Аёл ва она – эзгулик тимсоли

26 Январь, 17:28 • Аёллар қаноти, Тошкент вилояти, Янгиликлар • 41 марта кўрилди • Комментариев к записи Аёл ва она – эзгулик тимсоли нет

Куни кеча Қибрай туманидаги “Дўрмон” маданият саройида Ўзбекистон “Адолат” СДП Тошкент вилояти Кенгашининг “Аёллар қаноти” томонидан “Аёл ва она — эзгулик тимсоли” мавзусида маънавий-маърифий тадбир ташкил этилди. Унда туман “Аёллар қаноти” Кенгаши, туман Хотин-қизлар қўмитаси, “Дўрмон”, “Нурафшон” маҳаллаларининг хотин-қизлари, 6-умумтаълим мактабининг педагог аёллари, партия фаоллари иштирок этишди.

Тадбирда сўзга чиққанлар томонидан мамлакатимизда хотин-қизларнинг жамият ҳаётидаги мавқеини янада юксалтириш, уларни сиёсий жараёнларда фаоллигини ошириш, аёллар манфаатларини ҳимоялашга катта аҳамият қаратилаётгани таъкидлаб ўтилди. Дарҳақиқат, аёл эзгулик тимсоли. Боиси, жамиятда оиланинг барқарорлиги, фарзанд тарбияси, барча жабҳаларда улар эришаётган ютуқларнинг замирида миллатнинг бардавомлиги, юртнинг эртанги куни мужассам.

Партиянинг сайловолди дастурида ҳам хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилган. Хусусан, туманда “Аёллар қаноти” Кенгаши томонидан лойиҳалар доирасида ўтказиб келинаётган “Йилнинг энг фаол адолатчи аёли”, “Адолатли қайнона” кўрик-танловлари, мавзуга доир давра суҳбатлари аёллар манфаатларини ифода этишга қаратилган.

Вилоят Акромова, “Аёллар қаноти” вилоят Кенгаши раиси:

— Қибрай тумани “Аёллар қаноти” Кенгаши билан ҳамкорликда ўтказилган тадбиримизда хотин-қизлар ўртасида олиб борилаётган ишлар самарадорлигини ошириш, хусусан, туманда энг оғир ва муҳим масалалар бўлган ўз жонига қасд қилиш, жиноятчилик ва оилавий ажримларнинг олдини олиш юзасидан бажарилаётган чора-тадбирларнинг аҳамиятига алоҳида эътибор қаратилди. “Дўрмон” маҳалласининг бир қатор фаол аёллари томонидан бугунги куннинг долзарб муаммоларидан бўлган одам савдосида аёлларни жабрланишдан сақлаб қолиш, қайнона-келин муносабатларини акс эттирувчи саҳна кўринишлари намойиш этилди. Албатта, бундай бадиий чиқишлар, тушинтириш ишлари хотин-қизларимизни хушёрликка чақирса, уларнинг сиёсий фаоллигини кучайтиришга ундаса мақсадимизнинг бир қисмига эришган бўлар эдик.

Шунингдек, тадбирда “Дўрмон” маҳалласининг Хотин-қизлар масалалари бўйича маслаҳатчиси Дилбар Жўраева ўз фикрини билдирар экан, туманда аёлларнинг жамиятдаги мавқеини ошириш, барча жабҳалар ривожида фаол иштирокини таъминлаш борасида олиб борилаётган амалий ишлар, хотин-қизларнинг иқтидорини намоён этишлари учун кенг имкониятлар яратиб бериш, ҳаттоки, уй бекаси сифатида фарзандлар, набиралар тарбиясида бўлган аёлларнинг бирортаси ҳам маҳалла эътиборидан четда қолмаётганини таъкидлаб ўтди.

Тадбир давомида тумандаги 6-умумтаълим мактабининг ўқувчи ёшлари томонидан намойиш этилган аёлни улуғловчи куй-қўшиқлар, шеърий саҳналар йиғилганларга кўтаринкилик бағишлади. Албатта, партиянинг “Аёллар қаноти” вилоят Кенгаши томонидан ўтказилаётган манашундай тадбирлар хотин-қизларнинг жамият ҳаётида тутган ўрнида ўзининг ижобий самарасини бермай қолмайди.

Зулайҳо ЧЎЛПОНОВА,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Тошкент вилояти Кенгаши

матбуот котиби

Аёл ва она – эзгулик тимсоли was last modified: Январь 26th, 2018 by matbuot

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »