“Адолат қабулхоналари”: таҳлил ва амалий натижалар

16 Январь, 12:30 • Адолат қабулхонаси, Янгиликлар • 110 марта кўрилди • Комментариев к записи “Адолат қабулхоналари”: таҳлил ва амалий натижалар нет

Етти йил деганда иккала фуқаронинг ҳам айбсизлиги исботланди, улар тегишли апелляция инстанция судининг ажрими билан тўлиқ равишда оқландилар.

Суд ҳукми билан жиноий ва маъмурий жавобгарликка тортилган фуқаролар Н.Аҳмедов ва М.Мирзаев бу вақт ичида айбсиз айбдор бўлиб қанча изтироб чекишди, қонуний ҳуқуқлари чекланганлиги уларнинг ўзи ва оиласига моддий ва маънавий жиҳатдан қанчалар зиён етказганини ҳисоблаб чиқиш мумкинми?!

Олмазор туманида истиқомат қилувчи фуқаро Н.Аҳмедов Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгашининг “Адолат қабулхонаси”га жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар Юнусобод туман суди томонидан 2010 йилда чиқарилган ҳукмдан норози бўлиб мурожаат қилган эди. Фуқаро бир неча бор тегишли идораларга арз қилиб, бирор натижа чиқмаганини, партия адолат қарор топишида кўмак беришига ишончи борлигини баён этганди. “Адолат қабулхонаси” томонидан ушбу масалада мутасадди идораларга мурожаат қилинди ва натижада жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар суди апелляция инстанциясининг 2017 йилги ажримига мувофиқ фуқаронинг қонуний ҳуқуқлари тикланишига эришилди.

Ажрим билан танишиб, 2010 йилда мазкур фуқароларга нисбатан суд ҳукмини чиқаришда дастлабки тергов ҳаракатлари бир томонлама, юзаки олиб борилганлигига лозим даражада эътибор қаратилмаганини англайсиз.

Хусусан, суднинг ҳукмига кўра, Н.Аҳмедов Юнусобод туман халқ таълими бўлимига қарашли 21-умумтаълим мактаби директори лавозимида ишлаб келиб, директор ўринбосари, шу билан бирга мактаб ғазначилик вазифасини бажариб келган М.Мирзаев билан олдиндан тил бириктириб, ўқитувчиларнинг иш ҳақлари ва уларга бериладиган устамаларнинг бир қисмини ўзлаштириш мақсадида 27 нафар ўқитувчининг ҳар биридан, ҳар ойда ойлик маошидан 6 минг сўмдан ушлаб қолиб, бу ҳам етмаганидек, имзоларни қалбакилаштириш орқали ҳам пул маблағларини ўзлаштириб келишган.

Қонун талабига кўра шахснинг ҳаракатларини ЖКнинг 167-моддаси билан квалификация қилиш учун талон-тарож қилинган мулк айбдор шахснинг ихтиёрига ишониб топширилган бўлиши лозим. Бироқ, иш ҳужжатларига кўра Н.Аҳмедовнинг 27 нафар ўқитувчининг ойлик иш ҳақларини ўзлаштирганлиги уларнинг бу ҳақида кўрсатмаларидан бошқа бирон-бир далиллар билан исботланмаган. Дейлик, қўйилган айблов бўйича Н.Аҳмедов мактаб ғазначиси М.Мирзаев билан бирга 2006 йилдан буён ўқитувчиларнинг иш ҳақларидан ушлаб қолганлиги қайд этилган. Аниқланишича, М.Мирзаев 2009 йил 31 августда мактабга хўжалик ишлари бўйича директор ўринбосари лавозимига тайинланган, 2010 йил 1 январдан унга қўшимча равишда ғазначи вазифаси юклатилган. Мактабда ғазначи вазифасини 2006 йил 5 сентябргача А.Абдувалиев, кейинчалик турли йилларда Н.Раҳматова, М.Мақсудова, М.Қудратова бажарган. Ажабланарлиси, дастлабки тергов ва биринчи босқич судида ғазначиларнинг бирортаси ҳам сўроқ қилинмаган ва масалага ойдинлик киритилмаган.

Мазкур мактабнинг 2007-2010 йиллардаги фаолияти Молия вазирлигининг Тошкент шаҳар назорат-тафтиш бошқармаси томонидан 2010 йил январь ойида текширилган бўлиб, тузилган далолатномага кўра мактаб ходимларининг ойлик иш ҳақлари билан боғлиқ муаммолар ёки мансабдор шахслар томонидан йўл қўйилган қонун бузилиши ҳолатлари аниқланмаган. Бу жиҳатдан ҳам тафовутлар суд томонидан тегишли тартибда ўрганилмаган. Афсуски, судланувчиларга нисбатан жиноят ишида далиллар билан исботланмаган бошқа айбловлар хусусида ҳам сўз юритиш, яъни мисолларни давом эттириш мумкин.

Суд ҳукмига кўра Н.Аҳмедовга Жиноят кодексининг тегишли моддаларига кўра энг кам ойлик иш ҳақининг 600 баравари миқдорида жарима, 3 йил муддатга мансабдор ва моддий жавобгар шахс лавозимларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиш жазолари, М.Мирзаевга энг кам ойлик иш ҳақининг 300 баравари миқдорида жарима, 3 йил муддатга мансабдор ва моддий жавобгар шахс лавозимларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиш жазолари тайинланган

Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар суди апелляция инстанциясининг 2011 йил 6 январдаги ажримига кўра юқоридаги суд ҳукми ўзгаришсиз қолдирилган. Натижада фуқароларнинг ўз ҳақ-ҳуқуқлари тикланиши умидида идорама-идора сарсонгарчиликлари давом этиб келган.

Иш материалларидан кўринишича, жиноят ишининг қўзғатилишига ушбу мактаб ўқитувчиларидан бирининг аризаси юзасидан Молия вазирлигининг Тошкент шаҳар назорат-тафтиш бошқармаси томонидан мактабда ўтказилган текшириш ҳужжатлари асос бўлган. Мазкур текшириш ҳужжатлари ўрганилганда мактаб ходимларининг 52 нафаридан тушунтириш хатлари олинганлиги, унда ходимлар ойлик иш ҳақларини тўлиқ олиб келишганлиги, ҳеч қандай даъвоси йўқлигини баён этишган бўлса, улардан 27 нафари дастлабки кўрсатмаларини ўзгартириб, 2010 йил 9 октябрда янгидан тушунтириш хатлари ёзишган. Айни шу даврда Н.Аҳмедов суднинг 8 октябрдаги қарорига кўра, эҳтиёт чораси сифатида маъмурий қамоқ жазосини ўтаётган бўлганлиги ҳам аниқ текширишларни тақозо қиларди. Чунки тушунтириш хатларининг қайта ёзилишида ноқонуний ҳолатларга йўл қўйилган бўлиши эҳтимолдан холи эмас эди.

Хуллас, текширишлар судланувчиларни оқлашга асос бўлувчи далиллар етарли эканини кўрсатди. Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар суди апелляция инстанцияси ажримига кўра жиноят ишлари бўйича Юнусобод туман судининг 2010 йил 3 декабрдаги Н.Аҳмедов ва М.Мирзаевга нисбатан чиқарган ҳукми бекор қилинди. Уларнинг қилмишида жиноят таркиби мавжуд эмаслиги сабабли Жиноят процессуал кодексининг 83-моддаси 2-бандига асосан тугатилиб, Н.Аҳмедов ва М.Мирзаев айбсиз деб топилиб, оқландилар.

— Адолат қарор топишида ёрдам берганингиз учун партия фаолларидан бениҳоя миннатдорман, — дейди Н.Аҳмедов. — Биз ўқитувчилар ёшларга билим бериш билан бирга уларга тўғрисўзлик, ҳалолликни ўргатамиз. Фарзандларимизнинг катта ёшдагиларга, айниқса, ота-онаси ва устозларига бўлган ҳурмат ва ишончи йиллар ўтгани сайин ортиб бориши лозим.

Ушбу мисол Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партиясининг “Адолат қабулхонаси”га келиб тушган мурожаатлардан бири қандай якун топганини ифодалайди.

Умуман, фуқароларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, ижтимоий адолатни қарор топтиришга доир бу каби амалий мисолларни кўплаб келтириб ўтиш мумкин.

Масалан, Ғаллаорол туман “Коризқудуқ” ҚФЙда яшовчи Б.Холбоевнинг солиқларни ўз вақтида тўлаб боришига қарамай туман солиқ бўлими томонидан фуқарога қарздорлик тўғрисида юборилган хатга ойдинлик киритишни сўраб “Адолат қабулхонаси”га йўллаган мурожаати мутасаддилар иштирокида ўрганилиб, қарздорлик асоссиз эканлиги исбот этилган бўлса, Уйчи тумани “Исломобод” МФЙда яшовчи А.Муродовнинг хонадонига ўрнатилган электр ҳисоблагичнинг носозлиги туфайли туман электр тармоқлари томонидан 1 143 326 сўм жаримага тортилгани юзасидан мурожаати ҳам туман электр тармоқлари корхонасига юборилган сўров орқали адолатли ҳал қилинди. Яъни жарима асоссиз қўллангани аниқланди ва фуқаро электр ҳисоблагични таъмирлаш учунгина тўловни амалга оширди.

Фарғона вилояти, Қувасой шаҳар “Сўфон” қишлоғида истиқомат қилувчи М.Абдураимовнинг ўз қишлоғида аҳолини дори-дармонлар билан таъминлашда етишмовчиликлар мавжудлиги бўйича йўллаган мурожаати шаҳар партия кенгаши раиси Д.Мирзаева ва депутататлик гуруҳи ҳамкорлигида ўрганилди. Шаҳар ҳокимлиги ва мутасадди ташкилотларга киритилган таклифлар самараси ўлароқ, ушбу масала 2017 йилнинг 31 декабрь куни бўлиб ўтган халқ депутатлари Қувасой шаҳар Кенгаши сессиясида муҳокама қилинди. Сессияда “Сўфон” қишлоғи аҳолисига дори-дармон воситалари ўз вақтида ва узлуксиз етказиб берилиши учун маҳаллий бюджетдан маблағ ажратиш тўғрисида қарор қабул қилинди. Партия депутатлик гуруҳининг таклифи билан ушбу сессияда бевосита иштирок этган М.Абдураимов долзарб ижтимоий масаланинг ижобий ечим топгани учун қишлоқдошлари номидан миннатдорлик билдирди.

Умуман, 2017 йилда Ўзбекистон “Адолат” СДП тизимидаги “Адолат қабулхоналари”га фуқаролар ва юридик шахслардан жами 1927 та мурожаат келган бўлиб, уларнинг 1220 таси партия депутатлик гуруҳлари ва фаоллари томонидан тегишли ижро органларига сўровлар чиқариш орқали ҳал этилган бўлса, 386 нафар фуқарога ҳуқуқий маслаҳат берилди. 300 дан ортиқ мурожаатлар айни вақтда ижро жараёнида бўлиб, улар устидан депутатлик назорати ўрнатилган.

Шу билан бирга, партия Сиёсий Кенгаши Марказий аппарати виртуал қабулхонасига келиб тушган 50 дан ортиқ мурожаатлар бўйича ҳам амалий ишлар олиб борилди.

Партия тизимидаги “Адолат қабулхоналари” фаолияти таҳлил қилинганда энг кўп мурожаатлар Қашқадарё (235 та), Хоразм (180 та), Андижон (156 та) вилоятларига тўғри келса, Бухоро (37 та), Сурхондарё (42 та), Сирдарё (69 та) вилоят кенгашлари қабулхоналарига бошқа ҳудудларга нисбатан кам мурожаатлар келиб тушган.

Мурожаатларни соҳалар кесимида таҳлил қилинганда уларнинг аксарияти бандлик (315 та), коммунал хўжалик (311 та), тадбиркорликни йўлга қўйиш (170 та), соғлиқни сақлаш (163 та), таълим (159 та), уй-жой, коммунал (131 та) соҳаларига доирлиги маълум бўлди. Шунингдек, мурожаатларда фуқаролар томонидан жамиятимизнинг турли соҳаларини ислоҳ этишга қаратилган 100 дан ортиқ таклифлар ҳам билдирилган.

Шу билан бирга, 2017 йилда аҳоли билан юзма-юз мулоқот ўрнатиш, уларни ўйлантираётган муаммоларни ўрганиш мақсадида партиянинг ҳудудий ва маҳаллий кенгашларида ташкил этилган ишчи гуруҳлари томонидан 6 732 маротаба сайёр қабуллар амалга оширилди. Ушбу сайёр қабулларда ҳамда хонадонма-хонадон учрашувлар давомида 123 000 нафардан ортиқ фуқаролар билан суҳбат олиб борилди ва ушбу суҳбатлар чоғида фуқаролар томонидан билдирилган 12 500 га яқин мурожаатларнинг 2 500 дан ортиғи ўз жойида ижобий ҳал қилинишига эришилди. Шунингдек, 6 500 дан ортиқ мурожаат бўйича ҳуқуқий маслаҳат берилган бўлса, 3 465 та мурожаатлар юзасидан тегишли ташкилотларга сўровлар чиқарилиб, депутатлик назорати ўрнатилди.

Бир сўз билан айтганда, “Адолат қабулхоналари” фуқароларнинг манфаатларини рўёбга чиқариш, жойларда мавжуд муаммоларни ҳал этиш билан бирга аҳолининг партиямизга бўлган ишончини мустаҳкамлашга ҳам хизмат қилмоқда. Яна бир муҳим жиҳати шундаки, бу жараёнларда партия депутатлари ва фаолларининг фуқаролар мурожаатлари билан ишлаш тажрибалари ортиб, жойлардаги ижро ҳокимияти органлари мансабдор шахсларининг масъулиятини кучайтиришда ҳам ижобий аҳамият касб этмоқда.

Дилором Маткаримова,

“Adolat” мухбири

“Адолат қабулхоналари”: таҳлил ва амалий натижалар was last modified: Январь 16th, 2018 by matbuot

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »