Ҳал этилаётган муаммолар тиббиётни аҳолига яқинлаштирмоқда

19 Январь, 15:58 • Андижон вилояти, Депутат минбари, Фракция, Янгиликлар • 66 марта кўрилди • Комментариев к записи Ҳал этилаётган муаммолар тиббиётни аҳолига яқинлаштирмоқда нет

Аввал хабар қилганимиздек Андижон вилоятидан сайланган Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати Мухаррам Дадаходжаева шу кунларда Хонобод шаҳрида амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар, аҳоли турмуш тарзи ва сайловчилардан тушган мурожаатлар юзасидан учрашув ва ўрганишларни давом эттирмоқда.

М.Дадаходжаева Олий Мажлис Қонунчилик палатасида жорий йил бошида тузилган Фуқароларнинг соғлиғини сақлаш масалалари қўмитасининг аъзоси сифатида соғлиқни сақлаш тизимидаги муаммоларни аниқлаш ва ҳал қилишга асосий эътиборни қаратмоқда.

Аҳоли саломатлиги йўлидаги бундай юзма-юз мулоқотлар жараёнида мурожаатларнинг ижобий ечим топиб бораётгани сайловчиларнинг депутатга бўлган ишончини тобора оширмоқда. Жумладан, М.Дадаходжаева аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизматлар сифатини яхшилаш борасида парламент, депутатлар ва жамоатчилик назорати самарадорлигини ошириш мақсадида Хонобод шаҳар тиббиёт бирлашмаси томонидан бугунги кунда аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизмат самарадорлиги билан танишиб, соҳа ходимлари ва беморлар билан очиқ мулоқот олиб борди.

Бугунги кунда Хонобод шаҳар тиббиёт бирлашмаси томонидан 100 ўринли шаҳар тиббиёт бирлашмаси марказий шифохонаси, 1 та шаҳар кўп тармоқли марказий поликлиникаси, 2 та ҚВП, 1 та тез тиббий ёрдам бўлими туманнинг 40610 нафар аҳолисига тиббий хизмат кўрсатиб келмоқда.

Аҳоли саломатлиги йўлида олиб борилаётган самарали ишлар натижасида биргина 2017 йил давомида Хонобод шаҳар тиббиёт бирлашмаси томонидан жами 2 та ортопедия мосламаси, 25 та аравача (2 таси болалар учун), 2 та қўлтиқтаёқ билан эҳтиёжманд аҳоли таъминланган. Аҳолига ўз вақтида ва сифатли тиббий хизмат кўрсатиш мақсадида 2017 йил давомида бирлашмага 2 та янги дамас тез тиббий ёрдам машинаси ажратилган. Декабрь ойида 1 та Хюндай русумидаги реанимобиль келтирилган. Ҳозирги кунда жами 3 та тез тиббий ёрдам машинаси соз ҳолатда фойдаланилмоқда.

Ўрганишлар натижасида Хонобод шаҳар тиббиёт бирлашмаси томонидан аҳолига кўрсатиб келинаётган тиббий хизмат сифатини ошириш масалаларида бир қатор қамчиликлар борлиги аниқланди.

Жумладан, Хонобод шаҳар тиббиёт бирлашмасида компьютер томограф мавжуд эмаслиги ҳамда бундай замонавий қурилма билан жиҳозлаш кўзда тутилмагани ва режалаштирилмагани бунинг натижасида шаҳар аҳолисининг тегишли қатлами, шу жумладан бирлашмага шошилинч ётқизилган беморларга ташхис қўйишда муаммолар келтириб чиқармоқда. Хонобод шаҳар бирлашмасида қурилиш реконструкция ишлари якунланган, лекин Марказий шифохона атроф девори тўла ўралмаган. Инвестиция дастури лойиҳасига қаттиқ жиҳозлар билан таъминланиш киритилмаган. Марказий шифохона стационар бўлимларидаги мавжуд қаттиқ жиҳоз ва операцион креслолар маънан эскирганлиги Бирлашмага “Тиббий хизмат” (вилоят муассасаларидан ажратилган дори воситалари ва жиҳозларни олиб келиш ва х.к.лар) учун автомашина мавжуд эмас. Кўп тармоқли Марказий поликлиникасида тор соҳа мутахассислари аҳоли сонидан келиб чиқиб ажратилган. Бунга асосан эндокринолог, инфекционист, гематолог, дерматовенеролог, ревматолог, нарколог лавозимлари 0,25 штат бирлиги тўғри келган. Бу эса ушбу соҳаларга мутахассисларни жалб қилишга монеълик қилмоқда. Натижада Бирлашма КТМПда ушбу лавозимлар вакант тарзида фаолият юритаётганликлари маълум бўлди. Мавжуд муаммога самарали ечим топиш учун Соғлиқни сақлаш ва Молия вазирликларига КТМП тор соҳа мутахассислари штат бирликларини энг камида 1.0 штат бирлигида ажратилиш масаласида депутат сўрови юбориладиган бўлди.

Шунингдек, Хонобод шаҳар Кампиробод МФЙ, “Мироб” кўчасида яшовчи 1975 йилда туғилган Ш.Акбаров икки томонлама коксоартроз касаллиги билан операцияга муҳтож эканлиги айтилди. Депутат сўровига асосан бемор Республика травматология ва ортопедия илмий текшириш институти мутахассислари томонидан операция қилиниши режалаштирилди.

Хонобод шаҳар Кампиробод МФЙ, “Санам” кўчаси 58-уйда яшовчи фуқаро М.Ботиржонов В20 ташхиси билан назоратда туриши, “Оби Ҳаёт” кўчасида яшовчи Н.Янгибоева сурункали жигар хасталиги билан даволанишга мухтожлиги юзасидан мурожаат қилишди. Ҳар иккала фуқаро мурожаатлари депутат томонидан шу жойнинг ўзида ҳал этилиб, кўрсатма асосида тиббиёт бирлашмаси томонидан стационарда даволанишлари ташкил этилди.

Шунингдек, Кампиробод МФЙ, “Мироб” кўчаси 33-уйда яшовчи фуқаро Ш.Акбаров болаликдан ногиронлиги ва саломатлигини тиклашда амалий ёрдам сўраганлиги атрофлича ўрганиб чиқилиб, тиббиёт бирлашмаси томонидан тиббий экспертизага йўналтирилди.

Умуман олганда юзма-юз, очиқ мулоқот тарзида олиб борилаётган учрашувларда аҳоли томонидан билдирилаётган мурожаатларнинг аксарият қисми ўша жойнинг ўзида ҳал этилмоқда. Вилоят, республика, вазирлик ва мутасадди ташкилотлар аралашувида ҳал этилиши лозим деб топилган мурожаатлар депутат томонидан белгилаб олиниб тегишлича депутатлик сўрови юбориш йўли билан ҳал этилиши белгиланмоқда.

Энг муҳими, аҳолини ўйлантираётган, қийнаётган масалалар юзасидан ҳудудларда иш олиб бориб, масалани жойида ҳал қилиш, тиббиётни аҳолига яқинлаштириш борасида аниқ ишлар олиб борилмоқда.

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Матбуот хизмати

Ҳал этилаётган муаммолар тиббиётни аҳолига яқинлаштирмоқда was last modified: Январь 19th, 2018 by matbuot

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »