Бахти бутун бўлган фуқаролар

4 Январь, 16:25 • Андижон вилояти, Тадбир, Янгиликлар • 82 марта кўрилди • Комментариев к записи Бахти бутун бўлган фуқаролар нет

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 28 ноябрдаги “Ўзбекистон Республикаси фуқаролигига қабул қилиш тўғрисида”ги Фармонида бир гуруҳ юртдошларимиз қаторида Андижон вилоятида яшовчи 15 нафар ҳамюртимиз номи ҳам қайд этилган эди. Янги йил арафасида уларга тантанали равишда фуқаролик паспортлари топширилди.

Тантанали тадбирда Ўзбекистон Республикаси Сенати аъзоси, Андижон вилояти ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов шахсни тасдиқловчи асосий ҳужжатнинг аҳамияти ҳақида сўз юритиб, ундаги “Паспорт Ўзбекистон Республикаси мулкидир. Ушбу паспортнинг эгаси Ўзбекистон Республикаси ҳимоясидадир”, деган сўзлар ўзбек ва инглиз тилларида битилганлиги юқоридаги фикрларни ифодалашини таъкидлаб ўтди.

Фуқаролик бахтига эришганларнинг қувончи чексиз. Уларнинг дил сўзларида шукроналик, юртга меҳр ўз ифодасини топган.

Фуқаро Абдувахоб Мирзаев 1993 йилда Қирғизистонда туғилган. Икки ёшида унинг оиласи Хонободга кўчиб келган. Ҳозирда Абдувахоб шаҳардаги “Ленс-текстиль инвест” қўшма корхонасида самарали меҳнат қилмоқда.

– Давлатимиз раҳбарининг инсон манфаатлари, унинг қадр-қимматини улуғлашга қаратилган сиёсати туйфайли бугун Ўзбекистон фуқароси, деган шарафли номга сазовор бўлиб турибман,-дейди Абдуваҳоб Мирзаев. – Юртбошимизга чин кўнгилдан миннатдорлик билдираман.

– Дарҳақиқат, фуқаролик – ҳеч қандай моддий мезон билан ўлчаб бўлмайдиган неъмат, – дейди Андижон шаҳрида истиқомат қилувчи Маликахон Маҳмудова. – Асли Қирғизистонда туғилган бўлсамда, шахс сифатида Андижонда шаклланиб, ҳаётда ўз ўрнимни топдим. Олий маълумотли бўлдим. Андижон шаҳридаги 35-давлат ихтисослаштирилган мактабида ишлайман. Бугунги шодиёна менинг ҳаётимда чиндан-да унутилмас воқеа бўлиб қолади.

Андижон вилояти ички ишлар бошқармаси миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бошқармаси катта инспектори, майор Жаҳонгир Исмоиловнинг маълумот беришича, 2017 йилда республика Президенти томонидан имзоланган фармонларга кўра 109 нафар Андижонда яшовчилар фуқаро бўлиш бахтига эришди.

Ўзбекистонни янада гуллаб-яшнашига муносиб ҳисса қўшиш Янги йил қўшалоқ шодиёнага айланган бахти бутун бўлган фуқароларнинг қалб амрига айланди.

Акбаржон НАЗАРОВ,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Андижон вилоят Кенгаши матбуот котиби 

Бахти бутун бўлган фуқаролар was last modified: Январь 4th, 2018 by matbuot

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »