Архивлар фаолияти – сессия муҳокамасида

15 Январь, 17:51 • Наманган вилояти, Партия лойиҳаси, Янгиликлар • 209 марта кўрилди • Комментариев к записи Архивлар фаолияти – сессия муҳокамасида нет

Халқ депутатлари Наманган вилоят кенгашининг навбатдаги сессияси бўлиб ўтди. Унда депутатлар Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси гуруҳи томонидан кун тартибига киритилган давлат ва хўжалик бошқарув органлари ҳамда хўжалик юритувчи субъектлар томонидан ходимлар меҳнат фаолиятига оид ҳужжатларни архив муассасаларига топшириш, ушбу соҳага оид қонунчиликка амал қилиш ҳолатини ўрганиш натижалари тўғрисидаги масалани ҳам муҳокама қилдилар.

– Биз вилоятда фаолият кўрсатаётган архив муассасалари ишини ўрганиб чиқишни ўз олдимизга мақсад қилиб қўйганимизда, уларнинг хизмат кўрсатиш даражаси замон талабига жавоб бериш-бермаслигини аниқлашни назарда тутган эдик, — дейди Ўзбекистон “Адолат” СДП Наманган вилоят кенгаши раиси вазифасини бажарувчи Исроил Жўраев. — Чунки ҳозирги замонда ҳужжатсиз ҳеч бир иш қилиб бўлмайди. Ўз навбатида мамлакатимизда ушбу соҳа фаолиятини такомиллаштириш юзасидан қатор ишлар амалга оширилаётганлигини қайд этиш лозим. Аммо ҳозирча хизмат кўрсатиш даражаси юқори даражага етди, дейиш қийин. Мазкур тармоқ ишини яхшилаш эса ҳеч шубҳасиз, фуқароларнинг манфаатларини ҳимоя қилиш, юзага келаётган муаммоларни бартараф этишга хизмат қилади.

Партиядошларимиз масалани “Адолат — қонун устуворлигида” лойиҳаси доирасида жамоатчилик назорати тартибида бевосита жойларда бўлиб ўрганиб чиқдилар. Бу жараёнда нафақат халқ депутатлари вилоят кенгашидаги “Адолат” СДП гуруҳи аъзолари, балки туман кенгашларининг депутатлари, фаоллар ҳам иштирок этдилар. Аниқланган ҳолатларни таҳлил этиш натижасида чиқарилган энг муҳим хулосалардан бири шуки, жойларда айрим мансабдор шахсларнинг эътиборсизлиги туфайли архив ишлари пухта йўлга қўйилмаган, айниқса, хусусий сектор вакилларининг соҳани етарли тушунмаслиги оқибатида ҳужжатларни сақлаш талаблари бузилиши кузатилмоқда. Хусусан, фаолияти тугатилган юридик шахсларда бундай камчиликлар кўп учрайди. Давлат ва хўжалик бошқаруви органлари ҳамда хўжалик юритувчи субъектлар томонидан ходимлар меҳнат фаолиятига оид ҳужжатларни давлат архивларига топшириш ҳолати, идоравий архивларнинг қандай фаолият юритаётганлиги билан бир қаторда архив муассасаларининг моддий-техник базасига ҳам тегишли баҳо берилди.

Партиямизнинг маҳаллий Кенгаш депутатлари томонидан туманлар, шаҳардаги “Ягона дарча” марказларига сўнгги 5 йил давомида ўз фаолиятини тугатган давлат ва хўжалик бошқаруви органи ҳамда хўжалик юритувчи субъектлар рўйхатини олиш бўйича 60 та, жиноят ишлари бўйича судларга 12 та сўров чиқарилди. Олинган жавоблар асосида архив муассасаларининг иши ўрганилди.

Маълум бўлишича, вилоятда 2012-2017 йилларда 21735 та ташкилот тугатилган бўлса, улардан фақат 9127 тасининг ҳужжатлари архив муассасаларига топширилган. Оқибатда фуқаролар меҳнат фаолиятига оид маълумотлар топилмаслиги каби ҳолатлар кўп учрамоқда. Ваҳоланки, Ўзбекистон Республикасининг “Архив иши тўғрисида”ги Қонуни ҳамда “Ўзбекистон Республикасида Архив ишини такомиллаштириш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 101-қарорида “Корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар тугатилган тақдирда уларнинг архив ҳужжатлари қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда тегишли давлат архивларига берилиши лозим”лиги қайд этиб ўтилган.

Вилоят бўйича жами 120 та ташкилотда ўрганиш олиб борилди. Шундан 60 таси бюджет ташкилоти бўлса, қолганлари хўжалик ҳисобидаги субъектлар ҳисобланади. Улардан атиги 75 тасида идоравий архиви барча талабларга мос ҳолатда эканлиги маълум бўлди. Шундан
55 таси бюджет, 20 таси эса хўжалик ҳисобидаги муассасалардир. 48 та ташкилотда идоравий архив учун алоҳида хона ажратилмаган.

– Сессияда муҳокама этилган масала юзасидан пухта ишланган қарор қабул қилди, — дейди халқ депутатлари вилоят кенгашидаги “Адолат” СДП гуруҳи аъзоси Авазшо Иброҳимов. — Унда аниқланган барча камчиликларни бартараф этиш юзасидан аниқ чора-тадбирлар белгиланган. Бундан ташқари, халқ депутатлари шаҳар ва туманлар Кенгашларига ҳам “Архив иши тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни талаблари жойларда қандай бажарилаётганлигини кўриб чиқиш тавсия этилди. Буларнинг ҳаммаси архив муассасаларининг фаолияти янада яхшиланишига ҳисса бўлиб қўшилади.

  Нурбек АБДУЛЛАЕВ,

Ўзбекистон “Адолат” СДП Наманган  вилоят Кенгаши

Матбуот хизмати котиби

 

 

Архивлар фаолияти – сессия муҳокамасида was last modified: Январь 15th, 2018 by matbuot

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »