Narimon Umarov

Аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизмат сифати янада ошади

3 Январь, 12:07 • Муносабат, Муҳим хабарлар, Фракция, Янгиликлар • 174 марта кўрилди • Комментариев к записи Аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизмат сифати янада ошади нет

2017 йил мамлакатимиз ижтимоий-иқтисодий ҳаётида катта ўзгаришлар, янгиланишларга бой йил сифатида тарихда қолди. Шу қисқа давр мобайнида жамиятимизнинг барча соҳаларида амалга оширилган туб ислоҳотлар фақатгина инсон омилига йўналтирилгани, халқимизни ҳаётидан рози қилишга қаратилгани билан аҳамиятлидир.

Ўтган даврда энг бебаҳо бойлигимиз саналган аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш мақсадида соғлиқни сақлаш тизимида ҳам улкан янгиланишлар амалга оширилди. Айниқса, соғлиқни сақлаш тизими хусусий секторини янада ривожлантиришни давлат томонидан қўллаб-қувватлашга эътибор кучайди.

Президентимиз томонидан биргина ушбу тизимни ислоҳ этишга қаратилган 30 дан ортиқ Қарор ва Фармонлар қабул қилингани ҳам соҳага бўлган эътиборнинг нечоғлик юқори эканлигидан далолат беради.

Жумладан, Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 1 апрелдаги “Соғлиқни сақлаш соҳасида хусусий секторни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори натижасида соғлиқни сақлашнинг хусусий сектори томонидан кўрсатилаётган тиббий хизматлар сони қисқа вақт ичида 50 тадан 126 тагача ошган бўлса, хусусий тиббиёт ташкилотлари учун яратилган солиқ ва божхона имтиёзлари самараси ўлароқ бундай муассасалар сони бугунги кунда 4 мингдан ошди.

Жорий йилнинг 29 декабрь куни имзоланган Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Хусусий тиббиёт ташкилотларини янада ривожлантириш бўйича қўшимча шарт-шароитларни яратиш тўғрисида”ги қарори ҳам соғлиқни сақлашнинг хусусий секторини ривожлантиришни давлат томонидан ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга қаратилган яна бир муҳим қадам бўлди.

Ушбу Қарорда давлат тиббиёт ташкилотларининг ёрдамчи бўлинмаларини (озиқ-овқат блоклари, кир ювиш хоналари, тиббий чиқиндиларни йўқ қилиш ва ҳ.к.) хусусий сектор вакилларига бериш орқали давлат-хусусий шерикчилигини ривожлантириш бўйича чора-тадбирларни босқичма-босқич амалга ошириш назарда тутилганлиги аҳамиятлидир. Бундан ташқари, хусусий тиббиёт ташкилотларига шартнома асосида давлат тиббиёт ташкилотларининг баъзи бир тиббий хизмат турлари (лаборатория, гемодиализ, стерилизация ва бошқалар) ҳам ўтказилади. Бу эса ўз навбатида ахолимиз мухтож бўлган тиббий хизматнинг бир қатор турлари бўйича муассасалар кўпайиб, фуқароларга қулайликлар яратилади.

Халқаро тажрибадан келиб чиққан ҳолда таъкидлаш лозимки, бугунги кунда ижтимоий-иқтисодий масалаларни фақатгина давлат ҳокимияти органларининг хатти-ҳаракатлари билан ҳал этиб бўлмайди. Шу сабабли соғлиқни сақлаш соҳасидаги давлат ва хусусий бизнес ҳамкорлиги муҳим ўрин тутади.

Биз соғлиқни сақлаш соҳасидаги хусусий тадбиркорлик ташаббуслари социал-демократиянинг асосий ғояларини амалга оширишда муҳим восита бўлиб хизмат қилади, деб ҳисоблаймиз. Бу ўринда давлат ва хусусий бизнес ҳамкорлиги ўзаро фойдали шартларда ижтимоий аҳамиятга эга бўлган соғлиқни сақлаш соҳасидаги масалаларни ўзаро ҳамжиҳатликда ҳал этишда муҳим рол ўйнайди.

Янги қарорга кўра қишлоқ ва олис туманлардаги шифокорларнинг таъминланганлигини яхшилаш мақсадида тиббиёт ташкилотларида меҳнат қилаётган шифокор-пенсионерларга пенсияни тўлиқ миқдорда тўлаш белгилангани ҳам партиямиз электорати саналган тиббиёт ходимларининг ижтимоий ҳимоясини янада кучайтиришга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.

Қолаверса, нодавлат тиббиёт ташкилотларини ривожлантириш жамғармасининг маблағлари асосида юқори малакали хорижий мутахассисларни жалб қилиш, хусусий тиббиёт ташкилотлари шифокорларини малака ошириш учун хорижий мамлакатларга юбориш ҳамда нодавлат тиббиёт ташкилотларини замонавий тиббий асбоб-ускуналар билан жиҳозлашга йўналтирилиши, шу билан бирга, 2018-2019 ўқув йилидан бошлаб шартнома асосида хусусий тиббиёт муассасаларидан тиббий касб-ҳунар коллежлари ва олий таълим муассасалари талабалари, малакасини ошираётган амалиётчи шифокорлар учун ўқув база сифатида фойдаланиш назарда тутилганини ҳам соҳадаги ўта муҳим ислоҳотлар сифатида баҳолаш мумкин.

Бир сўз билан айтганда, мазкур Қарор соғлиқни сақлашнинг хусусий секторини жадал ривожлантириш орқали аҳолининг юқори малакали ва сифатли тиббий ёрдамдан фойдаланиш имкониятларини янада оширишга ҳамда фуқароларимизни соғлиқни сақлаш тизимига ишончини ортишига хизмат қилади.

Наримон УМАРОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси

Спикерининг ўринбосари,

Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси раҳбари

Аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизмат сифати янада ошади was last modified: Январь 9th, 2018 by matbuot

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »