Бола соғлиги – юрт қувончи

4 Январь, 16:18 • Бухоро вилояти, Муносабат, Янгиликлар • 161 марта кўрилди • Комментариев к записи Бола соғлиги – юрт қувончи нет

Мустақиллик йилларида юртимизда она ва болалар соғлиғига жуда катта эътибор қаратилиб, бу борада қатор амалий ишлар, чора-тадбирлар бажарилди. Соғлом болалар туғилиши, ҳомиладор аёллар ва чақалоқларда патологияни барвақт аниқлаш учун замон талабига жавоб берадиган шароитлар яратилди. “Она ва бола скрининг” марказлари ташкил этилди. Тиббиёт муассасаларининг моддий-техник базаси янгиланди, кадрлар салоҳияти шаклланди. Жойларда патронаж хизматига юксак эътибор қаратилди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан 2017 йилнинг 25 декабрида “2018-2022 йиллар даврида болаларда туғма ва ирсий касалликларни барвақт аниқлаш Давлат дастури тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Ушбу қарорнинг тасдиқланганлиги тиббиёт соҳасида яна бир қатор янгиланишлар учун йўл очиб беради.

Тиббиёт ходими сифатида айтишим жоизки, бугунги кунда болалар орасида туғма касаллик билан туғилаётганлар йўқ эмас. Сабаби жиҳатидан таҳлил этадиган бўлсак, албатта, яқин қариндошлик ёки ирсий касаллик билан чалинганларнинг орасидаги никоҳ ана шундай салбий оқибатларга олиб келади.

Баъзида ўйланиб қолади киши – ахир айб болада эмаску, деб!!! Айни мана шунинг олдини олиш мақсадида тиббиётда қатор ўзгаришлар қилинди. Оналар ва болалар соғлиғини ҳар томонлама мустаҳкамлаш, соғлом авлод туғилиши ва уни тарбиялаш учун зарур шарт-шароитларни шакллантириш, ҳомиладор аёллар ва чақалоқларда патологияни барвақт аниқлаш давлат тизимини янада ривожлантириш, болаларда ногиронликни камайтириш, шунингдек, “Она ва бола скрининг” марказларининг кадрлар салоҳияти ва моддий-техника базасини ривожлантириш, мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилди ва шу мақсад йўлида қабул қилинган ушбу ҳужжатда аниқ вазифалар, устувор йўналишлар белгилаб берилди.

Жумладан, ҳужжат билан танишар эканмиз, унда ҳомиладорликнинг дастлабки уч ойида аёлларни марказий кўп тармоқли туман (шаҳар) поликлиникаларида туғишдан олдин оммавий текшириш ва хавф гуруҳига кирадиган ҳомиладор аёлларда генетик синдромларни биокимёвий текширишни босқичма-босқич жорий этиш йўли билан ҳомилада туғма ва ирсий касалликларнинг олдини олиш ва уларга барвақт ташхис қўйиш чора-тадбирларини такомиллаштириш, болаларда ирсий касалликларга барвақт ташхис қўйиш усулларини такомиллаштириш орқали чақалоқларни оммавий текшириш, шунингдек, бемор болаларни дори воситалари ва даволайдиган овқатлар билан таъминлаш орқали ирсий касалликларни даволаш самарадорлигини ошириш,“Она ва бола скрининг” марказларининг кадрлар салоҳиятини мустаҳкамлаш ва амалий соғлиқни сақлашга замонавий жаҳон тажрибасини жорий этган ҳолда халқаро ҳамкорликни амалга оширишга алоҳида эътибор қаратиш зарурлиги таъкидланган.

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг Нукус, Самарқанд, Фарғона вилоятлари қатори Бухорода ҳам “Она ва бола скрининг” марказларида минтақалараро цитогенетик лабораториялар ташкил этиш, уларни юқори технологик тиббиёт диагностика ускуналари билан жиҳозлаш белгиланган. Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигига қатор ташкилотлар билан ҳамкорликда тадбирлар олиб борилиш вазифаси белгилаб берилган. Бу эса фуқароларнинг тиббий маданиятини шакллантиришда, она ва болалар соғлиғига эътибор билан ёндашишга, туғма ва ирсий касалликларнинг олдини олишда хизмат қилади.

Қарорда Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва “Соғлом авлод учун” халқаро нодавлат хайрия жамғармаси Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги, Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги ва бошқа оммавий ахборот воситалари билан биргаликда аҳоли орасида туғма ва ирсий касалликларга чалинган болалар туғилишининг олдини олиш зарурлиги тўғрисида кенг тушунтириш ишларининг ташкил этилиши таъкидланар экан, бу эса ўзбекистонликлар учун жуда катта имконият эканлигини англаш мумкин.

Бола қувончи – юрт қувончи. Шундай экан, ҳар биримиз она ва болалар соғлиғига эътиборли бўлишимиз керак. Турли касалликларнинг олдини олишда жонбозлик кўрсатмоғимиз муҳим. Айни вақтда давлатимиз раҳбари томонидан қабул қилинган ушбу қарор моҳиятини тўла англаган ҳолда берилган имкониятлардан унумли фойдаланмоғимиз олдимизда турган энг муҳим вазифалардан биридир.

Маҳмуд НАБИЕВ,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

халқ депутатлари

Бухоро туман Кенгаши депутати

Бола соғлиги – юрт қувончи was last modified: Январь 4th, 2018 by matbuot

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »