Депутат мурожаатларни ўрганишда давом этмоқда

18 Январь, 11:22 • Депутат минбари, Фарғона вилояти, Фракция, Янгиликлар • 42 марта кўрилди • Комментариев к записи Депутат мурожаатларни ўрганишда давом этмоқда нет

Маълумки, айни кунларда вилоятимиз ва унинг туман-шаҳарларида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати Умид Сулаймонов сайловчилар билан юзма-юз равишда сайёр учрашувлар олиб бормоқда.

Куни кеча Қўштепа туманида бўлиб ўтган учрашув ҳам ҳудуддаги “Лангар”, “Қумтепа”, “Болтакўл”, “Оқтепа” қишлоқлари аҳолиси учун фойдали бўлди. Сабаби, У.Сулаймонов мулоқотда сайловчилар билдирган таклиф ва муаммолар юзасидан “Лангар” қишлоғидаги туман ИИБ миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлимида бўлди. Бу ерда навбат кутаётган одамлар учун яратилган қулайликлар билан яқиндан танишди.

Бўлимда аҳолига хизмат кўрсатиш ишлари яхши йўлга қўйилган, лекин кутиш залининг торлиги кўпчиликка ноқулайлик туғдираётгани аниқланди. Бу бўйича тез фурсатда У.Сулаймонов туман ички ишлар бўлимига депутатлик сўрови киритди. Кўп вақт ўтмай депутатнинг назорати натижа берди ва эндиликда ички ишлар бўлими томонидан фуқароликни расмийлаштириш чоғида тирбандлик юзага келмаслиги учун кутиш залини ташкил этиш ишлари бошлаб юборилди.

Шунингдек, “Лангар” қишлоғида фаолият юритаётган бу бўлим туман марказидан 8-10 км узоқликда жойлашгани, айниқса, “Қумтепа”, “Болтакўл”, “Оқтепа” қишлоқлари аҳолиси учун ортиқча оворагарчилик келтириб чиқараётгани маълум бўлди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати Умид Сулаймонов мазкур ҳолат юзасидан туман ички ишлар бўлимига юқоридаги муаммони бартараф этиш бўйича тегишли таклифлар берди. Яъни “Қумтепа” қишлоғи ҳудудида жойлашган милиция таянч пункти қошида фуқароликни расмийлаштириш бўлимининг шаҳобчасини ташкил этиш бўйича ўз тавсияларини билдирди. Ҳозирда туман ички ишлар бўлими билан ҳамкорликда ушбу шаҳобчани ташкил этиш ишлари олиб борилмоқда.

Депутатнинг вилоятдаги учрашувлари ва мана шундай самарали ишлари давом этмоқда.

Комила ИСРАИЛОВА,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Фарғона вилоят Кенгаши

 матбуот котиби

Депутат мурожаатларни ўрганишда давом этмоқда was last modified: Январь 20th, 2018 by matbuot

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »