Аҳоли билан мулоқот ва муаммолар ечими

18 Январь, 18:29 • Депутат минбари, Тошкент шаҳри, Фракция, Янгиликлар • 173 марта кўрилди • Комментариев к записи Аҳоли билан мулоқот ва муаммолар ечими нет

Чилонзор туманида ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларни амалга ошириш жараёни билан танишиш мақсадида жорий йилнинг 15 январь санасидан бошлаб Олий Мажлис Сенат аъзолари ва Қонунчилик палатаси депутатлари, халқ депутатлари Тошкент шаҳар ва Чилонзор туман Кенгаши депутатлари ҳамда туман ҳокимияти ва мутасадди ташкилотлари вакилларидан иборат ишчи гуруҳи тузилиб, аҳоли билан мулоқотлар олиб боришмоқда.

Ўрганиш давомида аҳолининг ижтимоий таркиби таҳлил этилганда туманда 250 784 киши 51 та маҳалла фуқаролари йиғинларида истиқомат қилиши маълум бўлди.

Шунингдек, якка ёлғиз кексалар сони 485 та, ногиронлар сони 3631 та, уруш фахрийлари сони 53 та, пенсионерлар сони 35 000 та, юз ёшдан ошганлар сони 9 та, тадбиркорлик билан банд бўлган аҳоли сони 9910 та шундан, савдо-сотиқ билан шуғулланувчи аҳоли сони 7043 та, касаначилик билан банд бўлган аҳоли сони 206 та, миллий ҳунармандчилик билан шуғулланувчи аҳоли сони 131 та, чорвачилик, паррандачилик ва асаларичилик билан банд бўлган аҳоли сони 151 та, тадбиркорликнинг бошқа соҳалари билан шуғулланувчилар сони 3847 та, боқувчисини йўқотган оилалар сони 929 тани ташкил этиши ҳақида маълумот олинди.

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси аъзоси Улуғбек Саматов ишчи гуруҳи билан ҳамкорликда ҳудуддаги  муаммоларни ўрганиш ва уларга ечим топиш юзасидан аҳоли билан юзма-юз мулоқотлар олиб боришди.

Жумладан, Чилонзор тумани 19-мавзе «Хирмонтепа» ва «Шухрат» маҳалла ҳудудида жойлашган 536-сонли МТМ 170 нафар ўринга мўлжалланган. Бироқ «Хирмонтепа» ва «Шухрат» маҳалла фуқаролари сонини хатлов қилиш натижасида 500 га яқин 2 ёшдан 7 ёшгача бўлган болалар истиқомат қилиши аниқланган. Боғчадаги ўринлар сони камлиги боис, маҳалладаги кичик ёшли болаларни қамраб олишнинг имкони йўқ. Шу сабабли, аҳоли томонидан боғча ёнида жойлашган майдонда мактабгача таълим муассасаси қуриш таклифи берилди.

Таъкидлаш лозимки, депутатлар ва сенаторлар томонидан фуқаролар билан ўтказилган учрашувлар давлатимиз раҳбарининг жойларга бориб ҳалқ билан мулоқот қилиш, уларни қийнаётган масалаларни тинглаб муҳокама қилишга оид таклифи нақадар тўғрилигини, ҳаётийлигини ва самарадорлигини исботлаб берди.

Ҳудудларда ўтказилган бевосита очиқ мулоқотларда аҳоли мамлакатимизда олиб борилаётган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаётганлигини ҳамда мазкур жараёнлар уларнинг турмуш даражаси ва сифатини янада оширишга хизмат қилаётганлигини билдирди. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил
2 февралдаги “Иш ҳақи, пенсия, нафақа ва стипендияларни тўлаш механизмини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Қарори билан пенсионерлар, талабалар ва аҳолининг бошқа эҳтиёжманд қатламларига зарур товар ва хизматларни харид қилишда қулай шароитлар яратилганлиги, шунингдек уларни ўйлантираётган асосий муаммолардан бири тўлиқ ҳал этилганлиги таъкидланди.

Чилонзор тумани 19-мавзе, 3а-уй, 16-хонадонда яшовчи, 2001 йилда туғилган Ж.Тошмухамедов карате бўйича Осиё чемпиони. Бироқ Ж.Тошмухамедовнинг ота-онаси уни чет элда ўтказиладиган мусобақаларга бориши учун маблағ топишда қийналаётгани ҳақида маълум қилди. Ишчи гуруҳи томонидан муаммо юзасидан Республика болалар спортини ривожлантириш қўмитасига мурожаат этилди.

Чилонзор тумани 19-мавзе «Хирмонтепа» МФЙ 19-мавзе 41/1-уй 67-хонадонда яшовчи фуқаро Н.Захарчик «Заргарлик» кўчасига пиёдалар ўтиш чизиғи чизиш кераклиги ҳақида маълум қилди. Ушбу мурожаат ўрганиб чиқилди ҳамда туман ДАН бўлими  орқали ҳал этишга келишилди.

Чилонзор тумани, 1-мавзе, 14-уй, 44-хонадонда яшовчи фуқаро Абеязимов Мемайни доимий рўйхатга қўйиш ва фарзандини МТМга жойлаштириш бўйича мурожаати ишчи гуруҳи томонидан ижобий ҳал этилди.

Ишчи гуруҳи томонидан аҳоли билан мулоқот давомида Чилонзор тумани 19-мавзе «Шараф» МФЙ 26-уй 4-хонадонда яшовчи Қурбонов Мурод уйда 12 киши яшаши, уй сотиб олишга муҳтожлиги ҳақида маълум қилди. Мурожаат юзасидан Чилонзор туман ҳокимияти орқали Сергели туманида қурилаётган кўп қаватли уй-жойлар кредит асосида сотиб олиш бўйича ҳуқуқий маслаҳат берилди ва ҳужжатларни тайёрлашда амалий ёрдам кўрсатилди.

Чилонзор тумани 3-мавзе, 44-уй, 17-хонадонда яшовчи Сергеева Ольга кўп қаватли уй совуқ сув қувурлари алмаштирилиши кераклиги ҳақида мурожаат туман босқичли дастурига киритилди.

Мулоқотлар давомида Чилонзор тумани 19-мавзе «Хирмонтепа» ва «Кичик Хирмонтепа» МФЙ ҳамда «Хирмонтепа» ва «Шухрат» МФЙ оралиғидаги йўл, шунингдек, 3а-уйдан бошлаб «Баркамол авлод» РБТИМ ва 45-уйлар оралиғидаги йўлак, шу билан бирга 44-ва 42-кўп қаватли уйлар оралиғидаги йўллар таъмирталаблиги бўйича маълумотлар олинди. Масала туман ҳокимияти ички йўлларни таъмирлаш Дастурига киритилди.

Ўрганиш ва мулоқотлар давомида аҳоли томонидан уларни ўйлантираётган ва ўз ечимини кутаётган 190 та масала кўтарилган бўлса, улар юзасидан кўрилган зарур чора-тадбирлар натижасида 41 тасининг  жойида ҳал этилишига эришилди. Шунингдек, республика даражасида ҳал этилиши лозим бўлган масалалар юзасидан тегишли материаллар тўпланди.

Ишчи гуруҳи томонидан Чилонзор туман аҳолиси билан ўтказган учрашувлари катта қизиқиш уйғотиб, мулоқот давомида депутатлар 2018 йил Давлат дастури лойиҳаси хусусида ҳам тушунча бериб ўтдилар. Чилонзор туман аҳолиси билан учрашувлар давом этмоқда.

Ўзбекистон “Адолат” СДП Тошкент шаҳар Кенгаши

Аҳоли билан мулоқот ва муаммолар ечими was last modified: Январь 18th, 2018 by matbuot

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »