Ечимини кутаётган муаммо ва камчиликлар сессия кун тартибида

23 Январь, 17:51 • Сессия, Фарғона вилояти, Янгиликлар • 202 марта кўрилди • Комментариев к записи Ечимини кутаётган муаммо ва камчиликлар сессия кун тартибида нет

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ва Сенати аъзолари 13 январдан бошлаб белгиланган жадвал асосида Фарғона вилоят ҳудудларидаги шаҳар ва туманларда бўлишиб аҳолининг ижтимоий-иқтисодий ривожланиши борасидаги ҳақиқий аҳволни ўрганишди.

Жумладан, Ёзёвон туманида Қонунчилик палатаси депутатлари ва Сенат аъзолари томонидан аҳоли билан доимий мулоқот ўрнатиш, туманни ривожлантиришнинг муҳим вазифаларини ҳал этиш, аҳолини ташвишлантираётган муаммоларни бартараф этиш борасида амалга оширилаётган ишларнинг ҳақиқий ҳолати ўрганилди. Депутатлар дастлаб хонадонлардаги, сўнг соҳалардаги мавжуд муаммоларни ўрганиб, таҳлил қилдилар.

Умиджон Сулаймонов, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати:

“Хонадонларда ташкил этилаётган мулоқотлар билан бир қаторда ҳудудда жойлашган фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, таълим ва тиббиёт муассасалари, савдо ва маиший хизмат, коммунал соҳа объектлари, тадбиркорлик субъектлари билан учрашилди ҳамда уларнинг фаолияти билан яқиндан танишиб, мавжуд муаммоларни аниқлаган ҳолда, уларни бартараф этиш юзасидан тегишли чоралар кўрилди.

Туман даражасида ҳал этилиши лозим бўлган 131 та масалани ҳал этиш юзасидан тегишли маҳаллий давлат органлари ва бошқа ташкилотларга кўрсатмалар берилди ҳамда уларнинг бажарилиши назоратга олинди.”

Соғлигидан шикоят қилиб мурожаат этган шахслар юзасидан туман тиббиёт бирлашмаси томонидан ишчи гуруҳ шакллантирилиб,  депутатлар томонидан кўрсатилган манзиллар доирасида барча мурожаатлар ўрганилди: 5 нафар фуқарога гуруҳ ногиронлиги тайинлаш бўйича ҳужжатлари расмийлаштирилди, 7 нафар фуқаро туман касалхонасига ва 5 нафар фуқаро вилоят касалхоналарига даволаш учун ётқизилди, 2 нафар ногиронлиги бўлган фуқароларга ногиронлик аравачаси берилди.

Бундан ташқари, ҳудудларда аҳолини ўйлантираётган 18 та вилоят ва 17 та республика даражасида ҳал қилиниши талаб этиладиган, жумладан, йўлларни таъмирлаш, аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш, канализация қуриш тармоғини ўтказиш, чегара билан боғлиқ муаммолар, ҚВП ва ҚОПларни, шошилинч тез тиббий ёрдам бўлимини зарур тиббий асбоб ускуналар билан, мактабларни компьютер жамланмалари билан таъминлаш, тадбиркорлик фаолиятини бошламоқчи бўлган тадбиркорларга кредит ва ер ажратиш каби масалаларни ечиш чоралари депутатлар ва сенаторлар томонидан ўрганилмоқда ва таҳлил қилинмоқда.

Ўрганиш якунлари бўйича туман кенгаши сессияси ўтказилиб, унда алоҳида чора-тадбирлар дастури тасдиқланди ҳамда ушбу дастурнинг амалга оширилиши юзасидан парламент назорати ўрнатилди.

Сессия ишида 250 га яқин иштирокчилар, жумладан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик Палатаси Спикер ўринбосари Хатамжон Кетмонов, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси масъул ходими Отабек Ибрагимов, Вилоят ҳокимининг ўринбосари Илхомжон Носиров ҳамда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик Палатаси  депутатлари, Олий Мажлис Сенати аъзолари иштирок этди.

Шунингдек, сессия ишида тегишли ташкилот, корхона ва муассаса бошлиқлари, маҳалла фуқаролар йиғинлари раислари, сиёсий партиялар раҳбарлари, оммавий ахборот воситаларининг масъул вакиллари иштирок этишди.

Халқ депутатлари Ёзёвон туман Кенгаши раиси ўринбосари Т.Тўрақулов, йиғилиш иштикрочиларини кун тартибига қўйилган масалалар билан таништириб ўтди. Бунда биринчи масала сифатида ҳудудни ривожлантиришнинг энг муҳим вазифаларини ҳал этиш, фуқароларни ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлашга доир ўтказилган ўрганиш ишлари натижалари таҳлил этилди. Шу билан бирга, туманда аҳолига тиббий-санитария хизмати кўрсатиш сифатини яхшилаш борасида амалга оширилаётган ишлар аҳволи ва жорий ҳолат тўғрисида туман тиббиёт бирлашмаси бошлиғи Дониёр Абдуллаевнинг ҳисоботи тингланди.

Кун тартибидаги биринчи масала юзасидан Олий Мажлис Қонунчилик Палатаси депутати, ишчи гуруҳ раҳбари Содиржон Жакбаров сўзга чиқди ва ҳудудни ривожлантиришнинг энг муҳим вазифаларини аниқлаш, барча соҳаларга туб ислоҳотлар ва инновация олиб кириш,  фуқароларни ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлашда халқ депутатлари туман Кенгаши масъулиятини ошириш борасида ишчи гуруҳ хулосаларини изоҳлаб берди.

Ўрганиш ва мулоқотлар туман аҳолиси учун самарали бўлди. Натижада аҳоли томонидан уларни ўйлантираётган ва ўз ечимини кутаётган турли муаммо ва камчиликлар юзасидан жами 258 та масала кўтарилди. Мазкур масалалар таҳлили шуни кўрсатмоқдаки, улар асосан, уй-жой-коммунал, соғлиқни сақлаш, транспорт ва йўл қурилиши, банк-кредит, аҳоли бандлиги, тадбиркорлик, таълим, пенсия ва нафақа таъминоти, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат органлари фаолияти каби соҳаларга тааллуқлидир.

Сессияда депутат ва сенаторлар томонидан ўрганилган барча масалалар муҳокама қилиниб, тегишли қарор қабул қилинди ва галдаги бажарилиши лозим бўлган чора-тадбирлар белгилаб олинди.

Комила ИСРАИЛОВА,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Фарғона вилоят Кенгаши

 матбуот котиби

Ечимини кутаётган муаммо ва камчиликлар сессия кун тартибида was last modified: Январь 23rd, 2018 by matbuot

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »