Депутатлик гуруҳи фаолиятини самарали ташкил этиш муҳим вазифа

27 Январь, 15:45 • Семинар, Тошкент шаҳри, Янгиликлар • 228 марта кўрилди • Комментариев к записи Депутатлик гуруҳи фаолиятини самарали ташкил этиш муҳим вазифа нет

Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси Тошкент шаҳар Кенгаши томонидан “Бунёдкор” футбол клубида “Партиянинг халқ депутатлари маҳаллий кенгашларидаги партия гуруҳлари фаолиятини самарали ташкил этиш” мавзусида ўқув-семинар ўтказилди. Унда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикер ўринбосари Н.Умаров, Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши Марказий аппарати ва Тошкент шаҳар Кенгаши масъул ходимлари, ижрочи котиблар, халқ депутатлари Тошкент шаҳар ва туман Кенгашлари депутатлари иштирок этди.

Семинарда мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар жараёнида вакиллик органлари, депутатлар фаолиятини янги босқичга кўтариш, барча соҳада ташаббускорлик кўрсатиш муҳим масала эканига эътибор қаратилди.

2017 йил 24 декабрда пойтахтимизда халқ депутатлари туман Кенгашларига сайлов муваффақиятли ўтказилиб, сайлов натижаларига кўра Тошкент шаҳар халқ депутатлари туман Кенгашларига Ўзбекистон “Адолат” СДПдан 37 нафар номзод депутат этиб сайланди.

Наримон Умаров, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикер ўринбосари, Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши раиси:

— Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан Тошкент шаҳрида халқ депутатлари туман Кенгашлари таъсис этилиши Тошкент шаҳри аҳолисига ўзлари сайлаган вакиллари орқали муаммоларни ҳал этиш имкониятини яратиб берди. Ҳар бир туман, маҳалладаги муаммоларни шу ҳудудда яшаган фуқарогина яхши билади. Шундай экан, Тошкент шаҳар туманларида халқ депутатлари Кенгашларига сайланган депутатлар аҳоли билан мулоқот ўрнатиш асосида ҳудудни ривожлантиришга ўзларининг муносиб ҳиссаларини қўшишлари зарур.

Эндиликда олдимизда турган муҳим масала депутатлик гуруҳи фаолиятини самарали ташкил этиш ҳисобланади. Шу боис, Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёевнинг Олий Мажлисга Мурожаатномаси ҳамда “Парламентимиз ҳақиқий демократия мактабига айланиши, ислоҳотларнинг ташаббускори ва асосий ижрочиси бўлиши керак” номли маърузасида сиёсий  партиялар фаолиятига танқидий баҳо берганидан келиб чиқиб, Тошкент шаҳар халқ депутатлари туман Кенгашлари депутатларининг малакасини ошириш, депутатлик ваколатларидан тўлақонли фойдаланиш, партиянинг сайловолди дастури ижросини таъминлашда уларнинг сиёсий кўникмаларини шакллантириш масалалари бирламчи вазифа саналади.

Равшан Талипов, Ўзбекистон “Адолат” СДП Тошкент шаҳар Кенгаши раиси:

— Пойтахт туманларида маҳаллий Кенгашлар фаолияти йўлга қўйилиши долзарб масала ҳисобланади. Эндиликда депутатлик гуруҳи орқали ҳудудлардаги ижтимоий-иқтисодий масалаларни самарали ҳал этишда, туманлар даражасида маҳаллий бюджетни ишлаб чиқиш, қабул қилиш ва ижросини назорат қилишда бу муҳим аҳамиятга эга. Шу билан бирга туман Кенгашлари сессиясида маҳаллий давлат органлари мансабдор шахсларининг ҳисобот ва ахборотларини эшитиш бу орқали ўз фикр ва тавсияларини билдириш, муҳим қарорлар қабул қилиш имконини беради. Шунингдек, туман Кенгашида депутатлик гуруҳлари тузилиши сиё­сий партиялар янада тўлақонли фао­лият олиб боришига ҳамда электоратни ўйлантираётган муаммо ҳамда камчиликларни чуқурроқ ўрганиб, барча жабҳада қонун устуворлигини таъминлашда жамоатчилик иштирокини кенгайтириш, ислоҳотлар самарадорлигини юксалтиришда депутатлик назорати таъсирчанлигини оширишга хизмат қилади.

Партия қошида Тошкент шаҳри ҳисобида 400 га яқин бошлан­ғич ташкилотига эгамиз. Сайлов натижалари улар билан ҳамкорлик алоқаларини янада яхшилаш, аҳоли орасига чуқур кириб бориш кераклигини кўрсатди. Аҳолининг жамиятдаги муаммоларидан хабардор бўлиб, партия фаоллари томонидан мунтазам равишда ҳафтанинг чоршанба кунида халқ билан мулоқот олиб боришни янада кучайтириш зарурлигини кўрсатди.

Шунингдек, партия Тошкент шаҳар Кенгаши ходимлари кутилган натижага эриша олмагани партия мутахассислари ва фаоллари ўз устида кўп ишлаши, малакасини ошириб бориши, хато ва камчиликлардан тўғри хулоса чиқаришиш зарурлигини кўрсатди.

Бундан ташқари, партия кенгашларининг ижрочи котиблари депутатлик гуруҳлари фаолиятини, нуқтаи-назарини маҳаллий ижро ҳокимиятида ҳимоя қилишни ташкил этади. Кўриб чиқилаётган масалалар юзасидан гуруҳнинг ягона позициясини ишлаб чиқади, аъзолар фаолиятини мувофиқлаштиришга кўмаклашади, тармоқлар бўйича дастурлар тайёрлаш ва маҳаллий қарорларни муҳокама қилиш жараёнида партия нуқтаи-назари, электорат манфаатлари эътиборга олинишида ҳам муҳим ўрин тутади. Демак, ижрочи котиб имкониятларидан кенг ва унумли фойдаланиш зарур. Партия гуруҳлари ижрочи котибларининг билим ва кўникмаларини шакллантириш ҳам долзарб вазифадир.

Шоҳрух Мамажонов, халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгаши депутати:

— Ушбу тизимли ташкил этилаётган ўқув-семинарлар Ҳаракатлар стратегияси асосида ишни тўғри ташкил этиш ва бу борада аниқ режага эга бўлиш имконини яратиб, партиянинг сиёсий майдонда эркин рақобат қилишини таъминлашда бугунги куннинг ўткир талабларига жавоб берадиган, партиянинг эртанги кунини таъминлаш йўлида хизмат қиладиган сиёсий жиҳатдан етук билим ва салоҳиятга эга,  замон билан ҳамнафас фаолият олиб борадиган депутатларни тайёрлаб беради.

2018 йил “Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили”да қуйи ташкилотлар, халқ депутатлари маҳаллий Кенгаш депутатлари ҳамда партия фаоллари билан ҳамкорликда ишни ташкиллаштириш, халқ билан мулоқот жараёнида билдирилган таклиф ва муаммоларни тизимли ўрганиб, уларнинг ечими юзасидан мутасадди ташкилотларга депутатлик сўрови чиқариш, шунингдек, сессияларга масала киритишда фаоллик кўрсатишимиз зарур. Зиммамиздаги масъулиятли вазифаларни бажариш учун вақт қисқа, ўтган давр мобайнидаги фаолиятдан тўғри хулоса чиқарган ҳолда, халқ билан мулоқотни мунтазам равишда олиб бориш, ташаббус ва фаолликни ишимизнинг мезонига айлантириш орқали 2019 йилда бўлиб ўтадиган Олий Мажлис Қонунчилик палатаси, халқ депутатлари вилоят, шаҳар ва туман Кенгашлари сайловида кўпчилик ўринни эгаллашни мақсад қилиб, биргаликда ҳаракат қилишимиз лозим.

Иброҳим Сагатов, Тошкент шаҳар халқ депутатлари Миробод туман Кенгаши депутати, Тошкент фармацевтика институти академик лицей директори:

— Халқ депутатлари Миробод туман Кенгашига депутат сифатида сайланганимга бир ой бўлди. Таълим соҳасини янада ривожлантириш, ёшлар билим ва кўникмаларини янада кучайтириш, таълимда миллий ўзига хосликдан келиб чиқиб, халқаро тажрибани жорий этиш каби масалаларни амалга оширишни мақсад қилганман. Шулар асосида депутатлик фаолиятимни йўлга қўймоқчиман. Яъни, мактаб, лицей ва коллеж ўқувчиларининг қизиқишларини ўрганиш, уларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш, шунингдек, ёшлар бандлигини таъминлаш юзасидан муаммо ва камчиликлар билан боғлиқ масалаларни ўрганиб, таклифлар ишлаб чиқмоқчиман.

Ўзим раҳбарлик қилаётган таълим муассасида ёшларнинг таълим-тарбия олиши ҳамда спорт билан мунтазам шуғулланишига эътибор қаратамиз. Хусусан, муассасамизда таҳсил олаётган 603 нафар ўқувчилар билан янада кўпроқ ишлашимиз керак. Зеро, таълим ҳаётнинг ажралмас қисми ҳисобланишини инобатга олсак, катта ҳаётга қўйилган дастлабки қадам қандай бўлиши инсон келажагини ҳал этиши шубҳасиз. Шу боис, бугун ёшлар учун яратилган шароитлар барчага баробар эканини, имкониятлардан ўз вақтида ҳамда  самарали фойдаланиш кераклигини, ёш авлодга тушунтириш, қизиқишларини рағбатлантириш масалаларига ҳам алоҳида аҳа­мият беришимиз лозим.

Кун тартибидаги масалалар доирасида депутатларнинг ўз сайлов округларида ишларни самарали ташкил этиш, сайловчилар мурожаатларини кўриб чиқиш, ҳудудда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурларини амалга оширишда депутатлик бирлашмаларини туман ва бошланғич партия аъзолари билан алоқаларини такомиллаштириш борасида фикр-мулоҳазалар билдирилди.

Семинар давомида шу ва бошқа масалалар атрофлича муҳокама этилиб, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлардаги партия гуруҳлари иш самарадорлигини ошириш ва улар фаолиятини такомиллаштириш, партия гуруҳлари аъзоларининг касбий маҳоратини ошириш, қабул қилинаётган қонун лойиҳаларининг ҳаётийлигини таъминлаш юзасидан таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилди.

Феруз ЖЎРАЕВ,

Тошкент шаҳар Кенгаши Матбуот котиби

Депутатлик гуруҳи фаолиятини самарали ташкил этиш муҳим вазифа was last modified: Январь 27th, 2018 by matbuot

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »