахсий жамғариб бориладиган пенсия ҳисобварағига ажратмалар миқдорини 2 фоизгача ошириш ҳисобига ҳам жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи бўйича солиқ юки камайтирилмоқда. Ушбу ажратма миқдори 2017 йилда 1 фоизни ташкил этган эди. Бунинг натижасида фуқаролар шахсий жамғариб бориладиган пенсия ҳисобварағига кўпроқ миқдорда маблағ йиғилади.

Давлат мақсадли жамғармаларига мажбурий ажратмалар, яъни Пенсия жамғармасига, Республика йўл жамғармасига, Таълим ва тиббиёт муассасаларининг моддий-техник базасини ривожлантириш жамғармасига ажратиладиган мажбурий ажратмаларни битта тўловга – яъни давлат мақсадли жамғармаларига мажбурий ажратмаларга бирлаштириш билан бир вақтда умумий ставка 3,5 фоиздан 3,2 фоизга камайтирилмоқда. Натижада бир хил базага эга бўлган солиқлар ва тўловларни бирлаштириш йўли билан солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар сонини қисқартириш ва корхоналар ихтиёрида кўпроқ маблағлар қолишига эришилади.

Жорий йилдан фойда солиғи бўйича ҳам ўзгартиш киритилди. Яъни фойда солиғи ҳамда ободонлаштириш ва ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш солиғини битта солиққа – фойда солиғига бирлаштирилди ва 14 фоиз қилиб белгиланди. 2017 йилда эса бу кўрсаткич фойда солиғи бўйича 7,5 фоиз ҳамда ободонлаштириш ва ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш солиғи бўйича 8 фоизни, умумий 15,5 фоизни ташкил этган эди. Бунинг натижасида солиқ турлари биттага камайиб, соддалаштирилди ва йирик ташкилотлар умумий ҳисобда камроқ солиқ тўлашади ва пул маблағларини иқтисод қилишга эришадилар.

2018 йилдан нодавлат нотижорат ташкилотлари ҳам ягона солиқ тўловига ўтиши белгиланди. Аввал улар фақат умумбелгиланган тартибда солиқ тўлашган. Юқоридаги киритилган ўзгартишлар орқали жорий йил 1 январидан бошлаб нечта ходим фаолият юритишидан қатъи назар ягона солиққа ўтишлари мумкин. Бу эса уларга кўпроқ маблағни тежаш имконини беради.

Эндиликда юридик шахслар учун мол-мулк солиғи фақат кўчмас мулклар учун тўланиши белгиланди. Шу вақтга қадар балансида акс эттирилган асосий воситаларнинг йиллик ўртача қолдиқ қийматидан тўлаб келинган. Асосий воситалар таркибида бино ва иншоотлар, асбоб-ускуна ва жиҳозлар, ўтказувчи мосламалар, транспорт ва молиявий ижара лизинг шартномаси бўйича олинган бошқа асосий воситалар кирган. Бунинг натижасида юридик шахслар томонидан тўланадиган мулк солиғи миқдори камаяди ва ташкилотлар ҳисобида кўпроқ маблағ қолади.

Бундан ташқари, интизомли солиқ тўловчилар учун яна бир имтиёз, яъни Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 54-моддасига вақтинчалик молиявий қийинчиликларга учраган ҳалол солиқ тўловчи – хўжалик юритувчи субъектларга солиқ таътилларини бериш тартибини белгилаш тўғрисидаги норма киритилди. Бунга асосан вақтинчалик молиявий қийинчиликларга учраган ҳалол солиқ тўловчиларга – солиқ таътилини бериш тўғрисида тегишли қарор қабул қилинган кундан эътиборан йигирма тўрт ойгача бўлган муддатга берилади. Ҳалол солиқ тўловчиларга охирги икки йил давомида солиқ мажбуриятларини ўз вақтида ва тўлиқ бажариб келган солиқ тўловчилар кириши белгиланган.

Мазкур ўзгаришлар солиқ мажбуриятларини бажаришда солиқ тўловчиларга ҳар томонлама кўмаклашишга, солиққа оид ҳуқуқбузарликлар профилактикасининг таъсирчан механизмларини ишлаб чиқишга ва солиқ тўловчиларнинг ҳуқуқий маданиятини оширишга, солиқ назоратига оид замонавий услубларни жорий этишга, солиққа тортиш борасида муаммоли масалаларнинг камайишига, бюджетга солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларнинг тўғри ҳисобланиши, ўз вақтида ва тўлиқ ҳажмда тушиши таъминланишига хизмат қилади.

Абдуғани УМИРОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг

Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар

қўмитаси аъзоси

2018 йилги солиқ ва бюджет сиёсати: интизомли, ҳалол солиқ тўловчилар учун имтиёзлар was last modified: Январь 20th, 2018 by matbuot

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »