Дўкон эгаси ўз хатосини тан олди ва истеъмолчи ҳуқуқи тикланди

29 Январь, 12:36 • Депутатлик гуруҳи, Самарқанд вилояти, Янгиликлар • 103 марта кўрилди • Комментариев к записи Дўкон эгаси ўз хатосини тан олди ва истеъмолчи ҳуқуқи тикланди нет

Биз барчамиз истеъмолчимиз. Бизга ҳамиша нимадир керак. Кун давомида зарур товар ва маҳсулотларни харид қиламиз, иш ва хизматлардан фойдаланамиз. Уларнинг бугун тури ҳам, кўлами ҳам кенгайиб кетган. Танловимиз ҳар доим ҳам тўғри бўладими? Ҳуқуқларимиз қайси ҳолларда поймол этиляпти ва биз бунинг қонуний чораларини кўряпмизми? Албатта, бугун кишилар ўз ҳақ-ҳуқуқларини яхши англаб бормоқдалар. Ўзларининг ҳақ-ҳуқуқлари поймол этилганда, дарҳол унинг қонуний чорасини кўришга интиламоқдалар, ўзларини ўйлантираётган муаммо юзасидан барча ташкилотларга ҳеч қандай қийинчиликларсиз мурожаат қилиб, белгиланган муддатда мурожаатларига жавоб олишга эришмоқдалар. Айниқса, Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев такрор ва такрор таъкидлайдиган “Халқ давлат идораларига эмас, балки давлат органлари халқимизга хизмат қилиши керак” деган эзгу тамойил тоборо давлат сиёсатининг энг устувор йўналишларидан бирига айланганини Ўзбекистон “Адолат” СДПнинг асосий ҳамкорларидан бири бўлмиш Ўзбекистон Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси фаолияти мисолида ҳам кўришимиз мумкин.

Шу ўринда қайд этиш жоизки, Ўзбекистон Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерациясининг мақсад ва вазифаси моҳиятан Ўзбекистон “Адолат” СДПнинг дастурий мақсадлари билан ҳамоҳангдир. Хусусан, жамиятда адолат тамойиллари бузилишига йўл қўймаслик, истеъмолчи, яъни фуқароларни сифатсиз маҳсулот ёки хизматдан ҳимоя қилишга ҳисса қўшиш ҳар иккала жамоат ташкилотини умумлаштириб турувчи устувор мақсад десак, муболаға бўлмайди. Шу боисдан ҳам, мана бир неча йилдирки, партиянинг Самарқанд вилоят Кенгаши ҳамда федерациянинг Самарқанд вилоят бирлашмаси билан жойларда истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилишга оид миллий қонунчиликни тарғиб қилиш, аҳолининг истеъмол маданиятини оширишга доир турли хил маърифий тадбирлар, давра суҳбатлари, ўқув-амалий семинарлар ўтказиш билан бир қаторда аҳоли билан олиб борилаётган юзма юз мулоқотларда кўтарилаётган муаммолар, “Адолат” қабулхоналарига келаётган мурожаатларни ижобий ечимини топишда самарали ҳамкорлик қилиб келмоқда. Хусусан, Самарқанд туманида истиқомат қилувчи Д.Маннонов замонавий телевизорга эга бўлишни анчадан бери орзу қиларди. Етарли маблағ тўплагач, уни харид қилиш мақсадида Самарқанд шаҳри ҳудудидаги “Мармар” бозорига келди ва бу ердан  оз эмас, кўп эмас 3 млн 200 минг  (уч миллион икки юз минг ) сўмга “Artel” русумли телевизор харид қилди. Уни ҳамма қоидалари билан хонадонига ўрнатди. Энди ниятимга етдим, деб хурсанд бўлганида, икки кун ўтар ўтмас, ойнаи жаҳоннинг носозлиги маълум бўлди. Зудлик билан дўкон эгасига учради ва вазиятни маълум қилди. Афсуски, чучварани хом санаган экан. Дўкондагилар уни эшитишни ҳам исташмади. Шундан сўнг у Республика Бош Прокурорининг ишонч телефонига мурожаат қилади. Мазкур шикоят Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерациясининг Самарқанд вилоят ҳудудий бирлашмаси ходимлари ҳамда халқ депутатлари Самарқанд шаҳар Кенгаши депутати Инобат Ҳасанова томонидан ўрганиб чиқилди. Дўкон ва унинг ходимларига Қонун ҳужжати шарҳлаб берилди. Шундан сўнг дўкон эгаси ўз хатосини тан олди ва истеъмолчи ҳуқуқи  тикланди.

Самарқанд шаҳридаги Сўғдиёна–Кафтархона йўналиши бўйича қатнайдиган 41, 91, ва 92 автобуслари бекатларда белгиланган меъёрдан кўп муддат туриб қолаётгани, ҳайдовчиларнинг йўловчилар билан қўпол муомала қилаётгани, шунингдек уларнинг ахлоқ қоидаларига зид ҳатти-ҳаракатлари оқибатида баъзи ҳолларда йўловчиларнинг ҳаёти хавф остида қолаётгани хусусида Самарқанд шаҳрида истиқомат қилувчи Н.Норова ИҲҲҚЖФнинг Самарқанд вилоят ҳудудий бирлашмасига мурожаат қилди.

Мазкур мурожаат юзасидан Халқ депутатлари Самарқанд шаҳар Кенгашиидаги “Адолат” СДП депутатлик гуруҳи томонидан  депутатлик сўрови киритилиб, “Самарқанд ҳамкор транс” масъулияти чекланган жамиятининг йиғилиши ташкил этилди ва мурожаатда келтирилган муаммолар муҳокама этилди. Йиғилишда  бу муаммоларни бартараф этиш, бу каби нохуш ҳолатлар бошқа такрорланмаслиги, автобусларнинг белгиланган график асосида ҳаракатланишини таъминлаш ва назоратга олиш юзасидан қатъий чора тадбирлар белгиланди.

Дарҳақиқат, юртимизда инсон ҳуқуқ ва манфаатлари ҳар нарсадан устун. Ҳар бир инсон яшаш ҳуқуқига эга. Яшаш ҳуқуқи эса, ўз навбатида, бошқа турдош ҳуқуқлар қатори инсоннинг истеъмолчи сифатидаги ҳуқуқларини ҳам юзага келтиради. Шундай экан, биз, сиёсий кучнинг ҳар бир фаоли коммунал хизмат кўрсатиш соҳаларида учраётган муаммоларни бартараф этиш, истеъмол бозорида сифати паст товарлар сотилишига йўл қўймаслик устидан жамоатчилик назоратини кучайтиришда ҳар қачонгиданда ташаббускор бўлиш кун тартибимиздаги энг устувор вазифа эканлигини унутмайлик.

Гулчеҳра БЕРДИЁРОВА,

партия фаоли,

Самарқанд вилояти ИҲҲҚЖ

ҳудудий бирлашмаси матбуот сектори бошлиғи

Дўкон эгаси ўз хатосини тан олди ва истеъмолчи ҳуқуқи тикланди was last modified: Январь 29th, 2018 by matbuot

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »